Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мактаб таълими сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади: ўқитувчи нуфузи, иш ҳақи, имтиёзлар
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи пасайиб кетган эди. Шу боис Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда ўқитувчилик касбининг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишга қаратилган "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов янги қарорга қуйидагича изоҳ берди:
"Президентимиз ташаббуслари асосида Халқ таълими тизимида тарихий ўзгаришлар бошланяпти. Янги қарор мана шу ўзгаришларга асос бўлади. Ҳужжатнинг энг асосий мақсади - ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш. Шу вақтгача бўлган даврни таҳлил қиладиган бўлсак, афсуски, халқ таълими тизимига, текин ишчи кучидек қараб келинган ва мактаб таълими тизими иккинчи даражага ўтиб қолган. Президентимиз охирги селекторларда мактабнинг мавқеини ошириш бўйича катта вазифалар белгилаб бердилар. Шу боис мактабдаги ҳар қандай ортиқча мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, қоғозбозликни камайтириш, қўшимча педагогик юкламалар тартибга солиш ва имкон борича ўқитувчиларга шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда".

Қарор билан ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ойлик иш ҳақи
Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан қуйидаги кўринишда оширилади:
- бошланғич синф ўқитувчилари учун - 1,1 бараварга;
- юқори синф ўқитувчилари учун - ўртача 1,24 бараварга;
- директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун - 1,1 бараваргача.

2019 йил 1 январдан ўқитувчиларнинг ойлик маошлари:
- олий тоифали ўқитувчилар учун - 1,25 баравар;
- биринчи тоифали ўқитувчилар учун - 1,2 баравар;
- иккинчи тоифали ўқитувчилар учун - 1,15 баравар;
- мутахассис ўқитувчилар учун - 1,1 баравар;
- директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун - 1,1 бараваргача оширилади.

Ўқитувчиларнинг ўртача ойлик маошлари иккинчи босқичда - барча устамаларни қўшиб ҳисоблаганда қуйидагича кўриниш олади:
- бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик маошлари -ўртача ҳисобда - 34 фоиздан 54 фоизгача;
- юқори синф фан ўқитувчиларининг ойлик маошлари -ўртача ҳисобда 47 фоиздан 64 фоизгача;
- мактаб директори ва уларнинг ўринбосарларининг ойлик маошлари - ўртача 38-40 фоизга;
- ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларнинг ойлик маошлари - ўртача 28 фоизга;
- мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 93 фоизга оширилади.

Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Адҳам Эшжонов: "Масалан, юқори синф ўқитувчиларининг ойлик маоши ҳозирда 1 млн 529 000 сўм бўлса, 2018 йил 1 сентябрдан - 1 млн 749 500 сўм, 2019 йил 1 январдан эса - 2 млн 501 000 сўмни ташкил қилади ёки бугунги кунга нисбатан 64 фоизга оширилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси бугунги кунда 1 млн 627 000 сўм ойлик маош оладиган бўлса, 2018 йил 1 сентябрдан уларнинг ойлик иш ҳақи - 1 млн 749 000 сўм, 2019 йил 1 январдан эса - 2 млн 501 000 сўмни ташкил қилади. Шу билан бирга, мазкур қарор билан умумий ўрта таълим муассасаларининг психологларига алоҳида эътибор қаратилган, яъни улар ҳозирги кунда 637 000 сўм ойлик оладиган бўлса, 2019 йилнинг 1 январидан бу кўрсаткич 1 млн 232 000 сўмни қайд этади, яъни бугунги кунга нисбатан 93 фоизга оширилади. Бундан ташқари, психолог хизматларини яхшилаш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларининг психологлар штатини ўртача 2 мингтага кўпайтириш кўзда тутилган. 2019 йил 1 январдан амалга киритиладиган солиқ ислоҳотлари натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз қилиб белгиланиши ҳамда бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушланмаларнинг бекор қилиниши натижасида ўқитувчиларнинг қўлга оладиган ойлик иш ҳақлари сезиларли даражада оширилади".


Ҳар бир мактабда психолог хизматлари
Эндиликда ҳар бир таълим муассасасида психолог хизматлари йўлга қўйилади. Умумий ўрта ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан психолог штаб бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони:
- 250 нафаргача бўлганда - 1 штат бирлиги;
- 250 нафардан 800 нафаргача - 1,5 штат бирлиги;
- 800 нафардан 1600 нафаргача - 2 штат бирлиги;
- 1600 нафардан 3000 нафаргача - 2,5 штат бирлиги;
- 3000 нафардан ортиқ бўлса - 3 штат бирлиги этиб белгиланади. Уларнинг ойлик маошлари икки босқичда, жами 93 фоизга оширилади.

"Ўтиш даврида ҳар қандай давлатда ҳам таълимга эътибор бериш қийин бўлади, чунки иқтисодиёт ўзи кичик, жуда кўп бошқа соҳаларимиз бор, лекин шунга қарамай, президентимиз деярли 3 триллион қўшимча пулни айнан таълим соҳасига ўқитувчиларнинг ойлик маоши учун беришга қарор қилдилар. Бизнинг иқтисодиётимиз учун 3 триллион қўшимча пул ҳам катта пул, буни тан олиш керак. Президентимиз мамлакатимиз келажаги учун ўқитувчининг роли катта эканлигини алоҳида таъкидладилар", - дейди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.
Олимпиадалар
Яна бир муҳим жиҳат. Қарорда ҳудудий, республика ва халқаро олимпиадаларда совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача бир марталик пул мукофоти бериш тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Соғломлаштириш тизими
Таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқарув органларига қарашли санаторий соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш тизимининг яратилиши ҳам кўзда тутилган.
Арзон уй-жой, автотранспорт воситалари
Шунингдек, ҳужжатга асосан, ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида бунёд этилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида бериш, "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, автомобиль сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ҳам кўзда тутилган.

ХТВ Молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Сирожев:
"Буни тарихий воқеа дейиш мумкин, чунки мазкур қарорда ҳеч қачон кузатилмаган чоралар кўрилмоқда. Халқ таълими тизимидаги ўқитувчиларимизга тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида имтиёзли кредитлар белгиланди. Ушбу кредитлар муддати 3 йилни ташкил қилиб, 6 ойлик имтиёзли давр билан 7 фоиз кредит ставкаси бўйича амалга оширилиши белгиланган. Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги қошида махсус жамғарма ташкил этилмоқда. Бу жамғарма ҳисобидан ўқитувчилар учун автотранспорт кредитлари ажратилади".
Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари
Қарорда 2018-2020 йилларда педагогик касби мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонларини пойтахт ва вилоятларда ташкил этилиши белгиланди.
Олтин ва кумуш медаллар
Ҳужжатдаги яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий қилинди.

Мавзуга оид
13:38 / 21.05.2026
Тошкентда ўқитувчи ўқувчини калтаклади
17:49 / 19.05.2026
Айрим педагогларга самолёт ва поезд чиптаси учун чегирма берилиши мумкин
17:38 / 12.05.2026
Ўзбекистонда бир қатор субсидиялар белгиланди
11:51 / 21.04.2026