Жаҳон | 17:10 / 07.11.2025
5975
7 дақиқада ўқилади

«Хотиралар ва харитадаги Ғазо энди йўқ» – халқаро журналистлар Исроил назорати остида Ғазога борди

«Шимолий Ғазонинг бу кенг ҳудудида фақат бир неча бинолар тик қолган. Бу ердаги гавжум бўлган шаҳар маҳаллалари бутунлай вайронага айлантирилган», дейди Ғазодаги Шежаия маҳалласида бўлган AP мухбири. BBCʼнинг ёзишича, бу қисқа ташриф – қатъий назорат остида бўлган ва журналистлар ҳеч ким билан гаплаша олмаган.

Ғазо харобалари – 5 ноябр,2025 йил. Фото: Оҳад Звигенберг / Associated Pres

5 ноябр, чоршанба куни узоқ вақт ёпиқликдан кейин Исроил мудофаа кучлари ҳамроҳлигида чекланган хорижий журналистлар гуруҳи Ғазога киритилди. Исроил Ғазо шаҳрининг шарқий чеккасидаги Шежайия маҳалласини – Ҳамаснинг таянч базаси бўлган деб таърифлаган. Шу важ билан ҳудуддаги инфратузилма ва бинолар ер билан яксон қилинган.

Associated Press, CBS News, BBC ва France24 каби нашрлар журналистлари IDF ҳамроҳлигида айнан шу ҳудудга олиб борилган.

Фото: Оҳад Звигенберг / Associated Press

«Шимолий Ғазонинг бу кенг ҳудудида ҳануз тик турган озгина бинолар ер бағридан чиқиб турган синган суякларга ўхшайди. Уларнинг атрофида илгари зич, гавжум бўлган шаҳар маҳаллалари портлатилиб, қулатилиб ёки бутунлай чанг ва вайронага айлантирилган», деб ёзди икки йиллик вайроналардан қолган ҳудудни ўз кўзи билан кўрган AP мухбири.

Фото: Оҳад Звигенберг / Associated Press

Бу жойлар урушнинг дастлабки ҳафталарида Исроил пиёда қўшинлари кириб борган биринчи ҳудудлардан эди.

«Бу ерда бизнинг мақсадимиз – ҳудудни Ҳамасда бутунлай тозалаш, улар бу ерга қайтмаслигига ишонч ҳосил қилишдир», – деди ҳарбий матбуот котиби подполковник Надав Шошани.

Associated Press фотомухбири Оҳад Звигенберг Ғазо вайроналаридан олган расмларини эълон қилди.

Фото: Оҳад Звигенберг / Associated Press

Ҳудудга кирган BBCʼнинг Яқин Шарқ бўйича мухбири Луcй Виллиамсоннинг айтишича, Ғазо шаҳрига қараган тепаликдан туриб, бу уруш нималарга олиб келганини яширишнинг иложи йўқ.

«Харитадаги ва хотиралардаги Ғазо энди йўқ — унинг ўрнини 180 даража кенгликда Бейт Ҳанундан тортиб Ғазо шаҳригача чўзилган, бир хил кулранг вайроналар манзараси эгаллаган.

Ғазо шаҳрининг узоқда ҳануз тик турган бинолари ортида энди на йўналиш, на манзилни аниқлайдиган белгилар қолди — илгари ўн минглаб одамлар яшаган маҳаллалар буткул йўқ бўлган», дейди у.

 Фото: BBC

Исроил икки йиллик геноцид кўринишига олиб келган уруши давомида мустақил Ғазодан хабар бериб боришни ОАВларга тақиқлаб қўйган. Бундан ташқари, уруш давомида 250 дан ортиқ медиа ходимларини ўлдирган.

«Бу қисқа ташриф қатъий назорат остида бўлиб ўтди, журналистларга на фаластинликлар билан, на бошқа ҳудудлар билан алоқа қилишга рухсат берилди. Исроилда ҳарбий цензура қонунларига кўра, ҳарбий хизматчилар материал нашр қилинишидан олдин уни кўриб чиқди. BBC эса бу репортаж устидан тўлиқ таҳририй назоратни сақлаб қолди», дейилади хабарда.

 Фото: BBC

Нашрнинг ёзишича, Исроил ҳарбий базаси – Доналд Трампнинг тинчлик режасида белгиланган «сариқ чизиқ»дан бир неча юз метр нарида жойлашган. Бу чизиқ Ғазонинг Исроил назоратидаги қисмларини Ҳамас назоратидаги ҳудудлардан ажратиб туради. Исроил армияси ушбу сариқ чизиқни ерда тош блоклар билан белгилаб бормоқда. Бу Ҳамасга ҳам, тинч аҳолига ҳам огоҳлантириш.

Ушбу гуруҳ билан Ғазога кирган France 24 мухбири Нога Тарнополски бу сафарни «ниҳоятда чекланган ва қатъий назорат остидаги ташриф» деб таърифлади.

Фото: Оҳад Звигенберг / Associated Press

Қуддусда фаолият юритувчи Тарнополскининг айтишича, журналистлар 2023 йил октябрда Ҳамас кесиб ўтган айни тўсиқдан ўтказилган ва Ғазо шаҳрининг чеккасида жойлашган, яқинда ташкил этилган IDF базасига олиб борилган.

«Бизни бу ҳарбий лагер атрофидаги қум тепалигига олиб чиқишди ва у ердан атрофдаги вайроналарни кўришга рухсат беришди. Кўзингизга ташланадиган манзара бу – бутунлай қум ва вайроналар билан қопланган чўл. Эътиборимни тортган нарса – ҳаводаги чанг эди. У ердаги ҳаво бутунлай бошқача. Бунга сабаб фақат вайронагарчилик эмас, шамолни тўсадиган бинолар энди йўқ. Сиз чанг булути ичида турибсиз», дейди у.

Фото: Оҳад Звигенберг / Associated Press

Тарнополски ҳам сулҳ доирасида чизилган «сариқ чизиқ»ни аниқлаш қанчалик мушкул эканини айтган.

«Бугун жуда яққол кўрдикки, бу чизиқни аниқ кўриш деярли имконсиз», — деди Тарнополски.

«Сулҳ кучга кирганидан бери шу чизиқ атрофида қарийб 200 киши ҳалок бўлган. Ҳарбийларнинг ўзи ҳам бу чизиқ қаердалигини тўлиқ аниқлай олмайди. Ишончим комилки, на Ғазо аҳолиси, на қуролли гуруҳлар бу жойни аниқ билишади. Шу боис, «кўринмас чизиқни» кесиб ўтиб ўлаётган ғазоликларга оид хабарлар яқин кунларда янада кўпроқ долзарб мавзуга айланиши аниқ», деб ёзган France 24 мухбири.

Фото: Оҳад Звигенберг / Associated Press

Сулҳга деярли бир ой бўлган бўлса-да, Исроил кучлари ҳали ҳам «сариқ чизиқ» бўйлаб Ҳамас билан деярли ҳар куни тўқнашаётганини айтмоқда. Ҳамас эса Исроилни «юзлаб маротаба сулҳни бузганликда» айблади. Гуруҳ назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сулҳдан кейинги Исроил зарбалари оқибатида 240 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

АҚШ бошчилигидаги режанинг кейинги босқичи Ҳамаснинг қуролсизланишини ва ҳокимиятни халқаро арбоблар, жумладан, президент Трамп иштирокидаги фаластинлик технократ қўмитага топширишни назарда тутади.

Фото: Оҳад Звигенберг / Associated Press

АҚШ бу беқарор қарама-қаршиликдан барқарор тинчлик сари ўтишга уринмоқда. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашига юборилган резолюция лойиҳасида Ғазонинг хавфсизлигини таъминлаш ва Ҳамасни қуролсизлантириш учун икки йиллик халқаро барқарорлаштириш кучи жойлаштириш таклиф қилинган.

Бироқ бу босқич тафсилотлари аниқ эмас: Ғазони ҳимоя қилиш учун қайси давлатлар қўшин юборади, Исроил қўшинлари қачон чиқади ва фаластинлик технократ маъмурият аъзолари қандай тайинланади — номаълумлигича қолмоқда.

Мавзуга оид