Ўзбекистон | 12:12 / 22.04.2024
2290
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг ESN дастури Ўзбекистонда 18 минг нафар инглиз тили ўқитувчисини тайёрлади

Инглиз тилида сўзлашувчи миллат (English Speaking Nation – ESN) дастури доирасида Ўзбекистон бўйлаб 18 000 дан ортиқ инглиз тили ўқитувчиси ўқитилиб, бу орқали мамлакатнинг ўрта мактаб ўқувчилари учун инглиз тили кўникмалари кучайтирилди ҳамда юқори сифатли таълим таъминланди. 

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

АҚШ элчихонаси хабарига кўра, тўрт йил давом этган, қиймати 7 миллион доллар бўлган ушбу дастур шанба куни Тошкентда байрамона ёпилиш маросими билан якунланди.

2019 йил ноябр ойида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ишга туширилиб, Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари томонидан амалга оширилган ушбу қўшма ташаббус Ўзбекистондаги инглиз тили ўқитувчиларига ўз ўқувчиларининг тил билиш малакасини ошириш учун энг самарали ўқитиш методологияси билан таъминлашга қаратилган.

Мазкур комплекс дастур Ўзбекистон бўйлаб ўрта мактабларнинг 18 000 дан ортиқ инглиз тили ўқитувчисига интенсив малака ошириш имкониятларини тақдим этди. 452 нафар ўқитувчи TESOL дастури бўйича юзма-юз ўтказилган 140 соатлик курс орқали халқаро миқёсда тан олинган сертификатларга эга бўлди. 66 нафар ўқитувчидан иборат гуруҳ эса 2024 йил 16 март куни TESOL курсларини муваффақиятли тамомлади.

Бундан ташқари, 693 нафар инглиз тили ўқитувчиси ўз ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб эксперт ўқитувчилар тармоғини шакллантириб, тренер ва мураббий бўлиш учун 60 соатлик ихтисослаштирилган курсда қатнашди. Бу юқори малакали ўқитувчилар ESN дастури доирасида Ўзбекистоннинг ҳар бир минтақасидан 18 000 дан ортиқ ўқитувчини ўқитди. Ўқитувчиларнинг якуний гуруҳи 2024 йил март ойида ушбу тренингларда қатнашди, натижада дастурда ўқитилганларнинг умумий сони 18 000 нафардан ошди.

«Ўқитувчиларнинг хабар қилишларича, мазкур дастур уларга ўз дарсларини тўғри режалаштиришда ёрдам берган ҳамда ўз мактаб жамоаларида етакчи бўлишларида қўллаб-қувватлаган. Мактаб директорлари ҳам ўқитувчиларнинг инновацион таълим усулларини эътироф этишмоқда. Ўқувчилар эса инглиз тилида кўпроқ гаплашмоқда ва тил кўникмаларини тобора ривожлантириб бормоқда», - деди АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник.

Дастур давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқув дастурларини ишлаб чиқишда маслаҳат бериш, TESOL сертификатларини олган ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш, йиллик малака ошириш курсларига ESN дастурларини ҳам киритиш ва ўқитувчиларга касбий ривожланишга қаратилган маҳорат дарслари ва курсларни якунлаш учун дарслардан таътил беришда муҳим рол ўйнади.

Мавзуга оид