Жамият | 14:10 / 22.01.2022
58016
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар учун Умра-2022 арзонроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо...

Саудия Арабистонининг “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” компаниялар гуруҳи ўзбекистонликлар учун Умра-2022 сафарини ташкил этиш бўйича нисбатан яхшироқ таклифларни билдирганига қарамай, тендерда соҳада етарли тажрибага эга бўлмаган транспорт-логистика компанияси ғолиб деб танлаб олинганини айтишмоқда.

2022 йил 5 январ куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Саудия Арабистонининг “Абу Сарҳад” ширкати билан Умра-2022 зиёратини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кейинроқ, бу шартномадан келиб чиққан ҳолда, пандемиядан аввал Умра сафари учун тўловни амалга оширганлар камида 4 млн 770 минг сўм қўшимча тўлов қилиш зарурлиги маълум қилинди.

Орадан кўп ўтмай, Kun.uz таҳририятига “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” компаниялар гуруҳи вакилларининг мурожаати келиб тушди.

Унда компания Умра-2022 учун тендерда иштирок этиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси ва Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонасига бир неча марта ариза топширгани, аммо тендерга таклиф этилмаганини билдирди.

Компания вакилининг айтишича, “Абу Сарҳад”нинг таклифларига нисбатан мақбулроқ ва арзонроқ таклифларни билдиришган. Аммо комиссия номаълум сабабларга кўра уларни танламаган.

Шикоятда ёзилишича, “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” компаниялар гуруҳига кирувчи “Tariq Al-Matrafy For Umrah Services” ширкати Макка шаҳридаги Jabal Omar Hyatt Regency меҳмонхонасида Ўзбекистон делегацияси билан музокара ўтказган. Кейинчалик расмий хат йўллаб, ана ўша музокарада берилган таклифларига қўшимча яна бешта таклифни ҳам билдирган.

Биринчи таклифда Ўзбекистон делегациясига маъқул бўлган 5 юлдузли меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш 10 кунлик Умра зиёрати нархи 900 АҚШ доллари эмас, 810 доллар этиб белгиланган. Бунга 900 АҚШ долларидан ZOWAR платформасидан фойдаланиш учун тақдим этиладиган 10 фоизлик чегирма киритилган.

Иккинчи таклифга биноан, компаниянинг Мадина шаҳрида жойлашган 4-5 юлдузли меҳмонхоналаридан (Ҳарамдан 150-250 метр масофа) фойдаланган ҳолда Умра зиёрати нархини йил давомида бир қийматда белгилаш таъкидланган.

Учинчидан, компания томонидан Ўзбекистон депозит ҳисоб рақамига 2 млн АҚШ доллари қўйиш ва жадвал асосида Ўзбекистоннинг олдинги ҳамкорининг қарзларини тўлиқ тўлаш таклифи илгари сурилган.

Тўртинчи таклиф сифатида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида Умра зиёратчилари учун қўйиладиган чартер рейслар Гуруҳ ҳамкори бўлган авиакомпания орқали амалга оширилса, нархларни янада арзонлаштириш билдирилган.

Ваниҳоят, “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” тендерда ғолиб чиққудек бўлса, пандемиядан олдин Умра зиёрати учун тўлов қилган 10 минг ўзбекистонликдан қўшимча ҳақ олмаган ҳолда сафарни ташкил этишга ваъда берган.

Бу айни кунда “Абу Сарҳад” билан имзоланган шартномадан кейин зиёратчилардан ундирилиши эълон қилинган 4 млн 770 минг сўм олинмаслигини англатарди.

Компания Ўзбекистон расмийлари уларнинг таклифларини инобатга олмаганини айтмоқда.

Биз “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” ва “Абу Сарҳад” компаниялари ҳақида интернетдан маълумот излаб кўрдик.

Дастлаб “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” ва бу гуруҳга кирувчи “Tariq Al-Matrafy For Umrah Services”га тўхталамиз.

Эътибор қаратамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси шу ҳафта бошида мазкур компаниянинг тегишли лицензияси йўқлиги ҳақида баёнот берган эди.

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги расмий сайтида “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” компаниялар гуруҳига кирувчи “Tariq Al-Matrafy For Umrah Services” ширкатига 1228-рақами билан лицензия берилганини кўриш мумкин.

Вазирлик сайтида мазкур ширкатга берилган лицензия муддати ҳижрий 1443 йилнинг 11-ой 5-санасида тугаши ёзилган. Бу милодий йил бўйича 2022 йилнинг август ойларига тўғри келади.

Қизиқ, компаниянинг лицензияси йўқ, деб баёнот бериш Мусулмонлар идорасига нима учун керак бўлди?

Биз ушбу компаниялар гуруҳининг расмий сайтига ҳам кириб, маълумотлар билан танишдик. Компаниянинг ўз номи билан очилган сайтда кўрсатиладиган хизматлар, мавжуд меҳмонхоналари ҳақида бирламчи ахборотларни топиш мумкин.

Шу ўринда, холис бўлиш мақсадида, “Абу Сарҳад” ширкати сайти қандай кўринишда эканига ҳам эътибор қаратсак.

Биринчидан, компания ўз номи билан алоҳида сайтга эга эмас. Шунчаки, Facebook ижтимоий тармоғида ҳамда бепул саҳифа очиш имконини берувчи платформада саҳифаси бор холос.

Сайтдаги сиз экранда кўриб турган маълумотлар компаниянинг салоҳиятидан сўзлайди. Маълум бўлишича “Абу Сарҳад” ширкати асосан транспорт-логистика хизматини кўрсатишга ихтисослашган.

Унинг мулкида ёки бошқарувида бирорта ҳам меҳмонхона ёхуд катеринг хизматлари борлиги кўрсатилмаган.

Бу шуни англатадики, “Абу Сарҳад” ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун бошқа меҳмонхоналар ва катеринг хизматларини ёллайди. Шундай экан, у воситачи сифатида ўз хизмат ҳақини қўймайди, деб ким кафолат беради?

Manazel Al-Mukhtara гуруҳи тақдим қилган маълумотларга кўра, у Саудия Арабистонидаги йирик компаниялардан бири бўлиб, таркибида жами 30та ширкат фаолият юритиб келади. Гуруҳ меҳмонхона бизнесида 21 йилдан буён фаолият кўрсатиб, ҳозирги кунда жами 38та шахсий ва оператив бошқарувдаги меҳмонхоналарга эга.

Ҳозирча, мана шулар. Албатта, бу ерда адолатсизлик бўлган деган якуний хулосадан йироқмиз. Биз, ҳозирча, интернетдаги барча очиқ маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилдик, холос.

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмитада бўлди. Қўмита вакили ушбу масалага Мусулмонлар идораси масъул экани, изоҳни ҳам улардан олиш мақсадга мувофиқ эканини маълум қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси эса ҳар қандай савол ёзма равишда киритилиши кераклиги, тегишли масъуллар иштирокида кўриб чиқилиб жавоб берилишини маълум қилди.

Шу боис жамоатчиликни қизиқтираётган қатор саволлар билан ёзма мурожаат йўлланди. Жавоблар олиниши билан бу мавзуга яна қайтамиз.

Kun.uz'ни кузатишда давом этинг.

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид