Ўзбекистон | 09:28 / 27.04.2021
13213
6 дақиқада ўқилади

Юртни боғга айлантиришни хоҳлайдиган боғбон. У 35 йилдан буён одамларга тут кўчатини тарқатади

Халқимизда яхшидан боғ қолар деган гап бор. Бу гап бежизга айтилмаган, инсонлар ёки солиҳ фарзандлар ўстириб ёки бошқалар баҳраманд бўладиган боғ кўкартириб, ўзидан яхши из қолдиришни хоҳлайди. Қаҳрамонимиз Тойлоқ тумани Қундузак қишлоғида яшовчи боғбон Аҳтамхон Исматуллаев ҳам шундай инсонлардан бири. У 35 йил аввал – тут мевасига меҳр қўйгандан буён бу дарахт кўчатларини етиштиради ва одамларга савоб учун бепул тарқатади...

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«37 йил аввал бир воқеа сабаб бўлиб тутга меҳр қўйганман. 1984 йил «сариқ касал» бўлиб шифохонага тушдим. Даволаниб бўлиб, шифохонадан чиқаётганимда менга қараган доктор кўпроқ тут енг, жигарга фойда, деди. У вақтлар ҳар қадамда тут экилган бўлса-да, меваси пишишга улгурмай пилла учун кесиб кетишарди. Фақат қишлоғимизда 120 йил аввал экилган 15-20 туп тут кесилмасди. Ўша боғдан тут пишиғи ўтгунча тўйиб тут едим ва шундан шифо топдим.

Шундан сўнг, мен ҳам тут эксам-да, одамлар ундан еса деган ният пайдо бўлди. Ўшандан бери тут кўчатини етиштириб, тарқатамиз. Аввалига мингтадан, кейин-кейин ҳар йили 10 мингтача тут кўчатини етиштириб тарқатяпмиз», дейди Аҳтамхон ака.

Бу инсон анча йиллардан буён водий вилоятларидан тортиб Сурхондарё-ю Қорақалпоғистонгача тут кўчатларини бепул тарқатиб келмоқда. У тарқатган кўчатлар турли гўшаларда ўсиб турибди ва одамлар улардан баҳраманд бўлмоқда. Тиниб тинчимаган қаҳрамонимиз савоб йўлида қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга ҳам тут кўчатларини олиб бориб тарқатган.

Аҳтамхон аканинг фикрича, тутнинг мевасидан ташқари, шинниси, қуритилган қоқиси ҳам саломатлик учун кони фойда. Боғбон сўнгги йилларда нок дарахтига ҳам меҳр қўйган. У 2-3 йилдан буён тут кўчатларининг ёнига олма ва нок дарахтларини ҳам қўшиб тарқатишни бошлаган. Қаҳрамонимиз дастурхонларда ва бозорларда камайиб кетаётган балхи тут ва нокни кўпроқ экишни тарғиб қилади.

Суҳбат давомида боғбон икки орзуси борлигини айтиб қолди. Бири Тойлоқ туманида Имом Доримий (бу зот Имом Бухорийнинг устозлари бўлади) зиёратгоҳи яқинида жойлашган 1 000 йиллик тутзорга давлат яхшироқ эътибор берса, уни муҳофазага олиб, тутзор боғ қилса.

«Намангандаги Яккатут деган жойда 800 йиллик тут дарахти бор. Ўша тутнинг атрофини ўраб, муҳофазага олишган. Тойлоқ туманида жойлашган Имом Доримий зиёратгоҳи олдида эса ёши 800 ёшдан ошган 50 тача тут дарахти бор, аммо улар эътибордан четда қоляпти. Қани эди катталар бу тутларга эътибор берса, бу ерни чиройли бир боғга айлантиришса ва тутларнинг мевасидан одамлар баҳраманд бўлса», дейди у.

Аҳтамхон аканинг иккинчи орзуси – Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида 1 гектардан ярми тутзор, ярми нок дарахти экилган боғ қилиб бериш: «Қани эди Ўзбекистондаги ҳар бир туманда 1 гектардан боғ қилиб берсам. Менга кўчат экишга ер кўрсатишса бўлди, у ерга эгалик даъво қилмайман. Ернинг эгаси ўша тумандаги фермер ёки ҳокимлик бўлиб қолаверсин. Мен фақат нок ва тут дарахтларини экиб боғ қилиб бераман. Сўнг, уч йил парвариш қилишда ҳам кўмаклашаман. Боғнинг ҳосилини ҳам ўзлари тасарруф қилишади. Бир йилда 50 та туманда боғ қилиб беришга қувватимиз етади.

Ўзбекистонда Самарқанд ва Бухоро туманида тутзор боғлар сақланиб қолган. Бошқа вилоятларда тут дарахти камайиб кетган. Агар ҳар бир туманда тут ва нок дарахтидан иборат боғ бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади», дейди боғбон.

Аҳтамхон ака қишлоғи яқинида қурилаётган Самарқанд сайёҳлик маркази ва унинг атрофида кўпроқ тут экилса дейди: «Қишлоғимиз ёнида қурилаётган жой Самарқанд шаҳрининг энг чиройли жойи бўлади, насиб бўлса. Мен шу ерга ҳам 1000 та тут экиб бериш ниятим бор. Номи ҳам «Мингтут» массиви бўлсин. Одамлар кўпроқ тут экиши ва ейиши керак. Магазинда турган қиммат шоколаддан кўра тут қоқиси инсон саломатлиги учун фойдали. Шу учун тут пишганда одамлар ундан тўйиб-тўйиб есин», дейди боғбон.

Биз боғбон билан бир кун бирга юрдик. Тушгача иккита мактаб, боғча ва қишлоқ врачлик пунктида, тушдан сўнг туман марказидаги масжидда, Имом Бухорий мажмуасида ва Ҳадис мактабида кўчат тарқатдик. Йўл-йўлакай турли дарахт кўчатларини экиб турган инсонларга ҳам дарахт кўчатини қандай экиш ва уни тўғри парвариш қилиш ҳақида маслаҳатлар берди.

Қаерга борган бўлсак, боғбон бобони ҳамма яхши танийди. Уни хуш кайфият билан қаршилашади. Айниқса мактабдаги болажонлар дарров унинг атрофини ўраб олишади. Чунки боғбон ота уларни ҳам қуруқ қўймайди. Чўнтагида доим олиб юрадиган обакидандондан улашади. Аҳтамхон ака ўқитувчиларнинг қўлига олма ва нок кўчатларини бериб, марҳум устозлар номидан экишларини сўради: «Савоби марҳум устозларимизга бориб турсин», дейди қаҳрамонимиз.

Кун сўнгида юртимизда мана шундай савобталаб инсонлар кўпайишини Худодан сўраб, боғбон билан хайрлашдик.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид