Ўзбекистон | 14:29 / 24.10.2024
1610
2 дақиқада ўқилади

Сайловларда 832 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этади

27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ва ҳеч қандай тўсиқларсиз иштирок этишларини таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

Бу галги сайловларда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаган депутатликка номзодларнинг 616 нафари ногиронлиги бўлган шахслар эканлиги сайловларнинг инклюзивлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, сайлов комиссиялари таркибида 1 343 нафар ногиронлиги бўлган шахслар вакиллари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Таҳлилларга кўра, республика бўйлаб сайловчилар орасида 832 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар борлиги ҳамда уларнинг 105 минг нафари бўлажак сайловда иштирок этиши учун ўзгалар кўмагига муҳтож эканлиги аниқланган.

Шундан келиб чиқиб, сайловларда мустақил иштирок эта олмайдиган ҳар бир сайловчига овоз беришга кўмаклашиш учун 16 мингга яқин волонтёрлар бириктилди.

Эътиборлиси шундаки, ногиронлиги бўлган шахсларни сайловдаги иштироки учун тегишли инфратузилмавий шароитлар яратилмоқда. Хусусан,

– овоз бериш хоналарига махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилди;

– кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкалари оптик лупалар билан таъминланди;

– барча сайлов участкалари Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар билан таъминланди;

– участка бинолари ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) ёки “ёрдамга чақириш” тугмаси билан жиҳозланди.

Бундан ташқари, сайловга оид ахборотларда сурдо таржима, субтитр ёзуви, Брайль алифбоси ва бошқа шакллар орқали етказилиб келинмоқда.

Мавзуга оид