Спорт | 15:02 / 12.02.2024
50283
17 дақиқада ўқилади

Позитив. Миллий жамоанинг Қатардаги иштироки ҳақида

Бобур Абдухолиқовни ўйнатмаслик чиндан ҳам хатомиди? Пеналтилар сериясига нега тайёргарлик кўрилмаган? Жамоа кейинги катта турнирларга тайёрми? Спорт журналисти Қаҳрамон Асланов миллий жамоанинг Осиё кубогидаги иштироки бўйича таассуротларини билдирди.

Фото: Tribuna.uz

Мустақилликнинг илк йилларида миллий жамоанинг Ҳиросимадаги илк ўйинини эслайман. 90-йиллар бошида АҚШда шов-шув кўтариб, Нидерландия ва Белгия каби жамоаларга қарши муносиб тўп сурган Саудия Арабистони устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган эдик. Шу пайтгача собиқ иттифоқда юрган футболимиз учун Осиё ўзига яраша экзотика эди, табиийки, бундан буёғи шундай бўлиши, Ўзбекистон Осиёнинг энг зўрларидан бири бўлишига ишонардик.

Кейин билсак, Осиё ўйинларига бўлган муносабат қитъа «шерлари» учун ҳаминқадар экан. Бу турнир ҳам, қисман икки йил ўтиб биз гуруҳдан чиқа олмаган Осиё кубоги ҳам, аслида бизга ушалмас орзуга айланган жаҳон чемпионати саралаши учун тайёргарлик сифатида кўрилар экан.

Шунча йил ўтди ва ўтган ҳафталарда миллий жамоанинг Осиё чемпионатидаги саккизинчи иштирокига гувоҳ бўлдик. Жамоамизга ўз тарихидаги энг яхши натижа бўлмиш ярим финалга чиқишни такрорлаш учун Зафармурод пеналти тепишда югуришга эринган икки қадам етмай қолди.

Майли, ўттиз йил олдинги хатони такрорлаб, келинг, бу натижани жиддий олиб, фожиа ясамайлик-да, катта жамоалар каби, турнирга бошқа ракурсдан қараб кўрамиз ва кейинги мусобақалар учун биз сезган ижобий жиҳатлар ҳақида сўз юритамиз. Албатта, ундан олдин, уларга бироз танбеҳ бериб, футбол жамоатчилигида энг кўп тилга олинган эътирозларни тилга олиб ўтамиз. Ахир ёмон хабарлардан бошлаш керакки, охирида мақоламиз сарлавҳаси каби позитив нуқтада хайрлашамиз.

Эътирозлар

Биринчи эътироз, таркибни танлаш, у ёки бу футболчини алмаштириш ҳақидаги фикрлар. Бу тарздаги танқидларнинг давомли тус олишига, албатта, Сурияга қарши биринчи ўйиндаги ҳолатлар ҳам сабаб бўлди. Эсингизда бўлса, Катанецнинг бошланғич таркиб ва тактикасидан кўпчилик ҳайрон бўлди, турли бошқача таклифлар берилди ҳам. Ўша ўйиндаги ўзгартиришлар ва Ҳиндистонга қарши танланган футболчилар гўёки, мураббий эмас, эътироз билдирган журналист ва мухлислар ҳақ бўлгандек кўрсатиб қўйди. Ростан ҳам, Ўрунов марказий ҳужумга бошқа қўйилмади, Файзуллаев асосий таркибдан жой олди ва ҳоказо.

Аммо бу турдаги тузатишлар иш муҳитида тамоман нормал ҳолат эканини таъкидлаш керак. Табиийки, тайёргарлик учрашувлари ва машғулотлар расмий турнир муҳитини, юклама ва босимини бермайди. Мураббий у ёки бу режани мусобақа олдидан синаб кўриши, аммо амалда, баъзи футболчиларнинг ўртоқлик учрашувлари ёки машғулотлардаги сифатни тақдим этишга қодир эмаслиги қачонки, расмий ўйинда синаб кўрилсагина билинади. Ёки баъзи футболчилар аслида пастроқ савияда бўлиши мумкин, аммо айнан бир турнирда кутилмаганда ва тушунарсиз сабаблар билан порлаб кетади. Ўша «кураж»ни ушлаган футболчига мураббий имконият беришда давом этади ва режаларни ўзгартириб бўлса-да, руҳан тайёр футболчиларга суянишда давом этади.

Жаҳон чемпиони Аргентина миллий жамоаси мундиалдаги илк ўйинда умуман бошқа таркибда майдонга тушди, кейинчалик, Алварес, Энцо, Акуна каби футболчилар турнир давомида асосий ўйинчиларга айланиб боришди. Ундан олдинги чемпионатда Франция 1-турни 4-3-3 схемасида, Дембеле – Мбаппе – Гризманн учлиги билан бошлаган. Аммо Австралия билан ўйинда муаммоларга дуч келгач, марказга Матиюдини қўшган ва яримҳимоячи марказдаги мувозанатни таъминлаб, то финалгача асосий фигуралардан бири бўлган, Дембеле эса захирада қолдирилганди.

Айтмоқчиманки, биринчи ўйиндаги тажрибалар ўзини оқламаслиги, мураббийнинг хатоси эмас, муҳими, вазиятнинг вақтида тузатилишидир. Биринчи турдаги «хатолар»дан келиб чиқиб, мураббийнинг бошқа қарорларини ҳам шубҳа остига олавериш, менимча, доим тўғри эмас. Мисол учун, Бобур Абдухолиқовнинг майдонга тушмагани кўп бор эътирозга сабаб бўлди, аммо миллий жамоа базасидаги ҳақиқий ҳолатни билмасдан, у ёки бу футболчи аниқ ўйинни кучайтириши ҳақида баҳо бериш тўғри бўлмаслиги мумкин. Миллий жамоада таркибни танлаш компютер ўйинларидагидан фарқ қилади – маълум бир кўникма ва қобилиятдан келиб чиқиб, керакли позицияга қўйиш кифоя қилмайди.

Шунингдек, футболчининг руҳияти, муайян таркибда тутган ўрни ва ишончи ҳам ўта муҳим. Азиз Турғунбоевни олайлик. У бир неча йил олдин «Навбаҳор»да ўзига ишонган, доим вазиятни ўз қўлига олишдан қўрқмайдиган етакчи эди, аммо миллий жамоа аъзосига айланишига бир неча йил керак бўлди. Шунда ҳам, Австралия ва Таиланд дарвозасига урилган голлар Азизга ишонч берди, деб айта оламан. Мусобақа бошланишидан олдинги Азиз ва ҳозиргисининг жамоада тутган ўрни орасида фарқ бор. Одил Ҳамробеков ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Кимдир илк ўйинлардаёқ чақнайди, кимдир бир неча ўйин орқали жамоа ичида ўз ўрнини топсагина, майдонда тўғри қарорлар чиқариши ва ишонч билан тўп суриши мумкин.

Бобур Абдухолиқовнинг шу пайтгача миллий жамоадаги позицияси захира варианти эди, зеро Элдор Шомуродов билан рақобат қилиш имконсиз. Қисқа муддат қолганида асосий ҳужумчи ўйнамаслиги маълум бўлди. Бобур дарҳол ушбу позицияда асосий футболчига айланиши учун балки руҳий тўсиқлар ҳам бўлгандир, шериклари орасидаги ўрни тортмас, албатта, бу жараёнлар жамоа муҳити ичида маълум бўлади. Яъни, Бобур ҳужумчи сифатида майдонга тушиши кифоя, ўйинимиз кучайиб, голларимиз кўпайиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар барибир тахмин, холос. Бу борада Катанецнинг бошқача хулосаси бўлиши ва бу бир қатор биз учун номаълум асосларга эга бўлиши ҳам шубҳасиз (Буни Эрон билан ўйин олдидан ҳам ёзгандим. Катанец бир неча йилдан бери миллий жамоани шуғуллантираётган бўлса-да, футболчилар билан у ҳақиқий маънода шу сўнгги ойларда «танишмоқда». Чунки ўртоқлик ўйинларида ёки машғулотларда ўзини яхши томондан кўрсатган футболчи ҳақиқий расмий ўйинларда панд бериши мумкин. Ёки аксинча ҳолатлар ҳам бор).

