Жаҳон | 09:38 / 30.04.2026
5179
8 дақиқада ўқилади

Ғазо сценарийси: Исроил Ливан жанубини текислаб ташламоқда

«Ҳизбуллоҳ»ни йўқ қилиш мақсадида бошланган Исроил операцияси Ливан жанубидаги ҳудудларни текислаш миссиясига айланиб кетди. Сунъий йўлдош тасвирларини ўрганган CNN нашри Исроилнинг Ливандаги операциялари Ғазодаги тактикани такрорлаётганини билдирди.

2 март куни, Исроил ва АҚШ Эронга қарши уруш бошлаганидан икки кун ўтгач, «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарата ракеталар отди. Бунинг ортидан Исроил ҳарбий самолётлари бутун Ливан бўйлаб ҳаво ҳужумлари уюштирди, аскарлар жанубдаги янги ҳудудларни эгаллаб олди. Апрел ойининг ўрталарига келиб Исроил ва Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзоланганига қарамай, ушбу ерусти операциялари давом этмоқда.

Маълум бўлишича, юзлаб бинолар — уларнинг аксарияти турар жойлар — ё бутунлай текислаб ташланган, ёки яшаш учун яроқсиз ҳолга келтирилган. Сулҳ эълонидан кейин олинган сунъий йўлдош тасвирлари ва видеолар бузиш ишлари шиддат билан давом этаётганини тасдиқлайди.

CNN жанговар ҳаракатлар қайта тикланиши билан вайронагарчилик кўламини баҳолаш учун Airbus томонидан тақдим этилган сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилди.
 

Айтал-Шаб қишлоғининг аввалги ва 14 апрелдаги сунъий йўлдош тасвири / Фото: Airbus

Нашр ҳисоб-китобларига кўра, Исроилнинг март ойидаги ҳужумларининг дастлабки ўн кунида 22 та аҳоли пунктидаги 523 та бино вайрон қилган. Турар жойлардан ташқари, Исроил кучлари масжидлар, дорихоналар, кафелар ва автосервис устахоналарини ҳам йўқ қилган.

Аҳоли томонидан олинган видеоларда назорат остидаги портлатишлар акс этган.

Сунъий йўлдош тасвирлари эса аллақачон шикастланган ҳудудларда Исроил булдозерлари ва экскаваторлари ишлаётганини кўрсатади. Бу эса аввал ҳаводан зарба берилган ҳудудларга энди қуруқликдаги кучлар кириб келаётганидан далолат қилади.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари бонг уриб, Исроилнинг ҳарбий ҳужуми Ғазода қўлланган тактикани — ўта муҳим инфратузилма ва соғлиқни сақлаш муассасаларига кучли зарбалар беришдан тортиб, журналистларни нишонга олиш ва психологик урушгача такрорлаётганидан огоҳлантирмоқда.

«Рафаҳ модели»га эргашиб

Исроил расмийлари эса Ливан билан чегара ичкарисида узоқ муддатли «хавфсизлик зонаси» яратиш режаларини баён қилган. Ҳозирда бу сўзнинг ўрнида «олдинги мудофаа чизиғи ҳудуди», деган атама афзал кўрилмоқда. Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил кучлари Ливан ичкарисида 10 километр масофагача ўз позицияларини кенгайтиришини эълон қилди.

Нашрнинг ёзишича, Исроил ҳукумати юқори мартабали амалдорлари бу нимани англатишини очиқ айтди. Хусусан, мудофаа вазири Исраэл Кац чегара яқинидаги қишлоқлардаги барча уйларни «Рафаҳ ва Байт-Ханун модели»га мувофиқ йўқ қилишга ваъда берди.
 

Рафаҳ – Ғазодан 2 йиллик урушдан сўнг / Фото: UNRWA

Рафаҳ ва Байт-Ханун — Ғазонинг жанубий ва шимолий чеккаларидаги шаҳарлар бўлиб, улар икки йиллик геноцид урушида Исроил кучлари томонидан вайронага айлантирилганди.

Ўтган ҳафта сулҳ эълон қилинганидан кейин ҳам Кац ўз сўзида қатъий турибди: у Ливан билан алоқа чизиғидаги қишлоқларни «террорчилар таянч нуқтаси» деб атади ва у ерда «уйларни вайрон қилиш» давом этишини айтди. Исроил ҳарбийларининг даъво қилишича, «Ҳизбуллоҳ» қуролларни тинч аҳоли уйларига жойлаштиради ва яширади.

Исроил Мудофаа Кучлари мулозимларига кўра, Исроил Ливанда «сариқ чизиқ» деб аталадиган тизим жорий қилади. Исроил ҳарбийлари эгалланган ҳудудларга аҳолининг қайтиши тақиқланади.

Бу тактика ҳам Исроилнинг Ғазо ҳудудини қайта босиб олиш тажрибасидан олинган. Ғазода бу жараён 2025 йил октябрда харитадаги вақтинчалик сариқ чизиқ — Исроил ва Ҳамас кучлари ўртасидаги ажратилган белги эди.

Аммо Трамп воситачилигида тузилган сулҳдан бир неча ҳафта ўтгач, Ғазо ерларида сариқ рангга бўялган бетон блоклар пайдо бўла бошлади. Нашрнинг ёзишича, бу ҳолат жараёнга доимийлик тусини берди. Аҳолининг бу чизиқни кесиб ўтиши тақиқланган ва унга яқинлашгани учун юзлаб одамлар отиб ўлдирилган.
 

Исроилнинг Ливан жанубидаги «сариқ чизиғи» / Фото: Al-Jazeera

Исроилнинг Ливан жанубидаги янги «сариқ чизиғи» ҳам худди шундай ажратувчи характерга эга бўлиб, 55 та шаҳар ва қишлоқни мамлакатнинг қолган қисмидан узиб қўяди. IDF Ливан аҳолисига ўз уйларига қайтмасликни буюрган ва сариқ чизиққа яқинлашаётган одамларга бир неча бор ўт очган.

Миллионлаб қочқинлар пайдо бўлди

Ливан жанубидаги аҳоли учун бу уруш навбатдаги фожиа – мажбурий кўчиш бўлди. Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, 1,3 миллионга яқин ливанлик ўз уйини тарк этган. Уларнинг аксарияти 2024 йилда ҳам ўз уйларидан қочишга мажбур бўлганди.

«Саргардонликда фожиа ҳисси бор. Хотираларингизни, уйингизни, ўз қўлларингиз билан эккан ва ўстирган ҳамма нарсангизни ташлаб кетиш жуда оғир», деди ана шундай инсонлардан бири – 62 ёшли Ҳасан Раммал.
 

Бутунлай текисланган Хиём маркази – 22 апрелдаги сунъий йўлдош тасвири / Фото: Airbus

Ўзлари уруш ҳудудидан чиқиб кетганидан кўп ўтмай, Раммал уйи вайрон бўлгани ҳақида хабар топган: «Худди кимдир менинг руҳим ва ҳаётимни хотираларимдан маҳрум қилгандек бўлди», дейди у CNN билан суҳбатда.

Исроил билан чегарадан 5 километр шимолда жойлашган Хиём шаҳрида ҳам яшил ҳудудлар жигарранг тусга кирган. 22 апрелдаги тасвирларда ҳудудда Исроил булдозерлари ишлаётгани кўринади.

«Ҳизбуллоҳ» сулҳни тан олмади

Икки йил олдин ҳам Ғазодаги уруш ортидан «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил тўқнашувга киришиб, уруш сулҳ билан якунланган эди. Аммо 2024 йил ноябридаги сулҳдан кейин Исроил Ливан жанубида ҳарбий иштирокини сақлаб қолди. Таҳлилларга кўра, 2026 йил январигача Исроил бу ҳудудларда тўртта янги таянч нуқталар ўрнатган бўлиши мумкин.

Яқин Шарқ бўйича мутахассис Жереми Бинни нашрга айтишича, Исроил ҳарбийлари Ливан ҳудудини яхшироқ кузатиш учун ўз иштирокини кенгайтирмоқда. Бу Исроилнинг янги «хавфсизлик зонасини» узоқ муддат эгаллаб туриш режаларига мос келади. Бироқ мамлакат ичкарисида қўшимча позициялар қуриш исроиллик аскарларни партизанлик ҳужумлари олдида ҳимоясиз қолдириши мумкин.
 

Жанубий Ливандаги портлашлар / Фото: Reuters

Ўз навбатида «Ҳизбуллоҳ» Исроил қўшинлари чиқиб кетмагунча сулҳни тан олмаслигини айтиб, «босқинчи билан курашиш ва уни ўз ерларидан ҳайдаб чиқариш»га қасам ичди.

Бугунга келиб Ливан жанубидаги 600 минг аҳолининг келажаги ноаниқлигича қолмоқда: улар уйларига қайта оладими ва қайтишга уйнинг ўзи қоладими, буни ҳеч ким билмайди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид