Украина президенти Володимир Зеленский 24 декабр куни журналистлар билан мулоқот чоғида сўнгги ҳафталарда Украина, АҚШ ва Россия муҳокама қилаётган тинчлик режасининг 20 та бандини санаб ўтди. Зеленский бу режани «урушни якунлаш тўғрисидаги базавий ҳужжат» деб атаган. Бундан ташқари, Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳамда мамлакат тикланиши бўйича иккинчи ва учинчи ҳужжатларнинг ҳам қоралама вариантлари тайёрланган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина ва АҚШ томонлари «ҳужжатларни якунлашга анча яқинлашган», аммо ҳозирча тинчлик режасининг икки банди бўйича келишувга эришиб бўлмаяпти.

«Биз Донбасс ҳудуди ва Запорижжя АЭС бўйича Америка томони билан консенсусга эриша олмадик. Лекин кўпчилик позицияларни бир-бирига анча яқинлаштирдик. Умуман олганда, бу шартномадаги бошқа барча бандларда муроса йўли топилган», – деди у.

Украина президенти можароли масалаларни Доналд Трамп билан учрашувда муҳокама қилмоқчи.

Унинг сўзларига кўра, Киев Россия томонининг муҳокама қилинаётган бандларга муносабатини кутмоқда, шундан сўнг «кейинги қадамлар ва у ёки бу қарорлар учун эҳтимолий муддатлар ҳақида тасаввур ҳосил бўлади».

«Агар биз бугунги кунда мавжуд бўлган ушбу 20 та банд ҳақида гапирадиган бўлсак, бу сезиларли эволюцияни бошдан кечирган доиравий ҳужжат – бу ўша илгари 28 та банддан бошланган ҳужжат. <...> Бу ҳали қоралама лойиҳа. Бу ҳали томонлар ўртасида келишилган ҳужжат эмас, аммо унда урушни қандай тугатиш таклиф қилинаётгани ҳақида маълум бир мантиқ шаклланган», – дейди Зеленский.

Володимир Зеленский тақдим этган тинчлик режасида нима бор ва нима йўқ?

Янгиланган 20 банд

1-банд. Украина суверенитети тасдиқланади.

«Биз Украина суверен давлат эканини таъкидлаймиз ва шартномаларни имзолаганларнинг барчаси буни ўз имзолари билан тасдиқлайди», – деди Зеленский.

2-банд. Россия ва Украина ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида кенг қамровли шартнома тузилади.

Зеленскийнинг изоҳлашича, тўқнашув чизиғида мониторинг механизми яратилади.

3-банд. Украина мустаҳкам хавфсизлик кафолатларига эга бўлади.