Жамият | 16:45 / 13.07.2021
78334
2 дақиқада ўқилади

Сенат ва Бош прокуратура буғдойи тортиб олинган урганчлик аёл мурожаатига муносабат билдирди

Урганч туманида буғдойи ҳокимлик ва куч тузилмалари томонидан тортиб олинган хонадон бекаси Гулхумор Назарова Сенат раиси Танзила Норбоева ҳамда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга мурожаат қилиб, ёрдам сўраган эди. Сенат ва Бош прокуратура ушбу мурожаат юзасидан расман муносабат билдирди.

«Таъкидланишича, 2021 йил 19 июнь куни Урганч туманида ИИБ ходимлари ва бошқа идораларнинг вакиллари ҳокимнинг топшириғига кўра, фуқаронинг омборида сақланаётган 30 тонна буғдойни мажбуран тортиб олгани, фуқаронинг мулкига тажовуз қилишгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига уни хўрлашгани, соатлаб асоссиз ушлаб туришгани ва босим ўтказишгани айтилган.

Бу борада Урганч тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани маълум қилинган. Бироқ орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, амалда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаётгани, бўлган босимлардан сўнг фуқаронинг турмуш ўртоғи И.Р. инсульт бўлиб қолгани билдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш натижалари бўйича маълумотларни кенг оммага эълон қилишни сўраган.

Шунингдек, фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишли тартибда мурожаат қилинди. Ўз навбатида, қўмита қонунбузилиши ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини билдиради», дейилади Сенат ахборот хизмати томонидан эълон қилинган муносабатда.

Бош прокуратура ҳам фуқаронинг мурожаатига муносабат билдириб, Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура томонидан ўрганиш ишлари бошланганлигини маълум қилган.

Мавзуга оид