Ўзбекистон | 12:16 / 17.02.2021
30710
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди

Яқин кунларда пайдо бўлган «тўланиши лозим бўлган солиқларни камайтириб кўрсатиш ва қўшилган қиймат солиғи суммасини ноқонуний ҳисобга олиш» можароси туфайли солиқ органлари мансабдор шахсларига нисбатан жазо тайинланди.

«Нақдлаштирувчи фирма»ларни аниқлаш юзасидан амалиётга жорий қилинган янги механизмни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларини қониқарсиз олиб боргани, шунингдек, солиқ тўловчилар билан етарли даражада ишни ташкил этмагани учун Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Тошкент шаҳар ДСБ Камерал назорат ва ҚҚС маъмурчилиги бўлимлари ҳамда ДСҚ Матбуот хизмати бошлиқларига ҳайфсан берилган.

Аввалроқ, Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи фирмалар» билан курашишни бошлагани маълум қилинганди.

16 февраль куни ҳисобрақамига банд солинган 57та фирмада ўтказилган солиқ текширувлари натижасида 52та корхона ёки 91,3 фоиз ҳолларда сохта операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқлангани маълум бўлган.

Шунингдек, ДСҚ томонидан шакллантирилган шубҳали солиқ тўловчилари рўйхатига киритилган 396та солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик қилган қарийб 10 мингга яқин хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 1 триллион сўмга яқин ҚҚС суммаси ҳисобга олинган ҳолда бюджетга тўланмагани юзасидан тадбиркорларнинг норозилиги ҳақида маълумот берилганди.

Мавзуга оид