Ўзбекистон | 21:29 / 15.06.2024
6146
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади

Президент барчага сиҳат-саломатлик, хонадонларга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилади. Ушбу файзли байрам ибрат мактаби, куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити муносабати билан табрик сўзини йўллади.

«Муҳтарам ватандошлар! Сиз, азизларни, бутун халқимизни тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик фазилатларидан тобора обод ва мунаввар бўлаётган юртимизга кириб келган Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ушбу саодатли дамларда барчамиз бу улуғ айёмнинг руҳи ва шукуҳини чуқур ҳис этиб, эл-юртимиз билан биргаликда шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз», дейилади табрик сўзи бошида.

Давлат раҳбари эзгулик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик рамзи сифатида мустаҳкам қарор топган Қурбон ҳайити бугунги кунда барча соҳаларда инсон қадри етакчи ўринга чиқаётган Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмунига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани билан янада аҳамиятли бўлиб бораётганини таъкидлади.

«Муқаддас динимиз, унинг инсонпарварлик моҳиятини ўзида яққол ифода этадиган ушбу файзли байрам биз учун ибрат мактаби, куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз», дейилади табрик сўзида.

Президент шу кунларда Ҳаж зиёрати сафарида бўлган 15 минг нафар ватандошни ҳам тилга олди.

«Пок ниятлар ижобат бўладиган мана шундай илоҳий лаҳзаларда уларнинг барчасига чин дилдан ҳаж ибодатларини тўлиқ адо этиб, юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини тилаймиз», дейилади табрик сўзида.

Шу билан бирга, Мирзиёев хорижий элларда бўлиб турган ватандошларни ҳам самимий табриклади. Жаҳоннинг турли минтақаларида давом этаётган уруш ва жанжаллар тезроқ барҳам топишини, Ер юзида доимо тинчлик ва осойишталик барқарор бўлишини тилади.

«Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, бошлаган ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттирсак, бу улуғ мақсадга сўзсиз етамиз. Фарзандларимизни албатта билимли, ҳунарли, одобли инсонлар, чинакам ватанпарвар авлод этиб вояга етказамиз. Шу йўлда барчамизга бахт ва омад ёр бўлсин! Эл-юртимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!

Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Улуғ айём барчамизга муборак бўлсин!», дейилади табрик сўзи якунида.

Мавзуга оид