Спорт | 18:10 / 27.12.2018
17358
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Йилнинг энг яхши спортчиси» миллий кубоги соҳиби аниқланди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Бугун, 27 декабрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида махсус комиссия 2018 йил якунларига кўра Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси сифатида кимни тан олиш масаласини муҳокама қилди.

Йиғилишда спорт федерациялар(уюшмалар)идан келиб тушган таклифлар кўриб чиқилиб, 2018 йил якунлари бўйича миллий терма жамоа аъзоларининг комплекс мусобақалар ва жаҳон чемпионатларидаги иштироки таҳлил этилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, шу йил ўтказилган жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва Аргентинада ўтган ўсмирлар ўртасидаги III Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган 28 нафар спортчи «Йилнинг энг яхши спортчиси» Ўзбекистон Миллий кубогига даъвогар сифатида илгари сурилган. Бекзод Абдураҳмонов, Мўминжон Абдуллаев, Диёрбек Ўрозбоев, Исроил Мадримов, Светлана Радзивил, Вадим Меньков, Денис Истомин каби юлдуз спортчилар ана шулар жумласидан.

«1-10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 102 килограммгача вазн тоифасида даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медаль билан тақдирланган Акбар Жўраев мамлакатимизда йилнинг энг яхши спортчиси номига бошқалардан кўра муносиброқ экани таъкидланди», – дейилади хабарда.

Ўша чемпионатда 19 ёшли атлет иккикурашда ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилаган, амалдаги олимпия ўйинлари чемпиони ҳамда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони каби кучли рақибларни ортда қолдирган эди. Ашхободдаги ЖЧда иштирок этган ўзбекистонлик 12 спортчи орасидан фақат Жўраев олтин медалга эга чиқди.

Шунингдек, Акбар Жўраев баҳорда ёшлар ўртасида Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлди, ёзда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати кумуш медалини қўлга киритди. Декабрь ойида Доҳада ўтказилган Токио-2020 олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг очколарини тўплаш имконини берувчи нуфузли халқаро мусобақада учта медаль эгасига айланди.

Таъкидланишича, Тошкент вилоятида туғилган ушбу ёш спортчига мутахассислар ўзбек оғир атлетикасининг келажаги сифатида қарашмоқда ва у 2018 йил мобайнидаги ажойиб натижалари билан бундай таъриф берилгани бежиз эмаслигини амалда исботлай олди.

Комиссия аъзолари Акбар Жўраевни «Йилнинг энг яхши спортчиси» Ўзбекистон Миллий кубоги, белгиланган намунадаги гувоҳнома ҳамда 10 000 (ўн минг) АҚШ долларига тенг миқдоридаги пул маблағи билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорни қувватлаб, якдиллик билан овоз беришди.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 1996 йил 20 декабрдаги «Йилнинг энг яхши спортчиси» Ўзбекистон миллий кубогини таъсис этиш тўғрисида»ги 452-сонли қарорига асосан, Ўзбекистонда ҳар йили анъанавий тарзда энг яхши натижа кўрсатган спортчи тақдирлаб келинмоқда. Йилнинг энг яхши спортчисини аниқлаш мазкур қарор билан тасдиқланган республика комиссияси томонидан амалга оширилади

Қўшимча сифатида, эртага, 28 декабрь куни Миллий олимпия қўмитаси ҳам ўз таснифига кўра Ўзбекистон тарихида илк маротаба «Миллий спорт мукофоти – 2018» тантанали тақдирлаш маросимини ўтказади. «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида ўтадиган байрам кечасида ўндан ортиқ йўналишларда йил лауреатлари тақдирланади.

Мавзуга оид