Ўзбекистон | 08:55 / 05.06.2024
9273
3 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда жойлашган йирик бозорлар темир панжаралар билан ўраб олинади

2024 йил 1 октябрга қадар ҳудудларда жойлашган йирик бозорлар, уларнинг кадастр ҳужжатларига асосан, шаҳарсозлик меъёрларидан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан темир панжаралар билан ўраб олиниши режалаштирилмоқда.

Фото: Kun.uz

“Йирик бозорларда жамоат тартибини сақлашни таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Йирик бозорларда жамоат тартибини сақлашни таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган йирик бозорлар рўйхати тасдиқланади.

Белгиланишича:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш Миллий гвардия органлари томонидан, бошқа ҳудудлардаги йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади;
  • тегишли идоравий қўриқлаш ва ёнғиндан сақлаш хизматлари мавжуд бўлмаган йирик бозорлар Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ёки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари билан объектларни қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўйича шартномалар тузишга мажбур;
  • йирик бозорларга ташриф буюрувчилар шахсий буюм ва қўл юкларини кўздан кечириш учун тақдим этишга, зарур ҳолларда, ходимнинг талабига кўра кўрикдан ўтишга мажбур;
  • йирик бозорлар уларда жамоат тартибини сақлашни таъминлаш учун талаб этиладиган замонавий техник хавфсизлик воситалари билан мажбурий тартибда жиҳозланади;
  • хўжалик юритувчи субъектлар томонидан йирик бозорларда жамоат тартибини сақлашни таъминлаш учун талаб этиладиган ёнғинга қарши ҳимоялаш ва замонавий техник хавфсизлик воситалари билан таъминлаш хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
  • йирик бозорларда ташкил этиладиган мавсумий ярмаркалар ўтказиладиган жойларни белгилаш бозорда жамоат тартибини сақлашга масъул бўлган ички ишлар, Миллий гвардия ёки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари раҳбарлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

  • 2024 йил 1 октябрга қадар ҳудудларда жойлашган йирик бозорларни уларнинг кадастр ҳужжатларига асосан, шаҳарсозлик меъёрларидан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан темир панжаралар билан ўраб олинишини таъминлайди;
  • хўжалик юритувчи субъектлар томонидан йирик бозорларни жамоат тартибини сақлаш бўйича қўриқлаш муҳандислик-техник воситалари билан жиҳозлашнинг белгиланган талаблар асосида амалга оширилишини таъминлайди;
  • Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси билан биргаликда хўжалик юритувчи субъектларда ушбу қарор билан тасдиқланган низом талаблари юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўриб борилишини таъминлайди;
  • йирик бозорлар ва тадбиркорлик субъектларига ўрнатилган замонавий техник хавфсизлик воситалари Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари ситуацион марказларига интеграция қилинишини ҳамда объектлардаги қўриқлаш техник воситаларининг маълумотлари оператор хонасига узатилишини таъминлайди.

Мавзуга оид