Ўзбекистон | 20:40 / 29.06.2021
6063
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда махсус комиссия кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари соат 22:00гача ишлашига рухсат берди

Фото: ЎзА

Қашқадарёда махсус комиссия вилоят ҳудудида кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари соат 22:00гача ишлашига рухсат берган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 28 июнь куни Қашқадарё вилоят махсус комиссиясининг вилоятдаги эпидемиологик вазиятга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган чекловлар тасдиқланган. Фақат Республика комиссияси тасдиқлаган бир чеклов ўзгартирилган.

Махсус комиссиянинг қарорида жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналар ишлашига соат 8:00дан 20:00гача рухсат берилган.

Қашқадарё вилоятида эса кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналар ишлашига соат 8:00дан 22:00гача рухсат берилмоқда.

Қайд этилишича, бу ўзгариш вилоят ҳокими томонидан таклиф этилган ва вилоят махсус комиссияси томонидан маъқулланган.

Бундан ташқари, Қашқадарёда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар ва ушбу инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Қарши шаҳридаги «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ балансидаги «Геолог» спорт мажмуасида ташкил этилган COVID-19 тақсимлаш маркази фаолияти қайта тикланади.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўйидаги қўшимчалар киритилди:

  • жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;
  • хавфости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатлами ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;
  • жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналар ишлашига соат 8:00дан 20:00гача рухсат берилади;
  • кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғими 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Мавзуга оид