Ўзбекистон | 10:20 / 21.04.2022
24031
4 дақиқада ўқилади

“Бундай сел 80 йил аввал кузатилган”: ФВВ Самарқанд ва Жиззах вилоятида оққан сел оқибатларини маълум қилди

Гидрометеорология хизмати маркази маълумотга кўра, 20 апрел куни Самарқанд ва Жиззах вилоятларида бир соат-у ўттиз дақиқада ёғиб ўтган ёмғир бир ойлик ёғингарчилик миқдорини ташкил этган.

Видеодан кадр

Кеча, 2022 йил 20 апрел куни Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида кучли ёмғир ёғиб сел келиши кузатилди. Оқибатда, кўплаб кўчаларни, қишлоқларни сел босди ва аҳоли хонадонлари, ижтимоий объектларга сув кириб кетди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати сел оқибатлари ҳақида маълумот берди.

Ёмғир ва сел оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўраб, Самарқанд вилоятидан 222 та, Жиззах вилоятидан 14 та, Навоий вилоятидан 10 та, Қашқадарё вилоятидан 1 та — жами 280 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар бўйича сел оқимлари, сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 92 та махсус техника, 20 та мотопомпа ҳамда 758 нафар қутқарувчи жалб этилган.

Ёмғир ва оқова сувлари Самарқанд вилояти бўйича:

  • Самарқанд шаҳрининг 5 та шоҳкўчасидан ўтувчи автомобиллар қатнов қисмида;
  • 54 та ички кўчалар атрофидаги ирригация тармоқларида;
  • 20 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ертўлалари ва атрофида;
  • 84 та якка тартибдаги турар жой бинолари ертўлалари ва ҳовлиларида;
  • 5 та умумтаълим (9, 29, 39, 75-сон умумтаълим, 1 та ихтисослашган) мактаб;
  • М.Улуғбек кўчасидаги “Кўзмунчоқ” номли МТМ ҳовлилари ҳамда Нарпай кўчасидаги “Муз саройи” биноси остидаги автотураргоҳда тўпланган.

Бундан ташқари, ёмғир сувлари Самарқанд туманининг 4 та МФЙларида, М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Булунғур тумани Ғубдин қишлоғи ҳудудидан ўтган 1046-километрида (д=1500 сув ўтказиш қувурига сиғмасдан) йўл қатнов қисмининг бир томонида йиғилиб қолган.

Юзага келган ҳолат оқибатларини бартараф этиш мақсадида, ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 144 шахсий таркиб, 17 та ёнғин-қутқарув техникаси, 11 та мотопомпа ҳамда “Самарқанд сув таъминот” МЧЖдан 6 та махсус техника, 14 нафар ишчи-ходим жалб қилинган.

Жиззах вилояти бўйича:

Фориш туманининг тоғли ҳудудлари ва адирликларида содир бўлган сел оқими “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган 260 та хўжаликдан ўтиб, уларнинг 53 таси тўлиқ, 44 таси ўрта ва 163 таси енгил даражада талафот кўрган.

Қутқарувчилар томонидан 6 нафар фуқаро сел оқимлари ичидан қутқарилиб, Фориш тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. 4 киши селда оқиб ҳалок бўлган. Ушбу ҳудудда шундай сел оқимлари бундан тахминан 80 йиллар аввал кузатилган.

Сел оқими 15-сон умумтаълим мактаби ва 9-сон мактабгача таълим муассасаси ҳудудига (биноларнинг 1-қаватига) ҳам кирган. 1,5 километр ички йўлларга сел сувлари тошиши оқибатида транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.

Юзага келган сел оқими натижасида “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган 25 та хўжаликда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ фуқаро вақтинчалик яшаш учун яқин қариндошларининг уйларига кўчириб ўтказилган.

Сел оқибатларини бартараф этиш ишларига жами 520 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходими, вилоят ва туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари, ФВДТнинг ҳудудий ва қуйи тизимлари хизматлари ишчи-хизматчилари ҳамда 54 та махсус техника жалб этилган.

Қашқадарё ва Навоий вилоятларида сел оқимлари ўз йўлидан оқиб ўтган. Сел ҳудудлардаги аҳоли яшаш хонадонлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига зиён етказмаган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари ФВВ раҳбарияти назорати остида давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид