Мақсадли қабул нима?

Мақсадли қабул – қайсидир ҳудуд ва йўналишларда кадрлар етишмовчилиги сабаб ажратиладиган квота ҳисобланади. Мисол учун, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрида шифокорлар етишмовчилиги бор. Ана шу етишмовчиликни тўлдириш мақсадида тиббиёт йўналишидаги ОТМда айнан ғозғонлик абитуриентлар учун давлат гранти асосида мақсадли квота ажратилади.

Мақсадли квотага даъвогарлик қилиш ёки қилмаслик абитуриентнинг ўзига ҳавола: агар хоҳласа, ҳужжат топшираётган пайтда мақсадли қабулда иштирок этмоқчилигини белгилаши керак бўлади.

Мақсадли квотанинг умумий квотадан фарқли жиҳати, унда пастроқ балл билан ҳам давлат гранти асосида ўқишга кириш имкони бор. Аммо кейинчалик талаба маълум муддат ўз ҳудудида ишлаб бериши керак ва шундан кейингина дипломини қўлига олади.

Рақобат камроқ, имкон кўпроқ

Мақсадли қабулда иштирок этган абитуриентнинг талаба бўлиш имкони умумий квотага қараганда анча юқори бўлади. Сабаби бунда рақобат анча кам. 

Масалан, 2023/2024 ўқув йилида Самарқанд давлат тиббиёт университетида педиатрия йўналиши бўйича Ғозғон шаҳри учун 3 та мақсадли квота ажратилган. Ушбу ўринлар учун 22 нафар абитуриент даъвогарлик қилган. Бу ҳар бир ўринга 7-8 абитуриент рақобатлашди, дегани.

Умумий квота бўйича эса Самарқанд давлат тиббиёт университетининг педиатрия йўналишига 92 та ўрин учун (давлат гранти 22 та, тўлов шартнома асосида 70 та) 9 200 нафардан ортиқ абитуриент давлат имтиҳонига кирган. Яъни 1 ўрин учун 100 абитуриент рақобатлашган.

Нусратова ўрнига Хайриев

Мақсадли квотани “ўғирлаш” жуда оддий: абитуриент ОТМга ҳужжат топширишдан олдин ўша ҳудудда доимий яшаш учун бирор хонадонда рўйхатдан ўтади. Кейин ҳужжат топширганида ўша манзилни кўрсатиб, мақсадли қабулда иштирок этади.

Мандат натижаларига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт университетида педиатрия йўналиши бўйича Ғозғон шаҳри учун ажратилган 3 та мақсадли квотанинг биттасига 144,8 балл тўплаб Жаҳонгир Хайриев эга чиққан ҳамда давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган. У ушбу балл билан умумий квотада тўлов шартнома асосида ҳам ўқишга қабул қилинмас эди. Чунки бу йўналишда ўтиш балли давлат гранти учун 161,7 баллни, тўлов шартнома бўйича 150,8 баллни ташкил этган.

Агар мақсадли қабул талабларига риоя қилинса, бу ўринга имтиҳонда 99,9 балл тўплаган, Ғозғон шаҳри, Мармаробод маҳалласида яшовчи Озода Нусратова исмли қиз талаба сифатида қабул қилиниши керак эди.