Жаҳон | 11:53 / 02.01.2026
10360
5 дақиқада ўқилади

Денис Капустин тирик экани маълум бўлди

Украина разведкаси Украина томонида жанг қилувчи россияликлар бўлинмаси командирининг ўлими махсус хизматлар томонидан саҳналаштирилганини маълум қилди. Бу амалиёт орқали РФ томонининг уни ўлдириш бўйича режаси йўққа чиқарилган.

Фото: AP

«Рус кўнгиллилари корпуси» (РКК) командири Денис Капустин Россия дрони зарбаси оқибатида ҳалок бўлмаган, у тирик, дея маълум қилди Украина мудофаа вазирлиги бош разведкаси бошқармаси (ГУР).

Разведка сайтида 1 январ куни «РФ махсус хизматлари муваффақиятлари» деб номланган видео эълон қилинди. Баёнотдан маълум бўлишича, Россия махсус хизматлари Капустинни ўлдириш учун буюртма берган ва бунинг учун 500 минг доллар ажратган.

Украина разведка хизмати бир ой давомида махсус амалиёт ўтказган, натижада Капустиннинг ҳаёти сақлаб қолинган, буюртмачилар ва ижрочилар аниқланган, дейилади хабарда.

Украина разведка хизмати бошлиғи Кирилл Буданов видеоалоқа орқали Капустинни «ҳаётга қайтгани муносабати билан» табриклаган. «Бу доим ёқимли. Сизни йўқ қилиш учун тўланган маблағ курашимизга ёрдам берганидан хурсандман. Барчага ва шахсан сизга муваффақиятлар тилайман», – заявил Буданов.

Капустиннинг ўзи ҳам кўриниш берган видео разведканинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тарқатилган. Видеода Украина разведка хизматининг махсус амалиёти ҳақида ҳисобот берган «Тимур махсус бўлинмаси»нинг командири ва Кирилл Будановни кўриш мумкин.

РКК 27 декабр куни Никитин ва White Rex номлари билан ҳам танилган Денис Капустин Запорижжя йўналишида Россия дрони зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини хабар қилганди.

Украина махсус хизматлари олдин ҳам бу каби махсус амалиётлар ҳақида хабар берганди. Хусусан, 2018 йилда Украина нашрларида журналист Аркадий Бабченко Киевда отиб кетилгани ҳақида хабар тарқатган, «қотиллик» жойидан олинган кадрлар намойиш этилганди.

Аммо бир кун ўтиб Украина хавфсизлик хизмати Бабченко тирик эканини маълум қилди. Идора суиқасд ҳақида хабар топган ва унинг олдини олишга муваффақ бўлганди.

Капустин ҳақида

Москвада туғилган Денис Капустин болалигида ота-онаси билан Германияга кўчиб кетган, Кёлнда яшаган. У футбол фанатлари муҳитида танилган, Россия, Украина ва Европада аралаш яккакураш (ММА) турнирларини ташкил қилган, шунингдек White Rex спорт экипировкаси брендини яратган — бу брендда ниқобланган нацистик рамзларга ишора қилувчи кийимлар ишлаб чиқарилган. Масалан, «Қора қуёш» деб аталадиган неонацистик рамз туширилган ёки 14/88 сонлари ёзилган футболкалар.

2019 йил май ойида Германия Капустиннинг Германияда доимий яшаш рухсатномасини бекор қилган. Бу қарор Капустин Кёлндаги рўйхатдан ўтган манзилидан ҳисобдан чиқарилганидан кейин қабул қилинган — у ўша ерда анча вақтдан бери яшамаган. Шунингдек, «эркин демократик тузум асосларини бузишга интилиш» айби билан Капустинга Шенген ҳудудидаги барча мамлакатларга кириш тақиқи жорий этилган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланган пайтда Денис Капустин Украинада яшагани, 2022 йилда эса ўша ерда РККни ташкил этгани айтилади. Унинг баёнотларига кўра, бўлинма таркибига «этник руслар» кирган. РКК ўзини Украина томонида жанг қилаётган рус кўнгиллиларининг «ҳарбий-сиёсий ташкилоти» деб атайди. У Украинанинг 1991 йил чегараларидаги ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва «РФдаги амалдаги режимни ағдариш»ни ўзининг асосий мақсадлари сифатида кўрсатади.

РКК Россияда террористик ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган. 2024 йил ноябр ойида Денис Капустин Москвадаги 2-ғарбий округ ҳарбий суди томонидан сиртдан умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган. У давлатга хиёнат, террористик жамоа тузиш, террорчилик ҳаракатига уриниш ва бошқа айбловлар билан айбланган.

Капустин 2023 йил 2 март куни Украина ҳудудидан Россиянинг Брянск областидаги икки қишлоқ — Сушани ва Любечанега кирган «Рус кўнгиллилари корпуси» қуролланган жангчилари орасида бўлган. Хабарларга кўра, улар фуқаролик автомобилини ўққа тутган, натижада 63 ёшли киши вафот этган ва яна икки киши, жумладан 10 ёшли бола яраланган. Шунингдек, отишмада Россиянинг икки чегарачиси ҳам яраланган. Ушбу рейддан кейин Капустин Россияда қидирувга берилган, 2023 йил апрелида Басманний туман суди уни сиртдан ҳибсга олган.

2024 йил май ва июн ойларида РКК «Россия озодлик легиони» билан бирга Белгород областига ҳам рейдлар уюштирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид