Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Моддий маданий мерос объектларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди
Фото: KUN.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 2 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 24 августда маъқулланган.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012‒ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилди:
132-модданинг (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади»;
229-3-модда (Белгиланган тақиқларни (чекловларни) бузган ҳолда биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш) қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:
«Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади».
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015‒ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилди:
64-модданинг (Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса – эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – юз бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;
қуйидаги мазмундаги 268-3-модда билан тўлдирилди:
«268-3-модда. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари
Ушбу Кодекснинг 64-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг ва унинг ҳудудий бошқармаларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборилади».
Мавзуга оид
19:50 / 19.12.2025
Маҳаллий кенгаш ва ҳокимлар фаолиятига хос бўлмаган 8 та вазифа бекор қилинади
13:00 / 11.12.2025
Қорақалпоқ ўтови ЮНЕСКО номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилди
10:15 / 08.12.2025
Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш бўйича янги тартиб жорий этилади
15:46 / 06.12.2025