Ўзбекистон | 16:46 / 08.05.2023
57209
2 дақиқада ўқилади

Синфдошларига нашида юборган “Нархоз” талабаси 3 йилга қамалди

Маълум бўлишича, 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 2022 йилда синфдошлари мавжуд телеграм гуруҳга YouTube'даги диний қўшиқ – нашида учун ҳавола юборган. Нашида Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси билан “ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган” деб топилган. Маълумот учун, YouTube – бутун дунёда ва Ўзбекистонда эркин фойдаланиш мумкин бўлган, очиқ платформа ҳисобланади.

Айбланувчи яқинларининг Kun.uz’га маълум қилишича, Жаҳонгир Улуғмуродов грант асосида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-босқичида ўқийди ҳамда оиласининг асосий боқувчиси ҳисобланади.

Жаҳонгирни 2023 йил бошида – Янгийўл туманидаги ўз уйидан участка нозири олиб кетган. Шундан сўнг Жаҳонгирнинг мобил қурилмасида 2022 йилда синфдошларининг Телеграм гуруҳига Youtube'даги диний қўшиқ – нашида учун юборган ҳавола топилган. Ушбу нашида Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, “ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда Ўзбекистонда тарқатиш тақиқланиши”, кўрсатилган.

Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 8 май куни ЖИБ Оққўрғон туман судида судья Санжар Исақулов раислигида бўлиб ўтган суд жараёнида Жаҳонгир Улуғмуродов ЖК 244-1-моддаси 3 қисми “г” бандида назарда тутилган ҳаракат – “оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш”да айбдор, деб топилган. Айбланувчига ЖК 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жаҳонгирнинг яқинлари суд ҳукмидан норози эканлигини билдириб, апелляция шикояти беришларини маълум қилди.

Аввалроқ, телефонидан диний нашида топилган яна бир 21 ёшли йигит — Сардор Раҳмонқулов ҳам 5 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берган эдик. Кейинроқ, апелляция судининг ажримига мувофиқ, Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳукмга ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида озод қилинди.

Мавзуга оид