Жаҳон | 14:36 / 10.09.2025
12511
5 дақиқада ўқилади

Россия фронт яқинидаги посёлкага авиабомба ташлади, бу ерда аҳоли пенсия олишга йиғилганди

20 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Россия Донецк областида жойлашган Яровая посёлкасига авиабомба ташлади, деб хабар берди Украина президенти Володимир Зеленский 9 сентябр куни. Украина полицияси ва прокуратурасидан маълум қилишларича, бу соат 11 атрофида, посёлка аҳолиси «Укрпошта» почта алоқаси операторининг мобил пункти ёнида пенсия олишга йиғилганида рўй берган.

«Россиянинг Донецк областидаги Яровая посёлкасига авиабомба билан ваҳшийларча зарбаси. Тўғри одамлар устига. Оддий фуқаролар устига. Пенсия берилаётган пайтда. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар сони 20 нафардан ошган. Ортиқча сўзга ҳожат йўқ», – деди Зеленский.

  • Яровая – Донецк областининг Краматорск районидаги Лиман шаҳар обшчинаси таркибидаги посёлкадир. 2022 йил бошидаги маълумотларга кўра, посёлкада 1840 киши яшаган. Посёлка фронт чизиғидан саккиз километр масофада, областда украинлар назоратида қолаётган сўнгги йирик шаҳарлардан бири Словянскдан 40 км шимолда жойлашган. Расмийлар август ойида посёлкадан болали оилалар мажбуран эвакуация қилинишини эълон қилганди.

Зеленский эълон қилган видеоёзувда қурбонларнинг жасадлари ҳамда «Укрпошта»нинг зарбага учраган автомобили кўринган. Полиция маълумотига кўра, «қурбонлар орасида – маҳаллий пенсионерлар ҳамда „Укрпошта“ экипажи аъзолари бор».

Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича хизматининг сўнгги маълумотига кўра, 24 киши ҳалок бўлиб, 19 киши яраланган.

«Укрпошта» ҳодисага изоҳида «Россия ўлим келтиришда давом этаётгани»ни қайд этган. Компаниянинг маълум қилишича, Яроваяда ҳайдовчи ва почта бўлими бошлиғи зарба остида қолган, улар омон қолган. Почта ходими касалхонага ётқизилди, деб хабар берди «Укрпошта» бош директори Игор Смелянский.

Ҳаво ҳужумидан сўнг «Укрпошта» раҳбари фронт яқинидаги ҳудудда пенсия тўлаш тартибини ўзгартиришга ваъда берди. «Уруш бошланганидан бери биз доимий равишда хавфсизлик тартибини ўзгартириб келамиз, видеода кўриниб турганидек, машина дарахтлар остида турганди, бу эса уни пайқаш хавфини камайтирарди. Аммо кимдир координаталарни етказган кўринади», – деди компания бош директори.

Володимир Зеленский жаҳон ҳамжамиятидан воқеага муносабат билдиришни сўради.

Россиянинг бундай зарбалари дунёнинг муносиб реакциясисиз қолмаслиги аниқ. Россияликлар одамларни ўлдиришда давом этмоқда, аммо янги кучли санкциялар, янги кучли зарбалардан қутулиб қолмоқда. Дунё жим турмаслиги керак. Дунё ҳаракатсиз қолмаслиги керак. Қўшма Штатларнинг реакцияси керак. Европанинг реакцияси керак. Йигирматаликнинг реакцияси керак. Россия ўлим олиб келишни тўхтатиши учун кучли ҳаракатлар керак.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Россия тинч аҳолини қўрқитиш учун «фуқаролар билан онгли равишда уруш олиб бораётгани»ни айтди. «Террорчилар бутун бир давлат шаклини олиши мумкинлигини яна бир бор исботлайдиган катта фожиа. Россия давлати – террорчилик тузилмаси», – деди Ермак.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россиянинг ҳаво ҳужумини «варварлик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Украина қатъий жавоб чоралари бўлишини кутмоқда: «Россиялик жиноятчилар бу ва бошқа ваҳшийликлар учун суд олдида жавоб беришлари керак».

«Россия пропагандаси Россия Донецк областидаги одамларни „қутқараётганини“ даъво қилмоқда, бироқ аслида у пенсия олиш учун келган одамлар устига улкан авиация бомбаларини ташламоқда. Россия фақат ўлим, даҳшат ва вайронагарчилик келтиради», – деди Сибига.

«Руслар пенсия тарқатиш чоғида одамларга ҳужум қилди. Бу ҳарбий ҳаракат эмас – бу ғирт терроризм», – дея ёзган телеграм-каналида Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин ва аҳолини Украинанинг нисбатан хавфсиз ҳудудларига кетишга чақирган.

Украина омбудсмани Дмитро Лубинец «Россия беҳаё ва шафқатсиз ҳаво ҳужуми уюштиргани»ни айтди. Унинг сўзларига кўра, бу зарба «Украинанинг тинч аҳолисига қарши тизимли террорнинг яна бир тасдиғи бўлиб, халқаро ҳамжамиятнинг қатъий муносабати ва айбдорларни муқаррар жазолашни талаб қилади».

Донецк области прокуратураси уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш моддаси (Украина Жиноят кодексининг 438-моддаси 2-қисми) бўйича терговга қадар текширув бошлади. «Россия Федерациясининг ҳеч бир ҳарбий жинояти ва унинг ижрочилари жазосиз қолмайди», – дейилади Украина бош прокурори идораси баёнотида.

Россиялик ҳарбийлар зарба юзасидан изоҳ бермади. Бир кун аввал Россия Мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботида посёлкани тилга олиб, Яровая ва Ямпол аҳоли пунктлари ҳудудларида «Украина Қуролли кучларининг учта механизациялашган бригадаси» ва Украина Миллий гвардияси жонли кучларига берилган зарбалар ҳақида маълум қилганди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид