Ўзбекистон | 12:27 / 26.03.2024
19486
10 дақиқада ўқилади

Совуқ сувдан кўра иссиқ сув тезроқ музга айланади – оби ҳаёт ҳақида сиз билмаган қизиқарли маълумотлар

Ҳар йили 22 март бутун дунёда Сув ресурслари куни нишонланади. Бу байрам БМТ Бош Ассамблеясининг қарори билан инсониятга сув ресурсларининг атроф-муҳит ва жамият ривожланиши учун муҳимлигини эслатиш мақсадида ташкил этилган. Ушбу материалда сув билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.

Фото: Kun.uz

Ҳозирги вақтда ер юзасининг 70 фоизи сув билан қопланган. Шундан 97,5 фоизи шўр, фақат 2,5 фоизи чучук сув ҳисобланади. Истеъмолга яроқли сувларнинг жуда катта қисми музлик ҳолатида бўлгани учун уларнинг фақат 1 фоизи ичишга яроқли ҳисобланади.

Сўнгги йилларда чучук сув ресурслари муаммоси кескинлашиб бормоқда. Охирги 50 йилда дунёда сув билан боғлиқ 507 та низо юз берган. Шундан 21 таси қуролли можароларга (ҳарбий ҳаракатларга) айланиб кетган.

Сув – сайёрамиздаги энг оддий ва одатий суюқлик. Бироқ бир вақтнинг ўзида сувда жуда кўп сир-синоатлар яширин. Олимлар ҳали ҳам сувни ўрганишда давом этмоқда ва у ҳақда янада қизиқарли маълумотларни топмоқда.

Сув бу – одам организмидаги асосий эритувчидир. Унинг ёрдамида барча фойдали моддалар ташилади, шунингдек, у организмдан чиқиндиларни ва зарарли моддаларни чиқариб ташлайди. Сувли эритмаларимизда барча кимёвий реакциялар содир бўлади.

Сувнинг сифати, унинг кимёвий ва бактериологик таркиби, аҳолининг соғлик ҳолати ва касаллик даражаси ўртасидаги боғлиқлик аллақачон қайд этилган.

Ўртача киши умр бўйи сув истеъмол қилиб, ўз организмидан 80 килограммдан 100 килограммгача кимёвий чиқиндиларни ўтказади. Шу учун ичимлик сувининг сифатли бўлиши инсон саломатлиги учун жуда муҳим.

Сувнинг ажойиб хусусиятлари ҳақида

Экологик тоза ичимлик суви – инсон учун энг муҳим озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади. Инсон ўртача умрида 35 тонна сув ичади. Ана шу сув тозаланса, ундан 420 стакан тузлар ва бошқа ифлослантирувчи моддалар чиқиши мумкин.

Агар у тозаланмаса ана шу “сув чиқиндилари” бизнинг организмимизда қолади. Улар инсон томирида, барча ички аъзоларда, тўқималар ва ҳужайра мембраналарига жойлашади. Оқибатда, уларнинг нормал ишлашига тўсқинлик қилади.

Сувсизланган касал организмда “ифлосланиш” жараёни янада кучаяди. Шу сабабли айнан касаллик пайтида организмни тоза сув билан таъминлаш муҳим, бу беморнинг тезроқ тузалишига ёрдам беради.

Турли мутахассислар ҳар куни 6-8 стакан тоза сув ичишни тавсия қилишади. Лекин кўпчилик бунча сув ичмайди. Ичимлик суви ва овқат тайёрлаш учун ишлатиладиган сув имкон қадар тоза бўлиши жуда муҳим.

Сифатли ичимлик суви соғлиқни мустаҳкамлайди ва кўплаб касалликлар пайдо бўлишининг олдини олади. Шу озиқланиш мутахассислари фақатгина экологик тоза ичимлик сувини истеъмол қилишни қатъиян тавсия этишади, шунда сув сифатига ишонч ҳосил қиласиз.

Инсон танаси сувни тозалаш учун филтр эмас, балки шахснинг ҳар томонлама ривожланиши учун восита ҳисобланади.

Биз ҳар куни сув билан мулоқот қиламиз – уни ичамиз, овқат тайёрлаймиз, ювинамиз, идишларни ювамиз. Аммо аксариятимиз сув ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

Ер юзидаги фақат 1,1 фоиз сув захираси ичимлик учун яроқлидир. Катта қисми музликларда мавжуд. Сув ёруғликни сўриб олади ва тарқатади. Шунинг учун океан кўк рангда кўринади.

