Ўзбекистон | 12:35 / 16.03.2022
42925
1 дақиқада ўқилади

Қизлар учун магистратура текин – бу имтиёз барча магистрант қизлар учунми ёки фақат янги қабул қилинадиган талабалар учунми?

Kun.uz айни пайтда магистратуранинг 1-босқичида ўқиётган, кейинги йил 2-босқичга ўтадиган талабаларнинг ҳам магистратура пули қопланиш-қопланмаслиги ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан маълумот олди.

Вазирлик матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, кейинги йил магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракти давлат томонидан қопланади, яъни келаси йил 2-босқич талабаси бўладиган хотин-қизларнинг ҳам ўқиши текин бўлади.

“7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз қоплаб берилиши белгиланган.

Унда 2022/2023 ўқув йилидан тўлов контракт асосида 1-босқичга қабул қилинадиган ҳамда ушбу ўқув йилида 2-босқичга ўтган магистр хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз қоплаб берилиши назарда тутилган”, дейилади вазирлик Kun.uz’га тақдим этган маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, хотин-қизларнинг магистратурада ўқиш харажатларини қоплаш учун давлат томонидан 23 минг нафар қизга 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Мавзуга оид