Ўзбекистон | 00:16 / 24.03.2021
30737
3 дақиқада ўқилади

Хорижга чиқиш паспорти ва ФҲДларни олишда прописка тартиби бекор бўлади

1 июндан бошлаб, туғилганлик ва никоҳ тузилганлиги каби 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.

Фото: KUN.UZ

«Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 июндан қуйидагилар экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади:

  • 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини (туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни) қайд этиш;
  • никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш.

2021 йил 1 майдан хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божини электрон шаклда ЯИДХП орқали тўлаш имконияти яратилади.

2021 йил 1 июндан 16 ёшга тўлган шахсларга ID-карталари бериш уларни солиқ тўловчи сифатида ва пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар фуқаролардан талаб қилинмасдан, электрон тизим орқали олинади.

QR-код (матрик штрихли код) орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатларнинг дубликатини ЯИДХП орқали бепул олиш мумкин.

Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларнинг вакилига давлат хизматларидан фойдаланиш учун йиғим ва давлат божини нақд пул шаклида тўлашга рухсат берилди.

Шунингдек, хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимини аккредитация қилишда ОИТС касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.

2021 йил 1 июндан:

  • Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган деб белгиланди.
  • Шунингдек, ҳозирда рўйхатдан ўтказишнинг ҳуқуқий асосига эга бўлмаган давлат органлари ва ташкилотларини, юридик шахслар бирлашмалари, ширкатлар, матлубот ва кооперативлар ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Мавзуга оид