Дунёда сувнинг 70 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигида, 22 фоизи саноат учун ишлатилади.

ЖССТ ҳисоботларига кўра, барча маълум касалликларнинг 80 фоизи сув сифати пастлиги туфайли юзага келади.

Фаровон мамлакатларда бир киши сутка давомида ўртача 100 литрдан ортиқ сув сарфлайди. Ўрта асрларда Европа аҳолиси кунига ўртача 5 литр сув билан кифояланган.

Баъзи тадқиқотчилар сув хотирага эга эканини даъво қилишади. Бироқ расмий фан унинг бу “хусусиятини” тан олмайди.

Маълумот учун, дунё бўйлаб 1 млрд инсон тоза ичимлик суви истеъмол қилиш имкониятига эга эмас. Қуйида сув ҳақидаги 15 та энг қизиқарли маълумотни тақдим этамиз.

1. Ер юзидаги энг тоза сув Финландияда

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, сайёрамизда энг тоза сув Финландияда. Бу борада ўтказилган тадқиқотларда 122 мамлакатнинг табиий тоза суви ўрганиб чиқилган ва унда Финландиядаги сув энг тозалиги маълум бўлган.

2. Совуқ сувдан кўра иссиқ сув тез музлайди

Қайси сув тезроқ музга айланади: иссиқ ёки совуқми? Мантиқан олганда, албатта, совуқ тез музлайди. Чунки иссиқ сув аввал совиб, кейин музлаши керак, совуқ сувнинг эса совишга ҳожати йўқ. Аммо тажрибалар шуни кўрсатдики, айнан иссиқ сув тезроқ музга айланади.

Иссиқ сув совуқ сувдан тезроқ музлашининг ҳали аниқ жавоби йўқ. Балким бу совитишдаги фарқ, буғланиш, муз ҳосил бўлиши ёки суюқ газларнинг иссиқ ва совуқ сувга таъсири билан боғлиқдир.

3. Сувнинг ортиқча совитиши

Мактабда ўтилган физика дарсидан яхши биламизки сув 0 даражада музлайди, 100 даражада яхши қайнайди. Аммо жуда тоза – ҳеч қандай аралашмасиз сувнинг ортиқча совитиш хусусияти мавжуд. Бундай сувлар ҳатто музлаш нуқтасидан паст даража совуқ бўлганда ҳам шундай сув суюқ ҳолатда қолади. Аммо умумий қоида ўзгармайди ва сув совуқда музлайди, иссиқда қайнайди.

4. Сувнинг учдан ортиқ ҳолати

Мактаб дарсликларидан маълумки, сувнинг учта ҳолати бор: суюқ, қаттиқ ва газ. Аммо олимлар сувнинг суюқ ҳолда беш хил ва музланган ҳолда ўн тўрт хил ҳолатини ажрата олишади. Сув бу – табиий шароитда учта, муз, буғ ва суюқлик ҳолида осонликча топиладиган ягона модда ҳисобланади.

5. Сув шиша бўла олади

Агар музлаган тоза сувни янада совитишда давом этадиган бўлсак нима бўлади? Сув билан мўъжизавий ўзгаришлар содир бўлади. Целций бўйича –120 даража совуқда сув жуда чўзилувчан бўлади. -135 даражадан паст ҳароратларда у “шиша” сувга айланади. “Шиша” сувда худди ойнадагидай қаттиқ модда, яъни кристалли тузилиш бўлмайди.

6. Сув бу – ҳаёт

Сув ҳаёт асоси ҳисобланади. Барча жонли ҳайвонлар ва ўсимлик мавжудотлари сувдан иборат. Жумладан, ҳайвонлар – 75 фоиз, балиқлар – 75 фоиз, медузалар – 99 фоиз, картошка – 76 фоиз, олма – 85 фоиз, помидор – 90 фоиз, бодринг – 95 фоиз, тарвуз – 96 фоиз сувдан иборат.

Ҳатто инсон танасининг ҳам ўртача 50-80 фоизи сувдан иборат. Бу кўрсаткич одам эмбрионида 95 фоиз, янги туғилган чақалоқ танасида 86 фоиз, болаларда 70-80 фоиз, ўрта ёшлиларда 60-70 фоиз ва кекса одамлар танасида 50 фоизгача сув борлигини кўрсатади.

Демак кексайиб бориши билан инсоннинг танасидаги сув миқдори камайиб боради. Оқибатда организмда чиқиндилар тўпланади ва танада сув улушининг камайиши билан касалликларга чалиниш ва қариш жараёни тезлашади.

7. Сув – касалликларнинг юқиш воситаси

Сув фақат ҳаёт берибгина қолмай, уни олиши ҳам мумкин. Дунёдаги барча касалликларнинг 85 фоизи сув орқали юқади. Ҳар йили 25 млн инсон ушбу касалликлар туфайли вафот этади.

8. Сув ичмаган инсон ўлади

Агар инсон ўз танасининг 2 фоиз сувини йўқотса, у кучли чанқаш ҳис қилади. Йўқотилган сувнинг миқдори 10 фоизгача ошса, унда ҳолсизланиш ва алаҳсираш бошланади. Йўқотиш 12 фоизга етса, бемор врач ёрдамисиз тикланмайди. Танадаги сув миқдори 20 фоиз йўқотилганда инсон вафот этади.

9. Энг кўп тоза сув – музликларда бўлади

Дунёдаги ичишга яроқли сувларнинг бир қисми музликлардан иборат. Музликлар Ер юзидаги кўллар ва дарёлардаги сувлардан фарқли равишда жуда тоза ҳисобланади. Чунки атроф-муҳит ифлосланиши, чанг зарралари баланд тоғларда жойлашган музликларгача етиб бормайди.

10. Сув энг яхши парҳез воситаси

Киши танадаги сув миқдорини ушлаб туришда турли газланган ичимликлар ва шарбатлардан воз кечиб, фақат тоза сув истеъмол қилишга ўтса калория кескин камаяди ва ортиқча вазндан тез халос бўлиш мумкин.

Бундан ташқари, фақат тоза сув истеъмол қилиш соғлиқ учун ҳам жуда фойдали. Чунки айрим касалликлар газланган ичимликлар, шарбатлар ва қаҳвани кўп истеъмол қилиш ортидан келиб чиқади.

11. Юрак соғломлиги учун сув жуда фойдали

Фақат тоза сув истеъмол қилиб юриш юрак хуружининг эҳтимолини камайтиришга ёрдам беради. Тадқиқотлар давомида олимлар кунига тахминан олти стакан сув ичадиган одамлар, фақат икки стакан ичадиганларга қараганда юрак хуружига камроқ учрашини аниқлашган.

12. Инсон умри давомида ўртача 35 тонна сув истеъмол қилади

Инсон сув ичмаса узоқ яшай олмайди. Инсон учун энг муҳим эҳтиёж кислород (тоза ҳаво) бўлса, иккинчиси сув ҳисобланади. Инсон егуликсиз қолса, тахминан олти ҳафта яшаши мумкин. Лекин сувсиз беш-етти кун яшай олади холос. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра инсон умри давомида тахминан 35 тонна сув ичади.

13. Энг қиммат сув

Сув бепул бўлиши ёки жуда қиммат нархда сотилиши ҳам мумкин. Дунёдаги энг қиммат сув Лос-Анжелесда сотилади. “Swarovski” ёрлиғи билан ишлаб чиқариладиган бу сув юқори ишқорли ва кислотали (ph таъмли) ҳисобланади. Бундай сувнинг 1 литри 90 доллар нархланди.

14. Ёнувчи сув

Дунёда ёнувчи сув ҳам мавжуд. Бундай сувлар ер остида метан аралашган ҳолда бўлади. Масалан, Озарбойжонда ана шундай сув бор. Бу сувга олов яқинлаштирилса, дарҳол аланга олади. Италиянинг Сицилия оролида заҳарли сув ҳам бор. Мутахассислар текшириб кўришганда кўлнинг тубида кислота манбалари бўлиб, улар ер ости ҳавзасидаги сувни заҳарлаб туради.

15. Сувда оқсил бор

Денгиз суви – озиқлантирувчи моддалар билан бойиган сув ҳисобланади. 1 сантиметр куб сувда 1,5 г оқсил ва бошқа моддалар мавжуд. Олимлар Атлантика океани сувларида оқсил кўпроқ эканини айтишган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид