Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Талаба аёлларга имконият, коррупцион лицензия ва камбағаллик чегараси — ҳафта дайжести
Тошкентда 30-40 қаватли янги “сити”лар қурилади: бош режага ўзгаришлар киритилди. 8 март арафасида муҳим фармон: ҳомиладор ва ёш болали талабалар уйдан туриб ўқишини давом эттиради. Самарқандда яна машмаша: туман ҳокими хорижий хизмат сафарига оила аъзоларини ҳам қўшиб жўнатди. ЙПХ ходимининг ўлимидан кейин: интернетдаги мақтанчоқ йўл безорилари таъқиб остига олинди.
Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Тошкент шаҳрининг 30 та нуқтаси катта қурилиш майдонига айланади
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, пойтахтнинг 15 ой олдин тасдиқланган бош режаси ўзгартирилди ва шаҳарда 30 та йирик кўчмас мулк лойиҳаси амалга ошириладиган бўлди. Қурилажак турар ва нотурар мажмуалар жами 1,5 минг гектар майдонни эгаллайди. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 14,5 млрд долларга баҳоланган.
Қарорга кўра, рўйхатга киритилган йирик реновация ва реконструкция лойиҳаларини амалга оширишда ҳар бир лойиҳага комплекс қурилиш тамойили асосида ёндашилади, яъни 30 та йирик мажмуа ҳудудининг ҳар бирида мастер-режалари бўлади. Ҳудуднинг камида 30 фоизи яшил майдонлар бўлиши талаб этилади. Ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлардан эса воз кечиш кўзда тутилган.
Мазкур қурилишларда инвесторлардан инфратузилма тўловлари ундирилади; ҳамда шу тўловлар ва бошқа ажратмалар ҳисобидан шаҳарда умумий майдони 140 гектар бўлган 9 та янги яшил ҳудуд – жамоат парклари ташкил этилиши кутилмоқда.
Бош режа ўзгариши билан, қатор ҳудудларда биноларнинг баландлик чеклови кескин оширилди. Масалан, бунга қадар Чилонзор тумани Бешёғоч мавзесида 12 қаватдан баланд бино қуриш мумкин эмас эди, энди бу ерда 32 қаватгача қурилиш қилса бўлаверади. Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек туманининг Навниҳол маҳалласида 27 қаватгача; Бектемир туманининг Забардаст ва Сергели туманининг Эски Жалойир маҳаллаларида 30 қаватгача; Учтепа тумани Катта Чўпонота маҳалласида 33 қаватгача; Миробод туманининг Янги Миробод маҳалласида 40 қаватгача қурилиш қилишга рухсат берилди.
Болалар ва аёллар ҳимояси кучайтирилади
Педофилия учун умрбод қамоқ жазоси айнан кимларга берилишига аниқлик киритилди. 3 март куни имзоланган президент фармонига асосан, умрбод қамоқ жазоси – 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ёки унга зўрлик ишлатган ҳолда жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришдек манфур жиноятни такроран содир қилган шахсларга тааллуқли бўлади. Яъни педофил бир марта қамалиб чиққанидан кейин яна бирор ёш боланинг номусига тегса, иккинчи мартасида унга умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо хавф солади.
Фармонда белгиланишича, номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун ҳукм қилинган шахслар манзил колонияга ўтказилмайди.
Яна бир муҳим янгилик – жинсий тажовузга оид жиноятларни тергов қилиш ваколати ички ишлар органларидан прокуратура органларига қайтарилади. Шаҳвоний шилқимликка оид маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ички ишлар ваколатида қолади, лекин бундай ишларни судга оширишдан олдин прокурордан “жиноят аломатлари йўқ” деган хулоса олиш мажбурий бўлади.
Хотин-қизлар ҳимоясини кучайтириш мақсадида, 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг телефонига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг иловасини ўрнатиш таклиф этилади. Улар мободо яна тазйиқ ва зўравонликка учраган тақдирда, иловага кириб “SOS” чақирув тугмасини босиш орқали зудлик билан ёрдам чақириши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш, яъни фемицид учун алоҳида жавобгарлик киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиладиган бўлди. Бундан ташқари, фамилицид, яъни оила аъзоларини қасддан ўлдириш; сталкинг, яъни шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш; киберзўравонлик, яъни интернет содир этиладиган зўравонлик; ҳамда онлайн груминг, яъни вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ва шу мақсадда интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш каби ҳаракатлар учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгилаб қўйилиши мумкин.
Фармон билан, ҳомиладор ёки 3 ёшгача фарзанди бор талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиладиган бўлди. 2026/27 ўқув йилидан бошлаб, курсдан курсга қолиб кетган ёки талабалар сафидан чиқарилган шахсларга фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони берилади. Агар талаба ҳомиладорлиги ёки 3 ёшгача боласи борлиги сабаб академик таътил олган бўлса, таътил даврида масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириши ҳам мумкин бўлади.
Инобатга олиш лозим, фармонда белгиланган вазифаларнинг аксарияти қонун шаклида қабул қилиниб, кодексларга расман ўзгаришлар киритилганидан кейин кучга киради.
Оилавий саёҳатга айланган хизмат сафари
Самарқандда шундай ҳокимимиз бор экан-у, биз билмай юрган эканмиз... “Ўткан кунлар” романидаги юртпарвар қаҳрамон Юсуфбек ҳожи ҳозирги замонда яшаганида, Қўшработ туманидаги ҳолат ҳақида шундай деган бўларди эҳтимол. Маълум бўлишича, Хитойда марказий осиёлик фермерлар учун ташкил этилган ўқув курсларига Қўшработдан бориб қатнашган делегация таркибига туман ҳокимининг турмуш ўртоғи, ўғли ва ҳатто ҳайдовчиси ҳам киритилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг аниқлашича, нафақат ҳокимнинг, балки ҳокимликда ишловчи бошқа бир мансабдор шахснинг яқин қариндоши ҳам асоссиз равишда Хитой сафарига қўшилган. Шунингдек, сафар қилувчилар рўйхатидаги яна икки киши аслида кўрсатилган жойда ишламаслиги аниқланган. Каттақўрғон туманида эса инвестиция ва савдо битимлари учун Хитойга борган делегация таркибига хизмат сафарининг мақсадларига алоқаси бўлмаган ходим ҳам қўшилган.
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан прокуратура чора кўриши кутиляпти. Аксилкоррупция агентлиги-чи, ўзи аниқлаган ҳуқуқбузарликларга ўзи чора кўрмайдими, деган савол сизни қизиқтирган бўлса, эслатиб ўтамиз: бу агентликнинг асосий вазифаси – коррупцияни келтириб чиқараётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлашдан иборат. Бизнингча, бу ҳафта фош этилган энг йирик суммадаги коррупцион ҳолатда агентлик ана шу вазифасини бажаришига зарурат бор: хусусий университет очишдаги эҳтимолий тўсиқлар тафтиш қилиниши керак.
Гап шундаки, куни кеча Олий таълим вазирлиги ходими нақ 100 минг доллар олган вақтида қўлга тушди. ДХХ хабарига кўра, вазирликнинг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси – Қарши шаҳридаги нуфузли хусусий университетга Сурхондарёда филиал очиш учун лицензия қилиб бериш эвазига 100 минг доллар талаб қилган ва Қашқадарёда ўтказилган тезкор тадбирда шунча пул билан қўлга олинган. Тармоқларда: “Филиал очиш суммаси шунча бўлса, университетнинг ўзига рухсат олиш суммаси қанча экан?” деган мазмунда муҳокамалар кетмоқда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хусусий университет очиш учун норасмий тақиқ борлиги, бу эса коррупцияга замин яратаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалган эди.
Ҳафта давомида коррупцияда гумонланиб қўлга олинганлар орасида суд, прокуратура ва ички ишлар ходимлари алоҳида эътиборга тушди. Самарқанда алиментни бекор қилиб бериш ваъдаси билан 300 доллар олган судя ушланган бўлса, Тошкент вилоятида прокуратура ходими тадбиркорнинг жаримасини йўқотиб бериш эвазига 9 минг доллар олган пайтида қўлга тушди. Пойтахт Тошкентда эса, шаҳар ИИББнинг иккита тезкор ходими ҳибсга олинди: улар гиёҳванд модда билан қўлга тушган шахсни қўйиб юбориш эвазига 2200 доллар олгани айтиляпти.
Китоб сотувчиси устидан текширув, суд, жарима, мусодара...
Ҳафтанинг яна бир шов-шувли воқеаси – ижтимоий тармоқларда танилган китоб сотувчиси Хайрулла Асадовнинг жаримага тортилиши бўлди. Маълум бўлишича, ўтган йили сентябрда Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси ходимлари Асадовга тегишли кўчма савдо нуқтасида текширув ўтказган. Текширувда у 20 минг сўмлик харид учун чек бермагани ва ҳужжатсиз ишлаётгани аниқланган.
Кейинчалик бўлиб ўтган судда Хайрулла Асадов қилмишидан пушаймонлиги, бундай ҳуқуқбузарликни бошқа такрорламаслигини айтиб, суддан енгиллик сўраган. Суд эса уни 2 млн сўм жаримага тортиб, 1,5 млн сўмлик 100 та китобини мусодара қилган.
Маълумот учун, мисол сифатида биргина қурилиш соҳасини оладиган бўлсак, Солиқ қўмитаси ҳар ойда ўнлаб миллиард сўмлик солиқ қарзи бор қурилиш компанияларини эълон қилиб боради. Солиқ қарзи 100 млн сўмдан кўп қурилиш компанияларининг умумий қарзи триллион сўмдан ошиб кетган. Лекин солиқ тўламагани ё чек бермагани учун “фалон қурувчининг сотувдаги уйлари мусодара қилинибди” деган хабарлар учрамайди.
“Отамдан қолган далалар” романидаги Деҳқонқул агар шу китоб сотувчининг ўрнида бўлганида, ўзининг машҳур ибораси билан: “Ўйнаб қўяй, бундайчикин чораларингга ўйнаб қўяй!” дея хитоб қилган бўларди. Чунки бу ҳолат – давлат томонидан китобхонлик тарғиботи қўллаб-қувватланаётган, ҳатто китоб савдоси билан солиқ тўламасдан шуғулланишга рухсат бериб қўйилган бир шароитда рўй берган.
Солиқчилар китобхонлик ривожига ҳисса қўшаётган Асадовга огоҳлантириш бериб, қонунчилик бўйича 2025 йил охиригача китоб савдоси билан ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида шуғулланиши мумкинлигини тушунтириши ва асосий эътиборини солиқ тушумларини сезиларли оширадиган ҳаракатларга қаратиши тўғрироқ бўларди. Суд ихтиёрида эса МЖтКнинг 21-моддаси бор эди: унга асосан, судяларга кам аҳамиятли маъмурий ишларда ҳуқуқбузарга огоҳлантириш бериш билангина кифояланиш ваколати берилган.
“Кучингиз шунга етдими?” деган мазмундаги эътирозларга сешанба куни Тошкент шаҳар судлари жавоб берди. Баёнотда бу ҳуқуқий масала экани, сотувчи савдо қоидаларига риоя этиши кераклиги айтилган.
“Масаланинг ижтимоий-маънавий томонлари ҳам бор, албатта. Бу – юқори суд инстанциясида муҳокама қилиниши мумкин. Қонун суд қароридан норози тарафга шикоят қилиш имкониятини беради”, – дейилади расмий изоҳда.
Чоршанба куни Ёшлар ишлари агентлиги Хайрулла Асадовни қўллаб-қувватлаб чиқди. Агентлик унга замонавий букинист дўкончасини ўрнатиб бериш ва фаолиятини йўлга қўйиб олиши учун 2000 дан ортиқ китоб тақдим этишга қарор қилган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши сабаб минглаб ўзбекистонлик Яқин Шарқда қолиб кетди. Президент топшириғи билан тезкор чоралар кўрилиб, 1 мартдан репатриация рейслари йўлга қўйилди ва дастлабки 7 кунда 17 мингдан ортиқ ватандош қайтариб олиб келинди. Улар орасида Умра зиёратчилари ҳам бор. Ҳафта давомида президент Шавкат Мирзиёев БАА, Ўмон, Кувайт, Қатар, Баҳрайн ва Озарбойжон раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Эроннинг Тошкентдаги элчихонасига кўра, Ўзбекистон етакчиси Эрон олий раҳбарининг ўлими муносабати билан президент Пизишкиёнга таъзия йўллаган. Таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиёнинг бу урушдан иқтисодий таъсирланиш даражаси уруш қанчалик узоқ давом этишига боғлиқ бўлади.
Ижтимоий тармоқлардаги йўл безорилари энди таъқиб остида бўлади. Йўл-патрул ходимининг ўлимидан кейин ўтказилган йиғилишда ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Жўраев шундай топшириқ берди. Генералнинг буйруғига кўра, интернет тармоқлари доимий мониторинг қилиниб, йўл безорилигини тарғиб қилувчилар муқаррар жавобгарликка тортилади, аккаунтини эса блоклаш чоралари кўрилади. Дастлабки 6 кун ичида ижтимоий тармоқларда йўл безорилиги акс этган 107 та видео аниқланиб, 66 кишига чора кўрилган. Йўлларда эса, 26 февралдан 4 мартгача республика бўйлаб 5300 та автомобил қўпол қоидабузарлик учун жарима майдонига қўйилган. Шу вақт давомида 66 нафар вояга етмаган шахс машина бошқараётганда қўлга тушган. ЙҲХХ, шунингдек, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг рулга ўтириши энди камералар ёрдамида аниқланишини ҳам эълон қилди.
Ўзбекистонда камбағаллик чегараси 715 минг сўм деб белгиланди. Статистика қўмитасига кўра, 2026 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 715 минг сўмни ташкил этган. Қонунчиликка кўра, жон бошига ойлик даромади шу қийматдан паст бўлган оилалар расман камбағал ҳисобланади. Мисол учун, агар 4 кишилик оиланинг ойлик даромади 2 млн 860 минг сўмдан юқори бўлса, бу оила камбағал саналмайди. Камбағаллик чегараси ўтган йилгидан 6,9 фоизга оширилган. 2025 йилги инфляция эса 7,3 фоиз бўлгани қайд этилганди.
Тиббиёт йўналишларида супер-контракт бекор қилиниши мумкин. Бу – Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида назарда тутилган. Лойиҳада келгуси ўқув йилидан бошлаб тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларида оширилган контракт асосида ўқишга кириш имкониятини тугатиш таклиф этилган. Бундан ташқари, бакалавриат, магистратура ва резидентура талабаларининг имтиҳондан ўтишига қўйилган минимал талабларни қатъийлаштириш, интернатурага қабулни эса тугатиш кўзда тутиляпти.
Марказий банк картадан картага пул ўтказмаларининг мақсадига қизиқиб қолди. Идора шу мақсадда тижорат банкларига хат йўллаб, мобил иловаларда P2P ўтказмаларни амалга оширишда ўтказманинг мақсади кўрсатилиши кераклигини талаб қилган. Бир нечта иловаларда бу талаб аллақачон жорий этилган. Марказий банк хатида мақсадлар рўйхати ҳам берилган бўлиб, “савдо учун тўлов” варианти рўйхатнинг энг бошига қўйилгани хавотирларни кучайтирмоқда. Интернетдаги танқидлардан кейин регулятор баёнот чиқариб, банкларга юборилган хатдаги талаб энди тавсиявий характерга эга бўлишини маълум қилди.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
21:45 / 07.03.2026
Си Жинпинг ҳарбийларни коррупцияга ботган амалдорларни яширмасликка чақирди
12:37 / 07.03.2026
Фарғона тумани солиқчиси 20 минг доллар билан ушланди
12:16 / 07.03.2026
Президент педофил-рецидивистлар учун умрбод қамоқ жазоси киритилаётганига изоҳ берди
22:24 / 06.03.2026