Ўзбекистон | 09:23 / 01.12.2020
7138
4 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби билан меморандум имзолади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (London School of Economics and Political Science) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга мувофиқ, ТДИУ ва LSE академик раҳбарлиги асосида Лондон университети (University of London) билан халқаро қўшма таълим дастурини очиш режалаштирилган.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, қуйидаги бакалавриат таълим йўналишларида бакалавр даражасини берувчи қўшма таълим дастурини ишга тушириш мўлжалланмоқда:

  • Бухгалтерия ҳисоби ва молия (Accounting and finance);
  • Иқтисодиёт (Economics);
  • Банк иши ва молия (Banking and finance);
  • Менежмент ва рақамли инновация (Management and Digital Innovation)

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг хорижий маслаҳатчиси ва эксперти – London School of Economics (LSE) ўқитувчиси сифатида фаолият юритаётган, ACA, ACCA Ҳамид Иргашевнинг сўзларига кўра, нуфузли Лондон иқтисодиёт университетининг илмий салоҳияти ТДИУда таълим сифатини ошириш имконини беради.

«Лондон иқтисодиёт университети QS рейтингида ижтимоий фанлар ва менежмент бўйича дунёда 2-ўрин ва бухгалтерия ва молия йўналишида дунёда 4-ўринни эгаллаб турибди.

Мазкур келишувга кўра, келажакда Лондон университети (University of London) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигидаги икки томонлама диплом берувчи халқаро қўшма таълим дастури асосида бакалавриат йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳам режалаштирилган.

Бутун ўқитиш жараёни тўлиқ инглиз тилида бўлиб, ҳар бир фан, ўқув материали ва имтиҳон Лондон иқтисодиёт университети (London School of Economics) томонидан тайёрланади ва таълим сифати улар томонидан ташқи имтиҳон орқали назорат қилинади», – деди Ҳамид Иргашев.

Қайд этилишича, Лондон иқтисодиёт университетининг бошқа университетлар билан қўшма дастурлари мавжуд эмас. Шу сабабли LSE ўзининг ташқи дастурларини Лондон университети федерацияси аъзоси сифатида амалга оширади.

Қўшма таълим дастурига тайёргарлик уч босқичдан иборат:

  • Биринчи босқичда ТДИУнинг моддий-техник базаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ва бошқа талаблар Лондон иқтисодиёт университети (London School of Economics) томонидан ўрганиб чиқилади.
  • Иккинчи босқичда Лондон университети (University of London) раҳбарияти барча тақдим қилинган ҳужжатларни текшириб, ўз хулосасини беради.
  • Учинчи босқичда, Лондон университети (University of London) таркибидаги 17 та йирик университет раҳбарлари қўшма таълим дастурини маъқуллаб, ижобий хулоса бериши лозим.

Бу босқичлардан муваффақиятли ўтиш мақсадида ТДИУ ректори Қўнғиротбой Шарипов ва ўқув ишлари бўйича проректор Мансур Эшов бошчилигида университетнинг 20дан ортиқ энг салоҳиятли мутахассислари жалб этилган.

Маълумот учун:

Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (London School of Economics and Political Science) – 1895 йил асос солинган, иқтисодиёт соҳасидаги етакчи таълим муассасаларидан бири. ОТМларнинг дунё рейтингида 27-ўринда туради ва иқтисодиёт соҳасида кўплаб «Нобель» мукофоти соҳибларини етиштирган.

Лондон университети (University of London) – 1836 йилда ташкил топган, унда 50 мингга яқин талаба таҳсил олади. Университет федерация сифатида фаолият кўрсатиб, ўз таркибига Англиянинг 17 та йирик университетини қамраб олган. Шу жумладан, Лондон иқтисодиёт университети (LSE) ҳам шу федерация таркибига киради.

Мавзуга оид