Таълим | 13:01 / 09.01.2026
1178
2 дақиқада ўқилади

Давлат стипендияларини тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан магистратура мутахассислиги ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун Ўзбекистон президенти ва номли давлат стипендияларини тайинлаш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилди. 

Фото: Kun.uz

Қарорга мувофиқ, президент ва номли давлат стипендияларига талабгорларнинг ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тиллар бўйича билим ҳамда кўникмалари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигида (ҳудудлар бўйича) махсус тест синовлари орқали баҳоланиши белгиланди

Янги тартибга кўра:

  • тест синовлари бўйича ўтиш баллининг қуйи чегараси тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизи этиб белгиланади; 
  • 55 фоиздан паст балл тўплаган, шунингдек, тест синовларига қатнашмаган талабгорлар президент ва номли давлат стипендияларига тавсия этилмайди; 
  • баҳолаш натижаларидан норози бўлган талабгорлар шикоятларини кўриб чиқиш учун камида 5 нафардан иборат апелляция комиссияси ташкил этилади.

Шунингдек, талабгорларнинг ҳужжатлари ва эришган натижалари қарор билан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланиши белгиланган. Мазкур мезонларда, жумладан:

  • магистратура талабгорлари учун илмий-тадқиқот ишлари (40 баллгача), ютуқлар (20 баллгача) ҳамда агентлик тест синовлари натижалари (30 баллгача) кўрсаткичлари назарда тутилган;
  • бакалавриат талабгорлари учун илмий ишлар (30 баллгача), ютуқлар (20 баллгача), тил сертификати (10 баллгача) ҳамда агентлик тест синовлари натижалари (30 баллгача) баҳолаш қисми сифатида қайд этилган. 

Талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг HEMIS ахборот тизими орқали шакллантирилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, номли давлат стипендиялари совриндори бўлган талабаларга муайян таълим босқичида номли давлат стипендиялари танловларида қайта иштирок этишга рухсат этилмаслиги белгиланди. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид