Kun.uz сайтида эълон қилинган «Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги сирлар очилмоқда» ва «Нархоз»да тест куни «ректорская группа» ишлаганми ёки бу бир тасодифми?» сарлавҳали мақолалардан сўнг таҳририят почтасига тинимсиз хатлар келмоқда ва мавзу ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Шулар орасидан энг диққатга сазоворлари олиниб, таҳлил қилинган ҳолда ўқувчилар эътиборига ҳавола этилади.

Сурайё Музафарова исмли фойдаланувчи қуйидагича фикрларни ёзди (изоҳ қисман таҳрирланди):

«Фарзандим, яъни ўғлим бу йил ўша «Нархоз»га топширганди, не умидлар билан 3 йил репетиторга қатнаб. Киролмади. 108,4 балл билан. «Нархоз»да буларнинг жуда ҳам «ўйини» кўп экан. Биз ҳужжатни «Меҳмонхона» йўналишига топширганмиз. Қабул комиссияси эса ўғлимни «Туризм» йўналишига қўйган. Уч марта бордим. Боламни «Меҳмонхона» йўналишига ўтказдиларингми, деб сўраб. Қабул комиссиясида ўтирган одам «тўғирлаб чиқдим, нотўғри кетиб қолибди», деди. Лекин мени алдашган экан. Шу билан ДТМ олганда ҳам бориб сўрадим, болам «Меҳмонхона» йўналишидами, қани рўйхатни илиб қўйишинглар керак эди, десам, «Сиздақалар 60 мингта, қайси биринг билан гаплашамиз», деб мени уришиб ҳайдагандан бадтар қилишди. Хуллас, тайинли жавоб олмадим. Тест куни болам имтиҳонни «Туризм» йўналишига топшириб чиқди. Саволномага ҳаттоки «Меҳмонхона» деб ёзиб чиқди. Лекин жавоблар чиққанда бориб қарасак, ўғлим «Туризм» йўналишида турибди. «Меҳмонхона» йўналиши таг-туги билан йўқ. Ушбу йўналишнинг жавобларини эълон ҳам қилишмади. Мен қабул комиссия раисига учрадим, Азамат Мухторовга. «Қани «Меҳмонхона» йўналиши, нега илмагансизлар?» десам тайинли жавоб ололмадим. Бу иш юзасидан Бош прокуратурага, Миллий хавфсизликка, Президент порталига шикоят тайёрладим. Ўша «Нархоз»даги қабул комиссияси ўйинларини кўриб чиқишлари учун. Умуман ҳақиқат йўқ экан «Нархоз»да. Боламнинг бир йиллик умри бекор кетадиган бўлди».

Шунга ўхшаш изоҳни яна Шоҳрух Расулов исмли фойдаланувчи қолдирди. Унда қуйидагича дейилади:

«Нархозда кейин хоҳлаган йўналишингизга топшира олмайсиз, ҳаммаси «Иқтисод»ку деб, «Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича)» йўналишига алдаб одамларни топширтиради».

Юқоридаги фикрни қўллаб-қувватлаб, Замира Жуманазарова исмли фойдаланувчи қуйидагиларни ёзади: