Ўзбекистон | 09:54 / 22.07.2023
13480
2 дақиқада ўқилади

Коллеж ва техникумда 5та соҳа бўйича ўқимоқчи бўлган хотин-қизлар грант асосида таълим олади

Вазирлар Маҳкамасининг “Коллеж ва техникумларда касб ва мутахассислик эгаллаш истагида бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Белгиланишича, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб ва мутахассисликларда ўқиш истагида бўлган хотин-қизлар тўлиқ давлат гранти асосида таълим олади ҳамда уларнинг харажати тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб ва мутахассисликларда таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлиқ давлат гранти асосида ўқиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

3 ёшгача фарзанди бўлган коллеж ва техникумлар ўқувчи-қизларига масофавий таълим олиш имконияти яратиладиган касб ва мутахассисликлар рўйхатини тасдиқлайди;

2023/2024-ўқув йилидан бошлаб коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб ва мутахассисликларда ўқийдиган 3 ёшгача фарзанди бўлган ўқувчи-қизларга, уларнинг мурожаати асосида масофавий таълим олиш имкониятини яратади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхатга кўра 2023 йилда профессионал таълим муассасаларига ажратилган маблағлар доирасида 2024 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларида алоҳида маблағлар ажратилишини таъминлайди.

Мавзуга оид