Сайфиев, Машарипов каби футболчилар асосий таркиб учун танланиши ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин – Шомуродов, Алижонов, Алиқулов каби тажрибали ва етакчи футболчилар жароҳатлангач, табиийки, таркибда ўзига яраша тажрибали ва мураббий услубини майдонга ташийдиган фигуралар бўлиши жуда муҳимдир. Сайфиев масалан, айрим паллаларда ишончни оқламаган бўлса-да, айнан ўзига ишонч ва Катанец қўл остидаги тажрибаси туфайли ўйинга ижобий таъсирини ўтказишига ишонаман. Агар бундай футболчилар кўпроқ бўлганида, албатта, вариантлар кўпайиб, Катанецда таркибни танлаш имконияти янада кенгроқ бўлиши мумкин бўларди.

Иккинчи эътироз, пеналтилар сериясига. Иккита пеналтини аниқ амалга ошир ва биз ярим финалдамиз. Амалдаги чемпион (бўлажак чемпион) Қатарни чоракфиналда қолдириб кетишга биз мана шу масофада яқин келгандик. Албатта, пеналтилар серияси бу лотерея, машҳур ибора, аммо охирги икки пеналти қандай амалга оширилгани бизнинг ушбу серияга ҳам руҳан, ҳам илмий томондан етарлича тайёр бўлмаганимизни кўрсатди. Буни кейинчалик футболчиларимиздан бири ҳам тан олди.

Жалолиддин Машариповнинг «рақиб дарвозабони менинг пеналти тепишимни ўрганган экан» деган изоҳи кулгили – албатта ўрганади-да. Нормал футбол жамиятида шунақа, бу Машариповнинг шунақа машҳур бўлиб, ҳамма унинг услубини билишида эмас, агар Аргентина билан пеналти тепишиб қолиш имкониятига эга бўлганимизда ҳам Мартинез Зафармуроднинг тўпга қандай югуриб келишигача ўрганиб чиққан бўларди. Аммо биз нафақат ўйиндан олдин, балки серия давомида ҳам керакли тузатишларни қила олмадик.

Евро-2012 турнирида Италия ва Англия пеналтилар сериясида ғолибни аниқлашганди. Инглизлар посбони Жо Ҳарт чизиқда ўзини ўта фаол кўрсата бошлади, эпчиллик билан бир зарбани қайтарди, тепувчиларга руҳий босим қилди. Шунда италияликларнинг етакчиси Андре Пирло «паненка» усулида зарба бериб, ҳам Ҳартнинг руҳиятига зарба берди, ҳам кейинги тепувчи шерикларига унинг ожиз нуқтасини кўрсатди. Кейинги зарбалар ҳаммаси гол билан тугаганди.

Дарвозабонлар пеналтилардаги ўзини тутиши ҳар хил бўлади. Биринчи тоифа, таваккал бир томонга ташланади ва бу ерда агар зарба ўта мукаммал ижро этилмаса, 50 фоизга қайтариш имкониятига эга бўлади. Иккинчи тоифа, техник томондан худди биринчи тоифа каби, аммо қўшимчасига, тепувчини чалғитиш, руҳий таъсир ўтказиш, ташланмоқчи бўлган томонни алдаб намойиш қилиш каби ҳаракатларни амалга оширади. Худди Жо Ҳарт каби. Учинчи тоифа эса, имкон қадар сўнгги паллагача қимирламасликка, тўпни диққат билан кузатиб, зарбадан кейингина ўша томонга ташланишга ҳаракат қилади.

Қатарлик дарвозабон айнан учинчи тоифадаги услубни танлаган эди. Бундай вазиятда гол уриш учун техника маълум – имкон қадар қаттиқроқ зарба берилади. У қадар бурчакни мўлжаллаш шарт эмас, агар зарба қаттиқ берилса, дарвозабонда имконият бўлмайди. Энди, худди шундай тарзда зарбаларни қайтараётган дарвозабонга қарши марказга зарба бериш – билмадим, қай даражада содда бўлиши керак? Умуман, жонли режимда дарвозабон услубини таҳлил қилиш ва кейинги тепувчиларга керакли маслаҳатларни бериш кимнинг вазифаси эди? Мураббийлар штабида бу иш билан ким шуғулланди, футболчилар ўзаро суҳбатлашишдими? Ростини айтсам, бир жамоа томонидан бу қадар аҳмоқона пеналтилар сериясини кўрмагандим.

Энг кўп такрорланган эътирозлар мазмунан шу. Айниқса, биринчи қисмда Катанецни ҳаддан ташқари тушунишга уринганим ва баъзида унинг ёнини олгандек тасаввур уйғотганимнинг сабаби – миллий жамоамиз Осиё кубогида яққол муваффақиятсизликка учрамади. Ҳатто кейинги турнирлар учун ижобий кутилмалар ҳам тақдим этди, дейиш мумкин. Бу ҳақида қуйида.

Қатар фақат бизни юта олмади

Қаторасига икки марта қитъа чемпионлигини қўлга киритган Қатар миллий жамоаси шу икки турнирда 14 та ўйин ўтказиб, 13 тасини ғалаба билан якунлади. Унинг рақиблари ичида Жанубий Корея, Япония, Австралия, Эрон ва Саудия Арабистони ҳам бор. Албатта, биз Қатарни ютишимиз керак, кучимизни бу тариқа баҳолаш мағлублар усулига ўхшайди, аммо тан олиш керак, майдон эгалари бўлмиш бўлажак чемпионга қарши, мана шундай таркибда бир юз йигирма дақиқа тенгма тенг ўйнай олганимиз, ҳисобни тенглаштирганимиз ҳам натижа. 

Жароҳатларсиз янада кучлироқ бўлишимиз аниқ эди

Австралия ва Қатар билан ўйинлар охирларига келиб, бизга нималар етишмагани яққол сезилиб қолди. Мусобақада жароҳатлардан энг кўп панд еган жамоа ҳам биз бўлдик, назаримда.

Турнир олдидан Элдор Шомуродов ва Ҳусниддин Алиқуловдан ажралдик. Биринчи тур ўтиб, Ҳожиакбар Алижонов ҳам ёрдам бера олмаслиги маълум бўлди. Кейин Сурия билан яхши қўшилган Насруллоевсиз, ундан кейин Сергеевсиз қолдик. Отабек Шукуров касал бўлиб қолгани туфайли Таиланд билан ўйнай олмади. Қатар билан ўйинда эса, дисквалификация сабабли Абдуқодир Ҳусанов майдонга туша олмади.

Осиёдаги энг яхши ҳужумчилардан бирига эга бўлиб туриб, мухлислар ҳал қилувчи ўйинда Бобур Абдухолиқовнинг тушишини орзу қилишди. Катанец даврида деярли ҳамма ўйинда қатнашган ва балки айнан у туфайли, уч марказий ҳимоячи схемасига ўтган Алижонов ўрнида Азиз Турғунбоев ўйнади. Табиийки, жамоани ўйиндан ўйинга тайёрлаб, кучайтириб бориш ўрнига таркибдаги тешикларни ёпиш билан ҳам шуғулланган Катанец учун якуний натижа у қадар ёмон ҳисобланмаслиги керак. Ишонаманки, тўлиқ таркиб билан биз янада кучлироқ, ташаббускорроқ бўлишимиз мумкин эди ва умид қиламанки, жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида бу фараз ўз исботини топади.

Ҳимоямиз мустаҳкам

Денисов, Исмоилов, Кримец каби футболчилардан иборат авлод даври тугагач, бизнинг энг хавотирли позициямиз ҳимоя, айниқса, ҳимоя маркази бўлгани сир эмас. Тан олиш керак, кучли клубларимизда ҳам юқори савияда миллий жамоада ишончли ҳаракат қиладиган номзодлар кўп эмасди ёки у қадар ишончли кўринмасди. Айнан мана шу Осиё кубоги Катанецнинг асосий қилган меҳнатини намойиш қилиб берди – ҳимоядан у қадар қўрқмасак бўлади.

Ашурматов ҳам, Ҳусанов ҳам, Эшмуродов ҳам анча ишончли ҳаракат қилишди ва Алиқулов қайтса, бу чизиқ жамоадаги ҳал қилувчи позициялардан бирига айланади. Турнирни мағлуб бўлмасдан тарк этганимиз, умуман Австралия ва Қатар билан ўйнаган бўлсак ҳам, дарвозамиз олдида «ёнғинлар» деярли бўлмагани учлик ҳимоямиз ва албатта, Шукуров – Ҳамробеков тандемининг ютуғидир.

5,5 та ўйин давомида дарвозамизга атиги 10 марта аниқ зарба берилди холос. Юсупов фақат 2 марта ростакамига кучли сейвни амалга оширди, қолган зарбалар у қадар хавфли эмасди. Ўтказиб юборган 3 голнинг бири шубҳали пеналтидан, бири узоқдан берилган зарба натижасида, яна бири дарвозабоннинг хатоси сабабли вужудга келди. Агар турнирда фақат 3 тадан кўп ўйинда қатнашган жамоаларни эътиборга олсак, бир ўйинда 2 аниқ зарба – бу кўрсаткич бўйича энг яхши жамоага айландик. Ҳатто Австралиядан ҳам яхшимиз – 13 та (тўғри, Австралия дарвозасига берилган 13 аниқ зарбанинг 9 таси Жанубий Кореяга қарши ўйинда бўлганини ҳам айтиб ўтиш керак. Биз кучли жамоалар билан ўйинларда ҳисобда олдинда бормадик, яъни бу сценарийда ўзимизни қандай тутишимиз маълум эмас).

Ҳимоя мустаҳкамланиши бирданига бир қатор яхши ҳимоячилар, масалан, Ҳусанов пайдо бўлиши билан қанчалик боғлиқ бўлса, айни дамдаги футболчилардан келиб чиқиб, схемамизни 3-4-3 га ўзгартирган ва қанотлардаги фаоллик ёрдамида мувозанатга эришган Катанецнинг ҳам ютуғи бўлиши мумкин.

Ҳа, баъзи жамоалар каби ҳужумдаги ўйинларда порламадик, агрессив ҳужумлар ва чиройли комбинациялар, айтайлик, Саудия Арабистони миллий жамоасидаги каби кўплаб бўлмагандир, аммо бу ҳолат танганинг иккинчи томони бўлмиш ҳимоядаги ишончли ўйинни суғурта қилганини инобатга олиш керак. Саралаш ўйинларида кучли рақиблар кўпроқ бўлади ва аввало, ҳимоянинг мустаҳкам бўлиши асосий қуроллардан бирига айланади. Ўз голимизни керак бўлса, албатта, топамиз. Австралия ҳам, Қатар ҳам буни тасдиқлаши мумкин.

Хулоса

 

Турнирдаги иштирокни қониқарлидан бироз юқорироқ баҳолаш мумкин. Ким учундир миллий жамоада кузатилган ижобий ҳолатлар муҳим, кимдир янада қатъийроқ талаблар ёки каттароқ умидлар оқибатида хатолар ҳақида кўпроқ ўйлаши ҳам мумкин, бу табиий. Аммо миллий жамоанинг кейинги тақдирини белгилаш нуқтайи назаридан қараганда, Осиё чемпионатига умумий циклнинг якуни сифатида қарамаган бўлардим.

Яъни мусобақадаги турли асослардан келиб чиқиб, Сречко Катанецнинг истеъфосини илгари суриш жуда нотўғри бўларди, деб ўйлайман. Ўз олдига жаҳон чемпионатига чиқишни мақсад қилган ҳар қандай жамоа қитъа чемпионатини тайёргарликнинг бир босқичи сифатида қарайди. Биз ҳам ҳеч қачон, Ливандаги яққол муваффақиятсизликни ҳисобга олмасак, бош мураббийни бу паллада алмаштирмаганмиз. Чемпионликни мақсад қилиб келган ва биздан анча кучли таркибга эга бўлиб, якунда финалга чиқа олмаган Корея ёки Япония учун натижа яққол муваффақиятсизлик сифатида тан олинса-да, айнан шу паллада мураббийни алмаштириш ҳақида ўйлаб кўришмаса керак.

Қатардаги турнир ўзига яраша жиддий тест бўлиб, камчиликларни аниқлаб олиш, саралаш ўйинларида такрорламаслик, жиддий юкламалар остида турли тактика ва футболчиларни синовдан ўтказишда қўл келади. Агар мураббий ва футболчилар ўртасида аниқ кўриниб турган жарлик юзага келмаса, мураббий режалари қисман майдонда амалий томонини топаётган бўлса, кўрсатмалар тушунарли бўлиб, якуний картина учун тасаввур пайдо қилаётган бўлса, охиригача қўйиб бериш керак. Ўйлайманки, Катанецнинг жамоаси айниқса, тўлиқ таркиб билан қийинроқ вазифаларни бажаришга қодир эканини исботлагандек.

Бажара олмади, лекин қодир эканини кўрсатди. Бу мураббийга ишониш учун етарли сабаб ҳозирча.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид