Жамият | 22:57 / 12.05.2020
40473
4 дақиқада ўқилади

Бойсунда бозор можароси: тадбиркорлар мажбурий кўчиришга қарши бўлишмоқда

Сурхондарё вилоятининг Бойсун шаҳрида юз берган можароли вазият видеоси ижтимоий тармоқлар ва телеграм каналларда тарқалмоқда. Ҳозирча бу борада расмий тушунтириш берилмагани сабабли воқеаларга холис баҳо беришнинг имкони бўлмаяпти.

Ушбу можарога алоқадор тадбиркорлардан Kun.uz таҳририяти ва мухбирларига ҳам тинимсиз мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларнинг умумий мазмуни шундай:

«Туманнинг янги ҳокими Асқарали Жўраев эски, 300 йиллик тарихи бор озиқ-овқат ва деҳқон бозорни (Туз бозор) 21 апрель куни карантин баҳонасида ёптирган (гарчи, бозорлар карантинда ёпилмаслиги керак).

Тадбиркорларга кўра, туман ҳокими томонидан ички ишлар ходимларига буйруқ берилган, бозорда ишловчилар ҳам харидорлар ҳам қувғин қилиниб, шаҳардан четдаги шароити йўқ янги бозорга мажбурлаб кўчирилмоқда.

Бундан, айниқса, эски бозорда қонуний дўконлари бўлган тадбиркорлар азият чекишмоқда. Улар ишсиз ва харидорсиз қолишмоқда. Харидорларнинг ҳам янги бозорга боргилари йўқ.

Боз устига туман марказидаги 3 қаватли, янгидан барпо этилган супермаркетдан дўкон олган тадбиркорларга ҳам ишлашга изн берилмаяпти».

Мурожаатчиларга кўра, янги бозорни хусусий шахс қурган ва тахминларга кўра, у ҳоким билан «тил бириктирган» бўлиши мумкин — мутлақо шароитсиз бозорга одамларни мажбурий кўчиртиришни одамлар бошқачасига тушуна олишмаяпти. Улар Бойсундаги «Чавелла» буюм бозори ҳам бир неча ой аввал мана шундай фитналар билан ёқиб юборилганини айтишмоқда.

Ҳозир «янги» деб аталаётган бозорда ҳаттоки савдо қилиш учун расталар етишмайди. Расталарнинг усти ёпилмаган. Бозор ҳудуди асфальт қилинмаган. Йўлаклар чанг-у тупроққа, ёғингарчилик кунлари лойга ботиб кетмоқда. Деҳқонлар маҳсулотларини ерга ёйиб савдо қилишмоқда. Карантинга, санитария талабларига зид эмасми бу?

Биз тушунамиз, эски бозор шаҳар ичида кўчалари тор чорраҳа бўйида жойлашган, автомобиль тиқилинчлари юзага келтираётган бўлиши мумкин. Лекин, Бойсундаги эски бозорда ноозиқ-овқат моллари сотишни тақиқлаб, фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига рухсат бериш мумкин эди-ку?!

12 май куни олинган видеолардан кўринишича, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари ўраб турган экскаватор Бойсуннинг эски бозорга кирадиган йўлни қазиб ташлашга уринмоқда. Бузиш ишларига туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Нормўминов бошчилик қилмоқда.

Мол аччиғи — жон аччиғи, дейдилар. Буларнинг барчаси Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги воқеаларни ёдга солмоқда. Ўшанда воқеа Яккабоғ туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Мансур Тўймаевнинг устига бензин сепилиб, ўт қўйилиши билан якун топган эди. Сўнгра Яккабоғ туман ҳокими ишдан олиниб, унинг ўринбосари М.Тўймаевга жиноят иши очилган эди.

Kun.uz мухбирларидан иборат жамоа ушбу можаро илдизига етиш, фуқаролар ва туман мутасаддиларига микрофон тутиш мақсадида Бойсун туманига йўл олишди. Умид қиламизки, туман мутасаддилари мулоқотдан қочмасдан, ўзларининг бу масаладаги позицияларини ифодалаб беришади.

Шуҳрат Шокиржонов.

PS: Мазкур материал тайёрланаётган вақтда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати интернетда тарқалган видеолар бўйича муносабат билдирди. Унда Бойсундаги экскаватор аслида бозорни бузиш учун эмас, балки «Ўзбектелеком» АК вилоят филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси томонидан Алишер Навоий ва Истиқлол кўчалари бўйлаб халқаро оптик толали алоқа кабелини ётқизиш мақсадида бу кўчада қазиш ишларини бажариш учунгина киритилгани айтилади.

Мавзуга оид