“Фақат автомобил бошқарса жаримага тортилади” — эски “права”ларни 1 апрелгача алмаштирилмаслик оқибати ҳақида
Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб улгурмаганлар 1 апрел ва ундан кейинги саналарда муддати ўтган “права”сини янгисига алмаштириши мумкин, бу жараёнда фуқародан ҳеч қандай жарима ундирилмайди.
31 март куни эски гувоҳномаларни алмаштиришнинг биринчи босқичи якунланади. 1 апрелдан бошлаб 2010 йилгача берилган эски “права”лар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Қонунчиликка кўра бундай ҳужжат билан машина бошқариш мумкин эмас ва бунинг учун МЖтКнинг 135-моддасида маъмурий жавобгарлик (базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (айни пайтда 300 минг сўм) миқдоридаги жарима) кўзда тутилган.
Қайд этилишича, 30 март ҳолатига 2010 йилгача берилган эски “права”ларнинг аксарияти янгисига алмаштирилган. Фақатгина ишлаш, ўқиш ва бошқа мақсадларда хорижда қолаётган айрим фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмасдан қолмоқда.
Дейлик, фуқаро 31 мартгача “права”сини алмаштиришга улгурмади. У машина бошқармасдан 1 апрелдан кейин ҳам ДХМ ёки ЙҲХХга бориб ҳайдовчилик гувоҳномасини бемалол янгисига алмаштира оладими? Белгиланган муддатдан ўтиб боргани учун жарима тўлайдими ёки йўқ?
ИИВ ЙҲХХнинг Kun.uz’га маълум қилишича, башарти ҳайдовчилар эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштира олмаганда, агар улар муддати ўтган ҳужжат билан автомобил бошқаришмаса, уларга нисбатан маъмурий жазо қўлланмайди. Улар 1 апрел ва ундан кейинги саналарда ҳам Давлат хизматлари маркази ёки туман ЙҲХБга бориб муддати ўтган “права”ларини янгисига алмаштиришлари мумкин, бу жараёнда фуқародан ҳеч қандай жарима ундирилмайди.
Вақтида алмаштирилмаган ҳайдовчилик гувоҳнома билан машина рулига ўтириш транспорт воситасини ҳужжатсиз бошқариш деб ҳисобланади ва бу ҳолат аниқланган тақдирда ЙПХ ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилади.
Аввалроқ Адлия вазирлиги 15 март ҳолатига 2010 йилгача берилган гувоҳномаларни янгисига алмаштириш лозим бўлганлар сони 200 мингдан ортиқни, 2010–2012-йилларда берилган гувоҳномаларни янгисига алмаштириш лозим бўлганлар сони 100 мингдан ортиқни, 2013–2015-йилларда берилган гувоҳномаларни янгисига алмаштириш лозим бўлганлар сони 150 мингдан ортиқни, 2015 йилдан кейин берилган гувоҳномаларни янгисига алмаштириш лозим бўлганлар сони 150 мингдан ортиқни ташкил қилаётганини билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни мажбурий алмаштириш муддати қуйидагича:
- 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари – 2023 йил 31 мартгача;
- 2010 – 2012-йилларда берилганлари – 2023 йил 30 июнгача;
- 2013 – 2015-йилларда берилганлари – 2023 йил 30 сентябргача;
- 2015 йилдан кейин берилганлари – 2023 йил 31 декабргача.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:02 / 12.11.2024
Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди
14:15 / 12.11.2024
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда
07:30 / 05.11.2024