Қирғизистон ўқитувчиларининг ўртача ойлиги салкам 4 млн сўмни ташкил этади
Мамлакатнинг таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбоеванинг маълумотига кўра, қирғиз ўқитувчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи 3 млн 952 минг сўмдан юқорини ташкил этмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу сумма Ўзбекистон ўқитувчиларининг ўртача ойлигидан баланд эканига эътибор қаратган.
Қирғизистон маҳаллий нашрининг ёзишича, таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбоева қирғиз ОАВга берган интервюсида ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги 26 400 сом, яъни Марказий банкнинг ҳозирги валюта курси билан ҳисоблаганда 3 млн 952 минг сўмдан кўпроқ эканини айтиб ўтган.
Вазирга кўра, қардош мамлакатда энг юқори маошни баланд тоғлар ва чекка ҳудудларда ишлаётган, шунингдек, катта тажрибага эга, юкламаси юқори бўлган ўқитувчилар олади.
Кендирбоева илк маротаба ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи Қирғизистондаги ўртача иш ҳақига тенг бўлган вақт сифатида 2022 йил эканини эслаган. “Бу вақтда мактабда ишлаш ҳатто университет ўқитувчилари учун ҳам жозибадор бўлди”, – дейди вазир.
Шунингдек, у аттестациядан муваффақиятли ўтган ўқитувчилар ойлик маошига 5 000 сом (748 600 сўм)дан қўшимча ҳақ берилишини таъкидлаган.
“Қирғизистон ўқитувчиларининг ўртача ойлиги Ўзбекистон ўқитувчиларининг ўртача ойлигидан баланд”
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров қардош юртда педагогларнинг ўртача иш ҳақи ўзбекларникидан баланд эканига тўхталган. Унинг солиштиришича, Ўзбекистонда мактаб ўқитувчиларининг ўртача ойлиги 3 млн 484,7 минг сўмдан иборат.
“Қизиқ тарафи, Қирғизистонда ўқитувчиларнинг ўртача маоши қирғизистонликларнинг ўртача маоши билан бир хил. Яъни ўқитувчиликни танлаган қирғизистонликлар бошқа қирғизистонликлардан камбағал эмас.
Ўзбекистонда эса ўқитувчиларнинг маоши ўзбекистонликларнинг ўртача маошидан учдан бирига кам. Жарангдор шиорлар ва чақириқларга қарамай, охирги йилларда ўзбекистонлик ўқитувчилар маоши нисбий камайишда давом этмоқда”,– дейди у постида.
Бакиров бу ҳолат қарор қабул қилувчиларни ўйга толдириши кераклигини билдираркан, Ўзбекистонда жон бошига ЯИМ (2 700 доллар) Қирғизистонга (1 970 доллар) нисбатан 37% баланд эканини эслатган.
Маълумот учун, 2024 йилнинг январ-июл ойларида Қирғизистон кичик корхоналарни ҳисобга олмаганда бир ходимнинг ўртача ойлик номинал иш ҳақи 35 621 сом (5 млн 333,1 минг сўм)ни ташкил этган. Шу йил биринчи чорак якунларига кўра эса Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4 млн 551 минг сўмни кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкентда ўтган тадбир доирасида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова республикадаги 500 минг нафардан зиёд ўқитувчиларнинг атиги 1 фоизи 10 млн сўм маош олаётганини айтиб ўтганди.
Ундан аввалроқ вазирнинг молия масалалари бўйича ўринбосари Темур Комилов ҳамма педагоглар бирдек минг доллар ойлик олиши утопия эканини, бир нафар ўқитувчининг ойлигини 1 млн сўмга ошириш учун бир йилга 7 трлн сўмдан зиёд маблағ кетишини маълум қилганди.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024