Жаҳон | 15:05 / 24.12.2025
2649
3 дақиқада ўқилади

Вадефул: Украина билан уруш тугагач, РФ НАТОга ҳужум қилиши мумкин

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефулнинг айтишича, Россия Украина билан тинчлик шартномаси тузилгандан кейин НАТОга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилиши мумкин. “Европанинг хавфсизлиги фақат Россиядан ҳимояланган хавфсизлик сифатидагина мумкин”, — деб таъкидлади у. Вадефул фикрича, шу сабабли Германияда мудофаа саъй-ҳаракатларини қисқартириш учун ҳеч қандай асос йўқ.

Фото: Kira Hofmann/AA/IMAGO

Россия Украина билан тинчлик шартномаси тузилганидан кейин НАТОга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилиши мумкин. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул 23 декабр, сешанба куни dpa агентлигига берган интервюсида айтди. “Европанинг хавфсизлиги фақат Россиядан ҳимояланган хавфсизлик сифатидагина мумкин”, — деди Вадефул. Шунинг учун Германия Украинага кўмак беришни давом эттиришдан манфаатдор, деб ҳисоблайди у.

Вадефул Кремл Украинадаги сулҳ (тўхташ)дан фойдаланиб, НАТО ҳудудига ҳужум қилиши мумкин бўлган сценарий эҳтимолини баҳолашдан бош тортди. “Мен фақат шундай воқеа учун тайёр туришни маслаҳат бера оламан”, — деб қўшимча қилди у. Унинг таъкидлашича, Германияда мудофаа саъй-ҳаракатларини қисқартиришга сабаб йўқ: Кремл билан муносабатда Европа кучли позициядан ҳаракат қилиши керак. Агар Россия армияси Украинада барқарор ҳарбий муваффақиятга эришса, “бу НАТО учун жиддий таҳдид бўлади”, — деб огоҳлантирди вазир.

Ана шунинг ўзи Украинага кўмак бериш Европа қитъасининг хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ вазифа бўлиб қолаётганини англатади. “Украинада тинчлик билан боғлиқ вазият қанчалик барқарор бўлса ва Украина ўз манфаатларини қанчалик тезроқ ҳимоя қила олса, бу бутун Европа учун шунчалик яхши бўлади”, — деди Вадефул.

Аввалроқ шунга ўхшаш баҳони Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳам билдирган эди. Унинг фикрича, Россия Украинага қарши урушда кўрган йўқотишларидан кейин жанг қобилиятини тиклаб олгандан сўнг, 2029 йилдаёқ НАТОга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилиши мумкин.

Бу фикрни Бундесвернинг оператив қўмондонлиги раҳбари бўлган немис генерал-лейтенанти Александер Золлфранк ҳам қўллаб-қувватлайди. “Россия ҳатто эртанинг ўзида ҳам НАТО ҳудудига кичик миқёсда зарба бериши мумкин”, — деди Золлфранк. Агар Москва қуролланишни давом эттирса, 2029 йилга бориб Кремл кенг кўламли ҳужумга ҳам қарор қилиши мумкин, деб ҳисоблайди генерал.

2025 йил декабр ўрталарида Reuters агентлиги АҚШ разведка хизматлари фикрича, Россия нафақат бутун Украинани эгаллаш мақсадидан воз кечмаган, балки Болтиқ давлатларини ҳам оккупация қилиш вариантини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Reuters манбаларига кўра, АҚШ разведкаси хулосалари кўп жиҳатдан Европа махсус хизматлари баҳолари билан мос келади.

АҚШ миллий разведкаси директори Тулси Габбард Reuters нашри маълумотини “ёлғон ва тарғибот” деб атади, нашр манбаларини эса “урушни қўзғатувчилар” деб баҳолади. РФ президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев эса Россиянинг НАТО давлатларига эҳтимолий ҳужуми ҳақидаги хабарларни “президент Трампнинг тинчлик режасини издан чиқаришга қаратилган, олдиндан ташкил этилган медиакампания” деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид