Ўзбекистон | 15:19 / 07.08.2024
10346
4 дақиқада ўқилади

1-синф ўқувчиларига “Президент совғаси” тарқатила бошланди. Болаларга нималар берилади?

Янги ўқув йилидан мактабларга чиқиши кутилаётган 700 мингдан ортиқ 1-синф ўқувчиларига 12 номдаги ўқув қуроллари берилади. Совғалар 10 августгача ҳудудларга, 20 августгача эса барча умумтаълим мактабларига етказилади. Kun.uz жараён қандай кечишини кузатди.

Бу йил Ўзбекистондаги мактабларга 719 366 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган. 6 августдан бошлаб улар учун керакли бирламчи ўқув қуроллари “Президент совғаси” сифатида тарқатила бошланди.

12 та предметдан иборат тўпламдан портфел, дафтар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли қалам, оддий қалам, пластилин, елим, ўчирғич жой олган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таъминот ва логистика хизмати томонидан бериладиган совғалар 10 августгача ҳудудий бошқармаларга, 20 августгача эса барча мактабларга тўлиқ етказилади.

Вазирлик бошқарма бошлиғи Эркин Муродовнинг айтишича, ўқув қуролларини тайёрлашда уларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилган.

Бунинг учун ота-оналар, мутахассислар, мактаб ўқувчиларининг фикрларини ўргандик. Ҳар бир ўқув қуроли учун мувофиқлик сертификати, санитар-нормаларга жавоб бериш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, биз ўқув қуролларини тайёрлашимизда ҳар бир болага етарли миқдорда ўз вақтида етиб боришини таъминлаш учун 1-синфга қабул қилинадиган ҳар бир фарзандларимизни махсус электрон платформага номма-ном киритганмиз. Бу ҳеч бир болага ўқув қуроллари етмасдан қолмасин деган муаммонинг олдини олишга қаратилган.

Бу йилдан бошлаб бир хил рангдаги ўқув қуроллари тайёрланган. Ўтган йилларда ўғил ва қиз болаларга алоҳида-алоҳида ранглар бўлган, лекин амалиётдаги номувофиқлик туфайли ўғил болалар учун бошқа рангдаги, қиз болаларга бошқа рангдаги портфеллар берилган. Шунинг олдини олиш учун бу йилдан бир хил қилиняпти”, – дейди у.

Қайд этилишича, “президент совғаси” нафақат давлат умумтаълим мактаблари, балки вазирлик-идоралар тасарруфидаги бошқа мактаблар ва нодавлат умумтаълим муассасаларига ҳам етказиб берилади.

Бугунги кунда давлат мактабларига 590 мингдан ортиқ ўқувчи қабул қилинган, лекин режа бўйича уларнинг сони 719 минг атрофида бўлиши кутилмоқда.

“Президент совғаси”нинг дастлабки партияси Чилонзор туманида жойлашган 126-мактабга олиб борилди. Мактаб директори Муяссар Баҳромованинг айтишича, янги ўқув йилидан мазкур мактабга 175 нафар 1-синф ўқувчилари чиқиши кутилмоқда. Ҳозирги кунгача 145 нафари қабул қилинган. Шунга мувофиқ, таълим ташкилотига 175 та “президент совғаси” олиб келинган.

Президент совғалари”ни ҳар йили ўқувчиларимиз мактабга келмасидан олдин қабул қиламиз. Албатта, белгиланган вақтда етказиб берилади. 12 турдаги ўқув қуроллари ва портфел [келади]. Ҳеч қачон бу совғани қабул қилиб олишда ёки тарқатишда муаммо бўлмаган. “Президент совға”ларимиз ҳар йили мактабга қабулга нечта бола берилган бўлса, шунинг сонига тўлиқ таъминлаб берилади.

Шу кунгача тажрибамда ота-оналардан “совға етмади, бошқача берилибди, икки хил бўлибди” деган гаплар эшитмаганман. Чунки портфеллар бир хил, ичидаги 12 турдаги ўқув-қуроллари ҳамма ерда бир хил берилади, улар ҳаммаси санаб, юк халтаси орқали санаб олинади, ўқувчиларимизга тақдим қилинади”, – дейди у.

Баҳромовага кўра, 126-мактаб 1 050 ўринли бўлиб, янги ўқув йилида бу ерда 1 900 дан ортиқ ўқувчи таҳсил олади.

Умуман, 2024/25 ўқув йилида Ўзбекистон бўйича 10 182 та мактабда 525 мингдан ортиқ ўқитувчи 6,5 миллиондан ортиқ ўқувчига таълим бериши кутилмоқда.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид