Путин Мирзиёевни сайловдаги «ишончли ғалаба» билан табриклади. МСК сайлов натижаларини ҳали эълон қилмаган
Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президенти сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади, деб хабар берди Кремль.
«Телефон орқали мулоқот чоғида Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевни президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан қизғин табриклади.
Улар Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бутун мажмуасини ҳар томонлама ривожлантиришга ўзаро мойиллигини тасдиқладилар», дейилади расмий хабарда.
Путин Мирзиёев номига табрик телеграммаси ҳам йўллаган.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжа Kun.uz мухбири сўровига жавобан бу ҳолат бўйича муносабатини билдирди.
«Президент сайлови якуни ҳали эълон қилинмади. Россия ОАВ томонидан эълон қилинган маълумотда ноаниқлик бор. Ўзбекистон президент сайловида ким ғолиб бўлганини Марказий сайлов комиссияси соат 16:00да маълум қилади», дейди у.
МСК аъзоси Кремль сайтида эълон қилинган хабарга Марказий сайлов комиссияси ҳеч қандай муносабат билдирмаслигини таъкидлади.
«Бу бўйича Ўзбекистон президенти матбуот хизмати муносабат билдириши керак. Чунки бу уларнинг иши», деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Евроньюс» Ўзбекистон президентлиги сайловида Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга қайта сайлангани ҳақида хабар эълон қилганди, аммо Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаганди.
Расмий натижалар бугун соат 16:00да эълон қилиниши кутилмоқда.
Мавзуга оид
09:52 / 14.09.2024
ЕИ Путиннинг сўзларидан кейин Украина учун қурол бўйича ўз позициясини ўзгартирмади
18:00 / 13.09.2024
Британия бош вазири Путинга: «Урушни Россия бошлаган ва дарҳол тугатиши мумкин»
22:25 / 12.09.2024
Россияга юқори аниқликдаги Ғарб қуроллари билан зарба бериш НАТО урушда бевосита иштирок этишини англатади – Путин
10:05 / 12.09.2024