Ўзбекистон | 11:45 / 30.04.2024
1859
2 дақиқада ўқилади

Kuwait Airways Ўзбекистонга тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўймоқчи

Фарғонадан Кувайтга парвоз вақти 3-3,5 соатни ташкил қилиши ҳисобга олинса, Кувайт халқаро аэропорти Ўзбекистон фуқаролари учун қулай транзит нуқтасига айланиши мумкин.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Кувайтдаги ташрифи давомида Kuwait Airways авиакомпанияси бош офисида бўлиб, Кувайтнинг ушбу миллий авиакомпанияси бошқарув кенгаши раиси Абдулмоҳсен Салем Алфагаан ва бошқарув кенгаши аъзолари билан учрашди.

Учрашувда Kuwait Airways томонидан Кувайтдан Фарғонага тўғридан тўғри мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Бугун Ўзбекистонда аҳолининг авиақатновларга бўлган талаби ортиб бораётгани боис, хорижий авиакомпаниялар билан ҳам биргаликда ишлаш йўлга қўйилаётганлиги таъкидланди. Фарғонадан Кувайтга парвоз вақти 3-3,5 соатни ташкил қилиши ҳисобга олинса, Кувайт халқаро аэропорти Ўзбекистон фуқаролари учун қулай транзит нуқтасига айланиши мумкинлигига эътибор қаратилди. 

Шунингдек, Кувайт аҳолиси учун Ўзбекистонда жорий этилган 10 кунлик визасиз режимдан келиб чиққан ҳолда Фарғонага келиш истагини билдираётган қувайтликлар ҳам етарли экани урғуланди.

Kuwait Airways авиакомпанияси бошқарув кенгаши раиси Абдулмоҳсен Салем Алфагаан Фарғонага мунтазам қатновларни йўлга қўйиш масаласига катта қизиқиш билдиришаётганини қайд этиб, бу борада режали иш ташкил этилишини билдирди.

Мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши логистика нуқтайи назаридан ҳам жуда муҳимлигини таъкидлаб ўтган вилоят ҳокими Фарғонада ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотларни Кувайтга ва бу ердан бошқа давлатларга етказиб беришда тижорий қатновларнинг ҳам ташкил этилиши самарали бўлишини қайд этди.

Мавзуга оид