Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мадагаскарда президент ағдарилди. У мамлакатдан қочиб кетди
Ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтган. Бу уч ҳафталик оммавий намойишлар натижаси бўлди.
Фото: Siphiwe Sibeko / Reuters / Scanpix / LETA
Мадагаскарда деярли уч ҳафта давом этган оммавий норозилик намойишларидан сўнг ҳокимият алмашди. Президент Андри Радзуэлин мамлакатдан қочиб кетди, ҳарбийлар эса мамлакатга раҳбарликни ўз қўлига олишини эълон қилди.
«Биз ҳокимиятни қўлга олдик», – дея эълон қилди 14 октябр куни тушдан кейин CAPSAT элита ҳарбий бўлинмаси раҳбари, полковник Майкл Рандрианирина. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар давлат ҳокимиятининг аксарият институтлари, жумладан, сенат, конституциявий суд ва сайлов комиссияси фаолиятини тўхтатмоқда.
Миллий мажлис (парламентнинг қуйи палатаси) эса ҳозирча ўз ишини давом эттиради. Ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олганини эълон қилишидан бир неча дақиқа олдин миллий ассамблея президент Андри Радзуэлиннинг импичментини ёқлаб овоз берганди. Бу қарорнинг қонунийлиги шубҳали – бир кун олдин расман ҳали ҳам президент лавозимида бўлган Радзуэлин ўз фармони билан парламентни тарқатиб юборганди. Депутатлар, ўз навбатида, бу қарорни эътиборсиз қолдиришди.
Радзуэлиннинг ўзи душанба куни мамлакатни тарк этди, у буни ўз ҳаёти хавф остида қолгани билан изоҳлаган. У миллатга мурожаатида «хавфсиз жойда» эканини айтди ва «Мадагаскарнинг йўқ қилинишига йўл қўймаслиги»ни таъкидлади. У ҳозир қаерда экани аниқ эмас. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Радзуэлин Франция президенти Эммануэл Макроннинг розилиги билан Франция ҳарбий самолётида мамлакатдан олиб чиқилган.
Франция – Мадагаскарнинг собиқ метрополияси ҳисобланади, орол 1960 йилда мустақилликка эришган. Макрон Мадагаскардаги воқеаларга изоҳ бераркан, конституциявий тартибни сақлаб қолиш зарурлигини айтди ва «Франция ёшларнинг норозилигини тушунса-да», ҳарбийлар ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринмаслиги кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, Париждагилар вазиятга бевосита аралашиш ниятида эмасликларини таъкидлади.
Мадагаскарда норозилик намойишлари 25 сентябр куни бошланганди. Дастлаб намойишчилар сурункали электр энергияси ва сув танқислигидан норозилик билдирганди, бироқ тез орада уларнинг талаблари сиёсий талабларга – ҳукумат ва президентнинг истеъфосига ўзгарди.
Намойишлар бошланганидан бир неча кун ўтгач, Радзуэлин ҳукуматни истеъфога чиқарди ва намойишчилар билан мулоқот қилишга тайёрлигини айтди, шунингдек, мамлакат пойтахти Антананаривуда бир ой ичида электр таъминотидаги узилишлар тўхтатилмаса, ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этишга ваъда берди. Бу норозиликларни тўхтата олмади. БМТ маълумотларига кўра, уларни куч билан бостиришга уринишлар 22 кишининг ўлимига олиб келган, расмийлар фақат 12 нафар намойишчининг ўлимини тасдиқлаган.
Намойишлар билан боғлиқ вазият дам олиш кунлари кескин ўзгарди, намойишчиларга CAPSAT’нинг элита бўлинмаси қўшилди. Махсус кучлар бундан буён ҳукумат буйруқларини бажаришдан бош тортишларини эълон қилиб, жандармерия ва бошқа армия бўлинмаларини ҳам шундай қилишга чақирди. CAPSAT – Мадагаскардаги энг нуфузли куч тузилмаларидан бири. Андри Радзуэлиннинг ўзи 2008 йилда CAPSAT кўмагига таяниб, давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келганди.
Мадагаскар дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлиб, у ердаги турмуш даражаси ҳатто Африка қитъасидаги аксарият мамлакатлардан ҳам паст. Аҳолининг ўртача даромади йилига тахминан 600 долларни ташкил этади ва аҳолининг тўртдан уч қисми қашшоқлик чегарасидан ташқарида (Жаҳон банки уни киши бошига кунига 2,15 доллар деб белгилайди) яшайди.
Кўплаб халқаро оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, Мадагаскардаги норозилик намойишлари яқинда Непал, Марокаш ва Индонезиядаги шунга ўхшаш акциялардан илҳомланган бўлиб, уларда ҳам асосан ёшлар иштирок этган (бу норозилик намойишлари «Z авлод намойишлари» деб ном олмоқда). Непалда ижтимоий тармоқлар блоклангани сабабли норозилик намойишлари бошланган, намойишчилар бош вазирни истеъфога чиқариб, муваққат ҳукумат тузишга муваффақ бўлганди.
Мавзуга оид
12:59 / 18.10.2025
Мадагаскарда полковник давлат тўнтаришидан сўнг президент бўлди
20:23 / 12.10.2025
Мадагаскарда ҳарбий тўнтаришга уриниш амалга оширилди
22:06 / 26.08.2025
Франция бир аср олдин қатл этилган қиролнинг бош суягини Мадагаскарга қайтарди
09:35 / 30.01.2022