Жаҳон | 19:37 / 01.06.2026
2234
4 дақиқада ўқилади

Россияда ёқилғи ишлаб чиқариш 2009 йилги даражага тушиб кетди

Мария Семенова / SIPA / Scanpix / LETA

Украина дронлари май ойида Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига камида 16 марта зарба йўллади. Bloomberg баҳолашига кўра, бу Россия ва Украина ўртасидаги катта уруш давридаги рекорд кўрсаткич саналади.

Нашрнинг қайд этишича, сўнгги ой давомида зарба остида қолган энергетик объектлардан камида саккизтаси Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводлари ўнталигига киради. Хусусан, Ярославлдаги «Славнефт-ЯНОС» заводига уч марта, «Лукойл»нинг Перм ва Нижний Новгороддаги заводларига эса икки мартадан ҳужум қилинган.

Россия нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқариш ҳажми 2009 йилдан кейинги даврдаги минимум кўрсаткичга тушиб кетган. OilX таҳлилий фирмаси ҳисоб-китобларига кўра, май ойидаги ўртача қиймати кунига 4,58 миллион баррелни ташкил этиши кутилмоқда. Бу эса ўтган йилнинг шу давридаги ўртача кунлик кўрсаткичдан тахминан 700 минг баррел (ёки 13 фоизга) кам ва 2009 йил октябр ойидан бери энг паст кўрсаткичдир.

Берлиндаги Россия ва Евросиёни ўрганиш бўйича Карнеги маркази катта илмий ходими Сергей Вакуленконинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Украина қуролли кучлари нафақат нефтни қайта ишлаш заводларига келадиган барча нефтни дистилляция қиладиган қурилмаларга, балки таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш учун мураккаброқ бўлган иккиламчи қайта ишлаш қурилмаларига ҳам тез-тез зарба бера бошлади.

Украина ҳарбийлари экспорт терминаллари ва нефт қувурлари инфратузилмаси, шунингдек, ёқилғи базаларини ҳам нишонга олмоқда. Умуман олганда, май ойида Россиянинг нефт инфратузилмаси объектларига камида 30 та дрон ҳужуми қайд этилган.

Агар Россия ёқилғи инқирози такрорланишининг олдини олиш учун кўпроқ ёқилғи ишлаб чиқариш ва сақлашга қарор қиладиган бўлса, қувватлар ва сақлаш ҳажми қисқаргани ҳисобга олинса, бу қийинроқ бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Вакуленко.

Шу билан бирга, Bloomberg таъкидлаганидек, Россия Ҳўрмуз бўғозидаги вазият туфайли дунёдаги энергия тақчиллиги шароитида хом нефт экспортини оширган.

Бироқ ҳозирча бу омиллар Россияда ўткир ёқилғи инқирозига олиб келмади. 1 июн ҳолатига кўра, фақат Қримда бензин савдосига чекловлар жорий этилган.

Йил бошидан буён Россияда бензин нархи ўртача 2 рублдан сал кўпроқ ошди. Бироқ, нашр таъкидлашича, жиддий ўсиш бўлмагани кўплаб ёқилғи қуйиш шохобчалари ўз ёқилғисига эга бўлган ва давлат субсидияларидан фойдаланадиган йирик ишлаб чиқарувчиларга тегишли экани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

22 май куни «Новая газета Европа» Россияда ёқилғи савдосининг қарийб 40 фоизини ташкил этувчи мустақил ёқилғи қуйиш шохобчалари бензин захираларини тўлдира олмаётгани ҳақида ёзган эди. Нашр манбалари таъкидлашича, ёқилғини ўзи қазиб оладиган, ишлаб чиқарадиган ва сотадиган йирик нефт компаниялари нефтни қайта ишлаш заводлари тўхташи туфайли Санкт-Петербургдаги биржада нефт маҳсулотларини сотишни деярли тўхтатган – улар ҳамма маҳсулотни ўз ёқилғи қуйиш шохобчаларига йўналтирмоқда.

Шунингдек, 1 апрелдан Россиядан бензин экспорт қилишга тақиқ қўйилган. 1 июндан эътиборан РФ ҳукумати илк бор авиация керосини экспортини ҳам тақиқлади.

Шу билан бирга, Кремлдагилар нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар туфайли Россияда ёқилғи инқирози хавфи йўқлигини таъкидламоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 21 май куни журналистларга ёқилғи ишлаб чиқаришнинг қисқариши «мавсумий профилактика ишлари» билан боғлиқлигини айтди. «Бутун ёқилғи баланси ҳисоблаб чиқилган ва зарур компенсация тизимига эга», – деди у ва энергетика вазирлиги «бу масалани доимий назоратда ушлаб туриши»ни қўшимча қилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид