Ўзбекистон | 08:21 / 03.01.2019
93867
4 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ҳокими маҳаллий амалдорларга берилган Malibu’лар билан боғлиқ вазиятни изоҳлади

Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов Kun.uz’га берган интервьюси давомида Интернет ва ижтимоий тармоқларда катта шов-шув келтириб чиқарган ва вилоятдаги 8 та туман ҳокимларига берилган Malibu-2 русумли машиналар ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Қ.Турсуновнинг айтишича, ушбу автомашиналар туман ҳокимларига эмас, вилоят ҳокимининг беш нафар ўринбосарларига, биттаси шаҳар ҳокимига ва қолган иккитаси вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда давлат солиқ бошқармасига берилган. Вилоят ҳокимининг билдиришича, президент Ш.Мирзиёев маҳаллий ҳокимларга бюджетга тушадиган тушумларни ўз ихтиёрлари билан ишлатиш ваколатини бергач, бундай машиналарни олишга имконият пайдо бўлган.

«Манбасидан сўз очсам, муҳтарам юртбошимиз томонидан 2017 йилнинг бошиданоқ маҳаллий давлат ҳокимларининг фаолиятини эркинлаштириш, уларни бўлаётган барча соҳаларда салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан кўп ваколатлар берилди. Қолаверса, ҳукуматимизда ўша енгил хизмат машиналари билан боғлиқ қарорга ҳам ўзгартириш киритилди», деди Қ.Турсунов.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, машиналар GM Uzbekistan сайтида кўрсатилганидек 302 миллион сўмдан эмас, балки акция сабаб 267 миллион сўмдан олинган.

«Вилоятимиз ҳудуди жуда ҳам катта. Айтайлик, Навоий вилояти марказидан Томди туманининг қайсидир қишлоғига бориш учун 450 км масофа босишимиз керак бўлади. Маҳсулотнинг нархи, қиймати аввало, сифати ва яроқлилиги билан белгиланади. Бизнинг бу ҳаракатимиздан муддао — ҳар икки йилда битта машина алмаштирмайлик-да, хизмат муддати 10 йилга етадиган битта машина минайлик», — деди Қ.Турсунов.

Умуман, аввалбошда Chevrolet Malibu машиналари эмас, Chevrolet Captiva машиналари буюртма қилинган бўлган. Бироқ Captiva ишлаб чиқаришдан олиб ташлангач, Malibu’лар махсус акция доирасида арзонроққа етказиб берилган ва уларнинг ҳар биридан қарийб 50 миллион сўм иқтисод қилинган.

«Биздаги мавжуд автопаркнинг техникалари ўзининг хизмат муддатини ўтаб бўлган автомашиналар ташкил этади. Учта ўринбосаримизда Captiva русумли автомашина бор эди. Биз учта автомашинани туман ҳокимларининг хизмат муддатини ўтаб бўлган машиналари ўрнига хизмат машинаси сифатида бердик», — деди Навоий вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокими Қ.Турсунов люкс типидаги машиналарни олинганига сабаб қилиб, вилоятга турли хорижий делегация вакиллари тез-тез ташриф буюришаётгани, уларни вилоят бўйлаб олиб юриш учун вилоят ҳокимлиги ихтиёрида зарур турдаги автомашиналар етишмай келганини ҳам таъкидлаб ўтди. Энди вилоят ҳокимлиги ва ташкилотлар ихтиёридаги мавжуд автомашиналар билан вилоятга келувчи йирик хорижий делегация вакилларини ҳам бемалол олиб юриш мумкин бўлади.

Вилоят ҳокими шунингдек, Навоий вилояти билан ҳамкорлик қилаётган Россия областларидан биридаги ҳолатни ҳам гапириб берди.

«Мен Россиянинг губернаторлари, уларнинг ўринбосарлари қандай кун кечирмоқда деган савол билан ҳам қизиқдим. Аниқ биламан, биз билан ҳамкорлик қилаётган ўша областлар ҳам дотацияда — давлат таъминотида турибди. Қайси областлигини айтолмайман, лекин ўша губернаторнинг ўз хизмат самолёти, хизмат вилласи, чет элдан харид қилинган, тилларга тушган, бироқ ўзимизда ишлаб чиқарилган машинанинг қийматидан нархи 8 баробар қиммат хизмат машинасида юрар экан», деди Қ.Турсунов.

Malibu машиналарига мавзусини мухтасар этар экан, Навоий вилоят ҳокими Қ.Турсунов «Менимча, бу ерда халқ ёки давлатнинг қандайдир манфаатига путур етадиган ҳаракат содир этилмаган», деди.

Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов билан суҳбатни қуйидаги ҳаволаларда тўлиқ томоша қилинг:

Tas-IX

YouTube

 

Мавзуга оид