Иқтисодиёт | 21:30 / 04.09.2017
94181
15 дақиқада ўқилади

Валютанинг эркин конвертацияси — Бизни нима кутмоқда?

Мана, ниҳоят барча интиқ бўлиб кутган «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича бирламчи чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177 сонли фармони имзоланди ва 5 сентябрдан амалда қўлланилиши белгиланди.

Оддий кишилар ушбу фармоннинг туб моҳиятига ҳали етиб бормасдан турли фикрларни илгари суришни бошладики, улар орасида «энди ҳамма нарса қиммат бўларкан», «яна алмаштириш шохобчаларида фақат катта навбатлар бўлади», «қора бозор йўқ бўлиб кетарканми», «оддий халқ фақат зарар кўраркан», «яна ўша картага пул ўтказишаркан» (у ҳеч қаерга ўтмайди) ёки бўлмасам «50 мингталик чиқиши бекоргамас, долларни банклар берадиган бўлса, аниқ сўм пули синаркан» деган фикрларгача янгради. Бироқ юқоридаги фикрларнинг барчаси бирдек ҳақиқатдан анча йироқ бўлган фикрлар эканини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Кўпинча ўтиш иқтисодиётидаги мамлакатларда бирор-бир иқтисодий ўзгариш юз бераётганда халқ орасида шунақа турли тушунмовчиликлар бўлиши табиий ҳол. Кўп эмас, яна 6 ой ўтгач, валютанинг эркин конвертацияси билан боғлиқ барча масалалар ҳамма учун бирдек тушунарли ва равшан ҳолатга келади.

Ҳозирча эса биз конвертация қандай амалга оширилиши ва унинг дастлабки босқичдаги оқибатлари қандай бўлиши ҳақида мустақил фикр билдириб ўтмоқчимиз. Аввало, шу кунгача бизда конвертация йўқ эди, деб бонг урувчи барча мутахассислар диққатига, бизда шу кунгача қисман (чекланган) конвертация мавжуд бўлган. Яъни, хорижий валютани харид қилиш жисмоний шахслар учун алоҳида тартибга кўра (2 минг АҚШ доллари туристик мақсадларда ва ундан ортиқ даволаниш ҳамда ўқиш харажатларига халқаро пластик картага ўтказиб берилган) ва юридик шахслар учун алоҳида тартибга кўра, (Биржага бериладиган талабномага асосан навбатма-навбат банкларнинг мавжуд имкониятига кўра, давлат курсида конвертация қилиб берилган. Бироқ ушбу навбатларнинг айримлари 1 ойдан 1 йилгача одатда айрим ҳолларда бир неча йилларгача навбат кутилиши ҳолатлари кузатилган) амалга оширилган. Хорижий валютани миллий валютага давлат курсида алмаштиришга эса ҳеч қандай чекловлар мавуд бўлмаган. Бироқ айтиш жоизки, ушбу чекланган конвертация натижасида кўплаб соҳаларда шиддат билан ривожланиш мумкин бўлган жиҳатлар амалда секинлашган, йўқ жойдан кўчадаги курс ва давлат курси ўртасидаги фарқ натижасида фойда олишни кўзлаб иш қиладиган ноқонуний касблар ҳам пайдо бўлган. Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек “...бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади”. Худди шу сўзларнинг исботи сифатида чекланган валюта конвертацияси натижасида яратилган турли бўшлиқларни жуда катта коррупция ва яширин иқтисодиёт вакиллари ўзларининг турли ниқоб остидаги вазифалари билан тўлдириб келишган.

Энди белгиланган фармон ижроси ва механизмлари пухта ўйланган ҳолда амалга татбиқ қилинса, юқоридаги қатламнинг кучи ва мавқеи аста-секинлик билан емирила боради. Аслида бу фармоннинг асосий таъсир жиҳати сезилиши аҳолига (жисмоний шахслар) нисбатан кучли бўлади. Сабаби юридик шахслар учун бозор курсида валюта харид қилиш имконияти анча олдинроқ бошланган ва ўзининг самарасини бериши амалда кузатилаётган эди. Конвертация янги тартибининг хорижий сармоядорларга энг қулай жиҳати фойдани эркин репатриация қилиш (олиб чиқиб кетиш) имкони бўлди. Хорижий сармоядорларни биринчи ўринда қизиқтирадиган саволлардан бири шу бўлар эди. Шунингдек, яқинда қабул қилинган қарорга кўра, корхоналарни валютани мажбурий сотишдан озод этилиши натижасидаги енгилликлар эндиликда экспортёр корхоналарнинг валютага нисбатан талабини камайтириб келаётган эди. Ўзбекистондаги мавжуд юридик шахсларнинг аксариятини қизиқтираётган саволлардан бири ҳозирда валютада олинган кредитларнинг миқдори жиҳатдан қандай ўзгаришидир. Бу борада, агар экспортер корхона ёки ташкилот бўлса уларга муаммо йўқ, бироқ асосий тушуми сўмда бўлган корхона ташкилотлар сўмни конвертация қилиш орқали тўлаётган бўлса, сезиларли тартибда қарз миқдори ошади. Бироқ бу борада ҳали фармонда ҳам, амалда ҳам ҳукумат ва банклар томонидан енгиллаштирувчи чора-тадбирлар амалга оширилиши мумкин. Хусусан, фармонда корхона ва ташкилотларнинг валютадаги активлари курс ҳисобига ўсиши қайд этилган қисмига нисбатан солиқдан имтиёз берилиши назарда тутилган. Фаолияти импорт қилинадиган маҳсулот ёки хом ашё билан боғлиқ ташкилотларнинг товар ва хизматлари нархларига салбий таъсири натижасида фойдаси камайиб кетмайдими, деган саволга эса шундай жавоб бериш мумкин. Айрим ташкилотлар товарларни хорижий валютага шундай ҳам бозор ёки биржа курсида олиб келиб сотишаётганди, уларда сезиларли ўзгариш бўлмайди, аксинча, фойдаси ошиши мумкин айрим ҳолатларда. Валютани давлат курсидаги нархларида хизматлар (мобил алоқа, интернет ва б.)дан фойдаланадиган ташкилотлар фаолиятида эса 29 августдаги курс бўйича тарифларнинг сўмда белгиланиши оқибатида деярли ўзгариш кузатилмайди ва узоғи икки кварталдан кейин яна нархларни барқарор сиёсатини юритиш имкони ҳосил бўлади.

Жисмоний шахсларга келадиган бўлсак, энди исталганча миқдордаги хорижий валютани бозор курсида банкларга топширган ҳолда нақд сўм олишлари мумкин. Агар харид қилишмоқчи бўлишса, халқаро пластик карталар (VISA/Master card/China Union Pay)нинг бирига бозор курсида ўтказиб берилади.

Яна ўша эски ҳеч қаерга ўтмайдиган пластик картами дейдиганлар диққатига, бу эски конверсион карталар тизими эмас. (Маълумот учун, эски махсус конверсион карталар тизимида 2 минг АҚШ долларигача маблағ ўтказилган ҳамда ундан интернетда тўловларни амалга ошириш имкони бўлмаган, нақд пул ечиш бўйича жуда катта чекловлар қўйилган, бир қанча давлатлардаги терминалларда ишлашига чекловлар қўйилган). Эндиликда олинадиган халқаро пластик карталарида ҳар қандай тўлов ёки хизматни амалга ошириш имконияти бўлади. Бу чет элда нақд пул олиб юргандан минг марта афзал. Ахир банкдан хорижий валютани сотиб олаётган инсоннинг асосий мақсади ундан ёки хориждан бирор нарса харид қилиш ёки хорижда хизматлардан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш бўлиши керак, Ўзбекистон ичидаги ҳар қандай нарсани сўмда ҳам олиши мумкинку?

Аслида бизда хорижий валюта, хусусан АҚШ долларига нисбатан кўпроқ жамғариш воситаси сифатида қаралади. Унинг қиймати ҳам давлат томонидан, ҳам қора бозор томонидан ошиб келаётгани учун ҳам нақд АҚШ доллари васвасасига барча бирдай чалинган. Энди Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча тўловлар миллий валюта сўмда амалга оширилиши қонунан белгилангандан кейин қонунни ҳам ҳурмат қилган ҳолда ва қатъий амал қилган ҳолда сўмда амалга оширилишига хусусан фармонда алоҳида урғу бериб ўтилган. Ҳеч кимга сир эмаски, бизда кўчмас мулк объектлари, автомобиллар ва умуман, йирикроқ қийматга эга бўлган барча турдаги товарлар нархи долларга чамалаб белгиланиши ва керак бўлса, ўзаро нақд долларда ҳисоб-китоб қилиниши одатий ҳол бўлиб улгурган. Эндиликда, майли шу йирик объектлар нақд олди-сотдисида ноқулайликлар камроқ бўлсин деб давлатимиз 50 мингталикни ҳам амалиётга чиқарди. Энди барчаси сўмда тўланиши асосий мақсад қилинган.

