Жаҳон | 15:20 / 09.01.2026
4496
6 дақиқада ўқилади

Украинадаги истеъфо ва тайинловлар: талаб ёки зарурат? | “Геосиёсат”

Украина раҳбариятидаги кетма-кет истеъфолар ва тайинловлар уруш чўзилаётган бир пайтда сиёсий заруратга айланди. Таҳлилчиларга кўра Зеленский кадрлар орқали тизимнинг жанговар самарадорлигини, бошқарув интизомини ва Ғарб билан ишонч даражасини сақлаб қолишга уринмоқда. “Геосиёсат”нинг навбатдаги сонида сиёсатшунослар Киев раҳбариятидаги ўзгаришлар ва бунинг омиллари хусусида сўз юритишди.

Украина раҳбариятидаги ўзгаришлар нимани англатади?

Умрбек Юсупов: Жараён аслида 2 январдан бошланган, 3 январда эса Президент Зеленскийнинг ўзи бу масала юзасидан изоҳ берди. Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов юқори лавозимга тайинланди, унинг ўрнига Ивашченко ўринбосар бўлди. Шунингдек, Евгений Химар ҳамда тўртта вилоят мудофаа раҳбарлари ҳам алмаштирилди. Зеленский буни оддий қилиб тушунтирди, яъни ҳар қандай сценарийга тайёр туриш керак. Чунки уларнинг ўзи ҳам урушнинг давом этиш эҳтимоли юқори эканини яширмаяпти. Узоқ давом этаётган уруш шароитида бир лавозимда узоқ ишлаган кадрларнинг чарчаши табиий ҳол. Шу боис кадрлар алмашинуви маълум маънода вазиятни юмшатиш, тизимни янгилашга қаратилган қадам сифатида изоҳланди. Бироқ турли минтақалардаги таҳлилчилар бу жараён бир нечта сценарийга эга бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Хусусан, Трамп маъмурияти Украина ичидаги айрим доираларнинг ҳаддан ташқари кескин таклифларидан норози эканини яширмаган. Шунга қарамай, АҚШ Кирилл Буданов бошчилигидаги бош разведка бошқармаси фаолиятини ижобий баҳолаган: маълумот алмашиш, ҳарбий тайёргарлик ва ҳамкорлик юқори даражада деб топилган. Ғарб давлатлари очиқчасига “кадрларни алмаштиринглар” деган талаб қўймаган, аммо бу қадам маълум даражада Ғарбда ижобий сигнал сифатида қабул қилинмоқда. Бу ерда коррупция масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Энергоатом билан боғлиқ муаммолар, ҳарбий харажатларнинг сарфланиши ҳақидаги саволларнинг кўпайгани фонида кадрлар алмашинуви “нур устига нур” бўлиши мумкин. Айрим тахминларга кўра, Андрей Ермакнинг кетиши ёки унинг барча ўринбосарларининг ишдан олиниши эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган. Бироқ экспертлар бир фикрда, Зеленскийнинг танлов имкониятлари чекланган. Унинг яқин ва ишончли кадрлари сони кўп эмас. Масалан, Дмитрий Кулеба сентябр ойида лавозимидан бўшатилган эди ва ҳозирда уни ташқи разведка раҳбари лавозимига номзод сифатида кўриб чиқиш эҳтимоли юқори экани айтилмоқда. Умуман олганда, бу жараён оддий ва мантиқан зарур бўлган ҳолат сифатида баҳоланмоқда. Буданов эса ҳозирда жуда ёш, стратегик фикрлайдиган, разведка соҳасини чуқур биладиган, замонавий ва узоқ муддат ишлай оладиган етакчи кадр сифатида эътироф этилмоқда.

Санжарбек Рашидов: Урушнинг узоқ давом этиши кўпчиликка аён бўлиб қолди. Яқин орада ҳеч қандай келишув ёки шартнома имзоланиши кутилмаяпти. АҚШнинг сўнгги баёнотлари ҳам Россия учун хавотирли бўлди дейиш мумкин. Бугун яна тўртта вилоят губернатори ишдан олинди. Аввал мудофаа раҳбарлари алмашди, энди эса навбат губернаторларга келаётганга ўхшайди. Зеленский ҳокимиятга келганида коррупциядан холи давлат барпо этиш, мавжуд кадрларни тўлиқ янгилаш шиори билан чиққан эди. Аммо президентликка келган заҳоти буни амалга ошириш имкони бўлмади. Ҳозирги шароит эса бунга мажбур қилмоқда. Бу ерда Европа ҳамкорларининг ҳам талаблари муҳим аҳамиятга эга. Украина асосий молиявий ва ҳарбий ёрдамни айнан Европадан олаётган экан, донорлар томонидан кадрлар масаласида талаблар қўйилиши табиий ҳол. Бу жараённинг иккинчи муҳим жиҳати шундаки, Зеленский президентлик фаолиятининг дастлабки даврида асосий эътиборни фақат мудофаага қаратган эди. Ўша пайтда асосий мақсад — Украинани давлат сифатида сақлаб қолиш, Киевнинг тез фурсатда эгалланишига йўл қўймаслик бўлган. Ҳозирги босқичда эса стратегик ёндашув ўзгарди. Урушнинг моҳияти, мақсадлари чуқурроқ англаб етилди. Энди кучли ва тажрибали кадрларни жой-жойига қўйиш масаласи кун тартибига чиқмоқда. Масалан, ташқи разведка раҳбарлари ишдан олинмаяпти, балки тизимнинг ўзида бошқа йўналишларга ўтказилмоқда. Бу ҳолат келажакда, агар уруш давом этса, Украинанинг ҳужумкор босқичга ўтишига тайёргарлик сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин. Давлат тизими мувозанатли тарзда қайта шакллантирилмоқда ва имкон қадар коррупциядан холи бўлишига урғу берилмоқда. Албатта, мутлақо коррупциясиз давлат бўлиши қийин, бироқ уруш даврида коррупция айниқса оғриқли масала. Халқ аллақачон урушдан чарчаган. Агар яна коррупция можаролари кўпаяверса, бу норозиликни янада кучайтиради. Шу сабабли коррупцион омиллар Зеленский учун ҳам жиддий сиёсий хавф туғдиради. Бу масала президентнинг легитимлиги билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Россия доимий равишда Зеленскийни “ноқонуний президент” деб атаб, сайловлар ўтказилмаётганини баҳона қилиб келади. Музокаралардан қочиш учун айнан шу аргументдан фойдаланади. Шу боис Зеленский барча жараёнлар унинг назоратида эканини, дахлсиз ёки алмашмайдиган кадрлар йўқлигини кўрсатишга уринмоқда. Кадрлар алмашинуви орқали Зеленский ўзини кучли сиёсий фигура сифатида намоён қилмоқда: ҳамма Украина ғалабаси, давлатнинг мудофааси йўлида хизмат қилиши керак ва ҳар ким зарур бўлса истеъфо беришга ёки бошқа лавозимга ўтишга тайёр бўлиши лозим, деган сигнални бермоқда.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид