Жаҳон | 09:03
2206
3 дақиқада ўқилади

Прокурор: Жанубий Корея собиқ президенти КХДРни тажовузга ундамоқчи бўлган

Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёл 2024 йил декабрида ҳарбий ҳолат жорий этишни оқлаш учун Шимолий Кореяни агрессияга ундашга уринган, деб маълум қилди махсус прокурор Чо Ин Сок.

Юн Сок Ёл Фото: Hwawon Ceci Lee/Anadolu Agency/IMAGO

Мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилишга уринишдан кейин Юн Сок Ёлга нисбатан исён ва давлатга хиёнат гумони билан тергов олиб борилаётган бир пайтда, у Шимолий Кореяни ҳарбий тажовузга ундашга уринган. Бу ҳақда 2024 йил декабрда Корея Республикасида ҳарбий ҳолат масаласи бўйича ишни олиб бораётган махсус прокурор Чо Ин Сок брифингда маълум қилди. Махсус прокурор сўзларини Reuters агентлиги душанба куни, 15 декабрда келтирди.

Чо Ин Сокнинг айтишича, Юн Сок Ёл шу йўл билан ҳарбий ҳолат режими ҳақида эълон қилишини оқлаш ва сиёсий рақибларини четлатишга умид қилган.

Махсус прокурор жамоаси исёнда иштирок этган, деган гумон билан 24 кишига, жумладан собиқ президентнинг ўзига ва собиқ ҳукумат аъзоларидан беш нафарига айблов қўйган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари версиясига кўра, Юн Сок Ёл Жанубий Корея дронларини Шимолий Корея томон учиришни буюрган — мақсад жанг ҳаракатларини қўзғатиш ва буни Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этишга баҳона сифатида ишлатиш бўлган. Жанубий Корея дронлари КХДР пойтахти Пхенян яқинида қулаган. Тергов фикрича, Юн ҳарбий маълумотларни узатиш орқали “душманга фойда келтирган”.

2024 йил декабри бошида Жанубий Кореяда бюджет бўйича баҳслар фонида Юн Сок Ёл кутилмаганда мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилишини эълон қилганидан сўнг сиёсий инқироз юзага келган. У бу қадамни мухолифатнинг “давлатга қарши фаолияти” билан асослаган.

Бироқ мамлакат парламенти бу қарорни тасдиқлашдан бош тортган ва эртаси тонгда давлат раҳбари уни бекор қилишга мажбур бўлган. Депутатлар 2024 йил 14 декабр куни Юнга импичмент эълон қилган. 2025 йил апрели бошида бу қарорни мамлакат Конституциявий суди тасдиқлаган.

Юн Сок Ёл 15 январ куни иккинчи уринишда ҳибсга олинган — биринчи уриниш унинг қўриқчилари қаршилиги сабабли муваффақиятсиз чиққан. Аввалига суд собиқ давлат раҳбарини қамоққа олишни белгилаган, аммо 8 март куни ҳимоя томонининг илтимосномасини қаноатлантириб, уни қамоқдан озод қилган. Сиёсатчи ҳали ҳам тергов остида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид