Жаҳон | 15:31 / 19.06.2024
12946
4 дақиқада ўқилади

Россия ва КХДР стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади

Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги келишув, жумладан, тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Ғарб Украинадаги уруш фонида РФ ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик янада кенгайишидан хавотирда.

Фото: РИА Новости / POOL/Гавриил Григоров

Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхенянда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги битимни имзолади. Бошқа нарсалар қатори, ҳужжат иштирокчилардан бирига тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади, деди Путин 19 июн, чоршанба куни Ким Чен Ин билан музокаралар якунлари бўйича.

Шу муносабат билан Россия президенти АҚШ ва бошқа НАТО давлатларининг Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи қурол тизимлари, F-16 қирувчи самолётлари ва шу каби бошқа қурол ҳамда жиҳозлар етказиб берилиши ҳақидаги баёнотларига эътибор қаратди. «Бу нафақат баёнот, балки аллақачон содир бўлмоқда ва буларнинг барчаси Ғарб давлатлари томонидан турли хил халқаро мажбуриятлар доирасида ўз зиммаларига олган чекловларни қўпол равишда бузишдир», деб таъкидлади Путин.

Ғарб Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кенгайишидан хавотирда 

Пхенянда имзоланган кенг қамровли стратегик шериклик шартномаси СССР ва РФ Шимолий Корея билан 1961, 2000 ва 2001 йилларда имзоланган асосий ҳужжатлар ўрнини эгаллайди ҳамда «узоқ муддатли истиқболда икки томонлама муносабатлар асосини ташкил этувчи асосий ҳужжатга айланади», деб ёзади Россия ОАВ. Ғарб бу Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг янада чуқурлашишига олиб келишидан хавотирда. 

Қўшма Штатлар маълумотларига кўра, томонлар ўтган йили Россияга Шимолий Корея ракеталари ва ўқ-дориларини етказиб беришга келишиб олган, бу, эҳтимол, асосий ҳарбий технологияларни КХДРга ўтказиш эвазига амалга оширилган. Россия ҳам, Шимолий Корея ҳам Россия Федерациясига Шимолий Корея қуролларини етказиб бериш фактини инкор этмоқда. Путиннинг КХДРга ташрифи натижасида Шимолий Корея РФга ўқ-дорилар етказиб бериш ҳажмини ошириши кутилмоқда. 

Пхенян Россиянинг Украинага қарши урушини қатъий қўллаб-қувватлайди 

Владимир Путин давлат ташрифи билан Шимолий Кореяга келди. Бу унинг 2000 йилдан бери Шимолий Кореяга илк сафари. Стратегик шериклик шартномаси имзоланиши муносабати билан Ким Чен Ин икки томонлама муносабатларда «янги давр» бошланганини олқишлади ва Россия сиёсатини, жумладан, Россиянинг Украинага қарши урушини қатъий қўллаб-қувватлади. «Шимолий Корея Украинадаги уруш шароитида Россия ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва бирдамлигини билдиради», деди у. 

Бунга жавобан Путин Ким Чен Инга тизимли ва қатъий қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди ва уни Москвага ташриф буюришга таклиф қилди. Путин ва Ким аввалига бир соатча давом этиши режалаштирилган бўлса-да, кейинроқ икки соат давомида юзма-юз учрашув ўтказди. Икки давлат раҳбарлари бир-бирлари билан суҳбатни «Кимсуан» қароргоҳи атрофида норасмий сайр қилиш ва чой ичиш чоғида давом эттирадилар. 

Аввалроқ Путин ва Ким Чен Ин икки давлат делегациялари аъзолари иштирокида бир ярим соатлик кенг кўламли музокаралар ўтказган эди. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, музокараларда энг муҳим ва нозик масалалар муҳокама қилинган. 

Совғалар алмашинуви 

Икки давлат раҳбарлари бир-бирлари билан совғалар алмашишди. Путин Ким Чен Инга янги «Аурус» автомобили, адмираллик ханжари ва сервиз совға қилди, у эса Россия президентига «бир қанча санъат асарларини» топширди.

Юрий Ушаков Путинга айнан нима совға қилинганига аниқлик киритмади ва фақатгина совғалар «президент тасвири билан боғлиқ» эканини айтди. «Тасвирларнинг бир нечта варианти бор, уларнинг барчаси жуда бадиий, шу жумладан бюстлар», деди у. 

Мавзуга оид