Ўзбекистон | 14:15 / 12.11.2024
10550
2 дақиқада ўқилади

БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва БАА ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномалари ўзаро тан олиниши тўғрисидаги битим 2023 йилда имзоланган.

Ўзбекистоннинг элчихонаси раҳбарияти Дубай рекрутинг бизнес гуруҳи бош котиби, DULSCO Group рекрутинг компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Маҳди Муҳаммад билан учрашув ўтказдилар.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги корхоналарни ташкил қилиш орқали қўшимча ишчи ўринларини яратиш, мамлакат фуқароларини уюшган ҳолда ва қонуний тарзда хорижий давлатларга ишга юбориш, миграция бўйича меъёрий-ҳуқуқий асослар ва бошқалар тўғрисида сўзлаб берилди. Ўзбекистон бозорларида фаол ишлайдиган рекрутинг компаниялари тўғрисидаги маълумотлар ҳам БАА томони эътиборига тақдим этилди.

Дубай рекрутинг бизнес гуруҳи бош котиби Ўзбекистон бозорига қизиқиш мавжудлигини ва мамлакат фуқароларини БААда иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. 

Маҳди Муҳаммад Ўзбекистон ва БАА ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномалари ўзаро тан олиниши тўғрисидаги битим 2023 йилда имзоланганига эътибор қаратиб, тажрибали ҳайдовчиларни иш билан таъминлаш имконияти борлигини маълум қилди.

Музокаралар якунида мамлакатдан БААга малакали мутахассисларни ишга жалб қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли ташкилоти ва Дубай рекрутинг бизнес гуруҳи ўртасида ҳамкорлик битими лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш бўйича келишиб олинди.

Мавзуга оид