Энди умумий маҳсулот ва хизматларнинг умумий нарх-навосига тўхталадиган бўлсак, аввало истеъмол бозоридаги маҳсулотлар нархида деярли ўзгариш бўлмаслиги кутилади (чунки, улар ўзи қора бозор курсига қараб белгиланган), озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида ҳам худди шундай ҳолат кузатилиши белгиланган (айримлари қора бозор курсига қараб белгиланган, қолганларига хом ашё орқали билвосита таъсир қилиши мумкин бўлган қўшимча қийматни давлат томонидан мақсадли назорат қилиниши белгиланган), транспорт ва алоқа хизматлари нархларида катта ўсиш кузатилмайди (чунки давлат курсидан бозор курсига ўтишда янгича тарифлар ишлаб чиқилиши белгиланган ва ҳозирча 29 августдаги 4210.35 сўм курс дастлабки курс бўлиши белгиланган). Умуман олганда нарх-навода ҳамма ваҳима қилаётгандек катта сакрашлар бўлмайди, аксинча барчаси ҳали белгилангандек амалга ошса, келажакда бизда ҳам импорт қилинадиган товарлар нархи арзонлашиши мумкин.

Яна эски даврлардагидек валюта айирбошлаш шохобчаларида турна-қатор навбатлар бўладими? дея сиқилаётган инсонлар учун ҳеч ҳам қайғурмасликларини маслаҳат берардик, ундай навбатлар бўлмайди. Чунки, эндиликда бу барча банкларнинг барча ҳудудлардаги шохобчаларида чекловсиз бозор курсида халқаро пластик картага ўтказиб бериш йўли билан амалга оширилади. Илгари навбатда турганларнинг асосий мақсади бозор курси билан давлат курси ўртасидаги курс фарқидан даромад олиш бўлган. У пайтлар нақд хорижий валютани сотиб олишган ва шуни айримлар ҳаттоки тирикчилик қилиб олишган эди. Хайриятки, 2013 йил февралдаги қарордан сўнг барча сотиладиган хорижий валютадаги маблағлар жисмоний шахсларнинг халқаро пластик картага ташланадиган бўлди. Янги тартиб бўйича эса халқаро пластик картага белгиланган тартибда ариза берган мижозларнинг пули тегишли муддатда ўтказиб берилади. Бунда ўз-ўзидан навбат ҳосил бўлишига манфаат ҳам асос ҳам йўқ.

Қора бозор бутунлай йўқ бўлиб кетадими?  Қора бозордаги пул айланмалари ҳажми бирданига эмас балки аста-секинлик билан камайиб боради, бироқ катта эҳтимол билан ҳали анча вақт амалда бўлиб туради. Чунки, бу инсонларимиз психологиясида нақд пулга бўлган ишонч ўша собиқ Совет иттифоқи давридан бери мустаҳкам ўрнашиб келган. Ўша эски чайқовчи бозор ўрнида бугун қора бозорнинг амал қилиши бизнинг халқимиз учун гўёки табиий ҳол. Бироқ бугунги кун даври бу ахборот технологиялари даври, унда барча пул ўтказмалари автоматик тарзда махсус тармоқлар орқали ўтиши барча давлатларда аллақачон анъанавий пул билан ҳисоб-китоб кўриниши бўлиб улгурган. Бироқ қора бозор мавжуд бўлишидан манфаатдор яна бир томон вакиллари мавжудки, у ҳам бўлса яширин иқтисодиётда фаолият юритувчилардир. Уларнинг асосий мақсади, амалда бўлаётган пул айланмаларини банкдан ташқари амалга ошириш ва натижада солиқдан қочиш ҳамда айрим ноқонуний битимларини амалга ошириш имкони. Барча коррупция ва фирибгарлик жиноятлари ҳам айнан мана шу ерда амалга оширилиши мумкин. Сабаби ушбу йўналиш вакиллари ўзлари ҳақидаги маълумотни барчадан сир сақлашни ва кўзга кўринмаслик учун ҳам нақд кўринишда назоратсиз ишлашни маъқул кўришади. Хорижий валютанинг банк орқали айланмасида барча пул ўтказмалари ҳаракати яққол кўриниб тургани учун яширин иқтисодиёт вакиллари энди оддий валюта қора бозоридан ташқари бошқа янги электрон пуллар бозорига ўтиши ҳам мумкин. Ҳали анча вақтгача одамлар қора бозордан нақд валюта харид қилишни канда қилишмайди, чунки бизнинг кишиларда шу банкка борса худдики, ниманидир ортиқча талаб қиладигандек туйғу ҳамон сақланиб қолган. Шунинг учун, одамларимиз токи ўзлари қора бозорга бўлган талабни йўқотмас эканлар, бу бозор мавжуд бўлаверади.

Оддий халқ бу эркин конвертациядан фақат зарар кўради деб фикрловчилар диққатига, агар дастлабки икки-уч ойни ҳисобга олмаганда фойда кўрса кўрадики, ҳеч қандай зарар кўрмайди. Дастлабки ойларда дарҳақиқат нархларнинг ўзгариши (ташкилотлар ҳали нарх сиёсатини тўлиқ белгилаб олмагунча) бирмунча харажатлар кўпайишига олиб келиши мумкин, бироқ кейинчалик бир маромга тушиб олгач, барча соҳаларда жуда кўп қулайликлар юзага келади. Эндиликда, иш ўринлари ва иш ҳақи миқдорларини кўпайиши кузатилади, тўловларда узлуксизлик, янгидан-янги хизматлар жорий қилинади, кўплаб жуда қулай бўлган электрон ҳамёнлар амалиётга кириб келади. Буларнинг барчаси умумий олганда жамият ҳаётига жуда катта ижобий таъсир ўтказади.

50 мингталик купюранинг чиқиши ва долларнинг банклар томонидан чексиз берилиши сўм пулини синишини билдиради деб жуда катта хато фикрловчи инсонлар диққатига, валютанинг эркин конвертация бўлиши аввало банкларнинг исталган миқдордаги чет эл валютасини конвертация қилиб беришини талаб этади.Бу йирик номиналдаги купюра (50 мингталик) чиқиши бу бозордаги нарх-наво ва кичик номиналдаги купюраларга нисбатан харажатни қисқартириш учун қилинадиган табиий чорадир. Шунингдек, иқтисодчиларнинг фикрича, мамлакатларда энг кам ойлик иш ҳақининнг ярмигача бўлган миқдордаги номинал купюраларнинг муомалада бўлиши бу нормал ҳолат. Бизда бугунги кунда энг кам ойлик иш ҳақининг миқдори деярли 150 минг сўмлигини ҳисобга олсак, 75 минг сўмгача бўлган купюра муомалага киритилиши ҳам ҳали табиий ҳолат деб қаралиши мумкин.

Энди сўмнинг хорижий валютага нисбатан курси қандай белгиланади? Энди бизнингча аввалгидек Марказий банк томонидан мақсадли девальвацияни амалга оширилиши сиёсати бироз ўзгаради ва натижада асосан энг йирик битимлар тузиладиган биржа ва банклардаги олди-сотди курслари асос қилиб олинган ҳолда бозор механизмидаги реал талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда курс белгиланиши кутилмоқда. Бунда дастлабки ойларда хорижий валютага нисбатан талаб фойдасини тўлиқ репатриация қила олмай келаётган ташиклотлар ҳисобига юқори бўлиши кутилади ва натижада курс ошиши мумкин. Бироқ, агар хорижий валютага бўлган талаб етарлича таклиф билан қондирилса, ўз-ўзидан бир икки кварталдан кейин табиий бозор механизми амал қилган ҳолда барқарор бозор курси амал қила бошлайди. 5 сентябрдан бошлаб дастлабки бозор курсининг таҳминий миқдори амалдаги биржа курси ва қора бозор курси бўйича ўртача ҳисоблаганда 8000 сўм атрофида бўлиши кутилмоқда.

Нима бўлган тақдирда ҳам бошланган ушбу мураккаб жараёнда барча бирдай англаган ҳолда ўзгаришларни (улар қандай бўлишидан қатъи назар) тўғри тушунган ҳолда қабул қилиши мақсадга мувофиқ.

Мансур Тангишов, молиячи-эксперт

Мавзуга оид