Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор компания 307,8 млрд сўмлик қурилишни қўлга киритди
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор кўриладиган Discover Invest пойтахтда навбатдаги йирик давлат буюртмасини қўлга киритди. Тендерда захира ғолиби деб танланган иккинчи компания – Mimar Group, у ҳам ҳокимга бегона эмас.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидан оқиб ўтувчи Жангоҳ, Чуқуркўприк ва Захариқ коллекторлари ёпиқ ҳолатга олиниб, коллекторлар усти ва унга туташ ҳудудда автомобил йўли, яшил майдонлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилади.
Бу борадаги ишларнинг 1-босқичини амалга ошириш бўйича давлат буюртмаси "Discover Invest" МЧЖга берилди. Компания тендерда 307,8 млрд сўм таклиф билдирган.
Тендерни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Daryo bo‘yi business city тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси” унитар корхонаси ўтказган.
16 июлдан 2 августгача ўтказилган бу тендер натижалари бўйича, ишларни 657 кунда тугатиш шарти билан, буюртмачи ва "Discover Invest" МЧЖ ўртасида 307 815 495 632 сўмлик шартнома тузиш бўйича баённома расмийлаштирилган. Тендернинг захира ғолиби сифатида "Mimar Group" МЧЖ танланган.
"Discover Invest" МЧЖ кимники?
Давлат реестрига кўра, "Discover Invest" МЧЖ 2008 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган. Компаниянинг 56,9 фоиз улушига Исроилов Исмоил Эркинович, 43,1 фоиз улушига эса Зоҳидов Абдурасул Абдусатторович эгалик қилади.
Исмоил Исроилов Kolorpak, Teleradiokompaniya ZO‘R каби қатор МЧЖларда ҳам улушларга эга. Аввалроқ Kun.uz унинг таъсисчилигидаги "Kolorpak" МЧЖ 2022/23 ўқув йили учун мактаб дарсликлари бўйича буюртмаларнинг катта қисмини қўлга киритганига эътибор қаратганди.
Айрим манбалардаги маълумотларга кўра, Исмоил Исроилов – Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жияни бўлиши мумкин. У аввалроқ Akfa Engineering Management компанияси директори бўлган, айни пайтда ҳам ҳокимга дохил деб кўриладиган қатор компанияларга алоқадор шахс саналади.
Захира ғолиб – Mimar Group
Бу тендер бўйича захира ғолиб сифатида "Mimar Group" МЧЖ танланган. Давлат реестрига кўра, бу компаниянинг 57,9 фоиз улушига Ғаниев Алишер Абдубоситович, 42,1 фоиз улушига эса Яминов Козимбек Ўткурович эгалик қилади.
Компания таъсисчиларидан бўлмиш Алишер Ғаниев пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга яқин шахс сифатида кўрилади. Шунингдек, 2019 йилдаги маълумотларга кўра, Ортиқхўжаев эгалик қилган Dream Production компаниясини Дилмурод Ғойипов (Mimar Group'нинг собиқ директори) бошқарган.
Шунингдек, Ғойипов Speedway Line номли бошқа бир компаниянинг эгаларидан бири бўлган. Бу фирманинг юридик манзили ва телефон рақами Artel компаниясиники билан бир хил, электрон почтаси эса Artel компаниясининг расмий сайти – artelgroup.org доменида жойлашгани ҳақида аввалроқ Kun.uz ёзганди.
Mimar Group охирги йилларда Тошкентдаги бир қатор қурилиш ва таъмирлаш лойиҳаларида давлат буюртмаларини қўлга киритиб келмоқда.
Discover Invest ҳам шу жумладан. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Рақамли Тошкент вазиятлар маркази”ни қуриш ишлари ҳеч қандай тендерсиз, ҳукумат фармойиши билан, истисно тариқасида, Discover Invest'га топширилган.
Discover Invest нафақат пойтахтдаги, балки Нукус шаҳридаги Дўстлик канали бўйида истироҳат боғи, болалар ўйингоҳи, "Workout" майдончаси қуриш бўйича 34,2 млрд сўмлик буюртмани ҳеч қандай тендерсиз қўлга киритган.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024