Таълим | 09:53 / 28.11.2025
1668
2 дақиқада ўқилади

Юридик университетда факултет деканлари сайлов асосида 2 йилга тайинланади

Президент фармонига мувофиқ, Тошкент давлат юридик университетида факултет деканлари, академик департамент бошлиқлари ва марказ раҳбарлари эндиликда сайлов асосида 2 ўқув йили муддатига сайланади. Бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ ушбу лавозимларда ишлаши мумкин эмас.

Фармонга кўра, Тошкент давлат юридик университетида таълим – тадқиқот – амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида соҳавий факультетлар тизими янгича тарзда шакллантирилади. Янги тизим қуйидагилардан иборат бўлади:

  • академик департаментлар;
  • тадқиқот марказлари;
  • амалиёт ва карера марказлари.

Университет кафедралари негизида академик департаментлар ташкил этилади ҳамда улар таркибида шуъбалар фаолият юритади. Шуъбалар профессор-ўқитувчилар таркибидан шакллантирилади ва уларнинг раҳбарлари кафедра мудирларига тенглаштирилади.

Тадқиқот марказлари эса факультетлар йўналишидан келиб чиқиб илмий ходимлардан ташкил топади ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммо ва камчиликларни илмий ёндашувлар асосида ўрганиш билан шуғулланади.

Муҳим янгилик шундаки, эндиликда факултет деканлари, академик департамент бошлиқлари, марказлар раҳбарлари сайлаш амалиёти орқали 2 ўқув йилига сайланади. Шу билан бирга, бир шахс ушбу лавозимларга сурункасига 2 муддатдан ортиқ сайланишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, академик департаментлар бошлиқлари ва марказлар раҳбарлари факультет декани ўринбосарлари ҳисобланади.

Мазкур ўзгаришлар университетда бошқарувни демократлаштириш, масъулият ва шаффофликни ошириш, шунингдек, юридик таълимда таълим, илмий тадқиқот ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтиришга қаратилгани таъкидланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид