Ўзбекистон | 16:57 / 06.10.2025
4368
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сунъий интеллектни қўллаш учун суперкомпютер кластери ташкил этилади

Шавкат Мирзиёев сунъий интеллектни тезроқ ривожлантириш учун илғор тажрибаларни ўзлаштириш бўйича топшириқ берди. Сунъий интеллект соҳасида замонавий ҳисоблаш қувватларини яратиш, дата-марказлар қуриш ва бунга инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорлар учун жозибадор муҳит яратиш кўзда тутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябр куни Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Маълум қилинишича, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этиш мақсадида 50 млн доллар ажратилган. Соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология ва молия соҳаларини қамраб олган 86 та лойиҳа шакллантирилган.

Ҳозирда сунъий интеллектни қўллаш учун зарур ҳисоблаш имкониятларини яратиш мақсадида “суперкомпютер кластери”ни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

“Сунъий интеллектни тезроқ ривожлантириш учун доимий равишда илғор, ўзини оқлаган хорижий ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиб бориш зарур. Бунинг учун соҳада самарали фаолият юритаётган ватандошларимиз, хорижий экспертлар ва хусусий сектор билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш керак”, – деди президент.

Тақдимотда сунъий интеллект соҳасида замонавий ҳисоблаш қувватларини ўзимизда яратиш, маълумотлар марказларини қуриш ва бунга инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорлар учун жозибадор муҳитни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Сунъий интеллектни ривожлантиришда энг муҳим омил – малакали кадрлар тайёрлаш. Бу ишларни мактаблардан бошлаш, информатика ўқитувчиларини қайта тайёрлаш, янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Соҳада кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш мақсадида кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” миллий дастури доирасида ёшлар учун aistudy.uz ва omp.aistudy.uz платформалари ишга туширилди, уларда СИ бўйича 5 та бепул онлайн ўқув дастури йўлга қўйилган. Дастур доирасида 2027 йилга қадар 1 миллион нафар ёш сунъий интеллект соҳасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлади.

Ёшларнинг истиқболли лойиҳаларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун барча ҳудудларда Сунъий интеллект хакатони йўлга қўйилади. Шу кунларда Нукус шаҳрида соғлиқни сақлаш бўйича “HealthTech AI Hackathon” мусобақаси муваффақиятли ўтказилди. Бу тажрибани кенгайтириб, таълим, суд тизими, сув хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларида ҳам ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Маълумот учун, ўтган йили Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси қабул қилинган ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида махсус марказ ташкил этилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид