Жамият | 10:12 / 20.02.2026
28092
3 дақиқада ўқилади

“Ёстиқ билан бўғди” – Тошкентдаги меҳмонхонада ҳамкасбига шилқимлик қилган банк ходими 5 суткага қамалди

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида маҳалла банкири лавозимида ишловчи эркак мусобақада қатнашиш учун ҳамкасби билан Тошкент шаҳрига жўнатилган. У хизмат сафари чоғида пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида ҳамкасбининг хонасига кириб, унга шилқимлик қилган. “Жинсий алоқа қилишни таклиф этди. Бу ишни қилгандан ўлганим яхши, деб рад қилдим. Унда ўласан, дея ёстиқ билан бўғди”, деган аёл ўз кўрсатмасида.

Тошкентда ҳамкасбига шилқимлик қилган банк ходими маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Kun.uz суд қарори билан танишди.

Суд ҳужжатига кўра, Наманган вилояти Чортоқ туманида маҳалла банкири вазифасида ишловчи 25 ёшли У.О. ҳамкасби М.И. билан биргаликда мусобақада иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига юборилган. 2025 йил 18 декабрдан 19 декабрга ўтар кечаси У.О. меҳмонхонада овқатланиб олиш баҳонасида ҳамкасбининг хонасига кирган. Сўнгра унга шаҳвоний шилқимлик қилган.

Эркак судда айбига иқрорлик билдирган ва ҳамкасби овқат келтириб беришни сўрагани учун унга лаваш олиб, хонасига кирганини айтган.

Унинг хонасига бирга овқатланиш учун кирдим. Тортишиб қолдик. Овқат олиб келиб беришимни сўрагани сабабли унга лаваш келтиргандим. Кейин у билан бўлиб ўтадиган мусобақага тайёргарлик кўрмоқчи бўлдик. Қучоқлаш мақсадида унга қўл узатдим, бироқ у қаршилик кўрсатди”, деган эркак судда.

М.И. эса ҳамкасби уни ёстиқ билан бўғганини айтган.

Меҳмонхонада ўз хонамда ўтирганимда кириб, бирга овқатланишни таклиф қилди. Мен рози бўлмасам ҳам у хонамда овқатланиб чиқиб кетишини айтди. Кейин орадан бир оз вақт ўтиб, менга тегажоғлик қилди ва жинсий алоқада бўлишни таклиф этди. Шунда мен бу ишни қилганимдан ўлганим яхши, дедим. Унда ўласан, дея мени ётқизиб, ёстиқ билан бўғди. Шунда мен бақириб қаршилик кўрсатдим ва хонадан чиқиб кетмоқчи бўлдим. У хонадан чиқишимга қўймади”, деган аёл.

Шилқим эркак суддан енгиллик беришни, аёл эса унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

ЖИБ Чилонзор туман судининг 2026 йил 18 февралдаги қарори билан У.О. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Хоразмда тадбиркор ундан иш сўраб келган талаба қизга шилқимлик қилганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид