Иқтисодиёт | 13:11 / 24.02.2026
3023
2 дақиқада ўқилади

«Келажак тадбиркори» дастури ишга туширилади

Жорий йилдан «Келажак тадбиркори» дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли маблағ ажратиш бошланади. Шунингдек, олийгоҳ битирувчилари учун «Менинг биринчи касбим» стажировка дастури ва ҳудудларда «Ёшлар бизнес инкубатори» марказларини ташкил этиш белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, жорий йилдан «Келажак тадбиркори» дастури доирасида ёш тадбиркорларга 7 йилгача 15 фоизли маблағлар ажратилади. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача кредит берилиши айтилди. Тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга 2 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит бериш назарда тутилган.

Шу билан бирга, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда «Менинг биринчи касбим» дастурини ишга тушириш топширилди. Унга кўра, стажировка асосида олийгоҳ битирувчилари ўртасида танлов ўтказилиб, ғолибларга ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўлаш йўлга қўйилади.

Учрашувда тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмагани сабабли қийинчиликка учраётгани қайд этилди. Шу боис ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича комплекс хизматлар кўрсатадиган «Ёшлар бизнес инкубатори» ишга туширилади.

Мутасаддиларга ёшлар учун қулай жойларни белгилаб, бу йил Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент шаҳрида, келгуси йилда эса қолган ҳудудларда бундай марказларни ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид