Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркий давлатлар ташкилоти: Аъзолар чуқур интеграцияга кириша оладими?
11 ноябр куни Самарқанд шаҳри Туркий давлатлар ташкилоти саммитига мезбонлик қилади. Туркий кенгаш ўрнида тузилган ташкилотнинг илк саммити Марказий Осиё ва Самарқандда ўтаётгани эътиборга молик.
Хўш, Самарқанд саммити кун тартибидан қандай масалалар муҳокамаси ўрин олган? Бугун бу ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрни қандай ва унинг ўзи сингари бошқа бирликлардан сустроқ фаолиятига нималар сабаб бўляпти?
Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволлар билан Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ва сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовни суҳбатга таклиф қилди.
– Дастлаб бу ташкилот ва бир йил аввал Туркиянинг “Демократия ва Озодлик” оролида ўтилган янги босқич билан унинг мазмунида нималар ўзгаргани ҳақида фикрларингизни билмоқчиман.
Ташкилот бугун ва истиқболда ўз аъзоларига нималар беради? Унинг якуний мақсади аниқ белгилаб олинганми? Шунингдек, унда интеграцияни чуқурлаштириш борасидаги асослар қанчалик мустаҳкам қўйилган?
Мирвоҳид Азимов:
– Дарҳақиқат, 11 ноябр куни Туркий давлатлар ташкилоти номини ўзгартиргандан кейинги илк саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унинг аҳамияти шундаки, бу саммит биринчи бор Ўзбекистон ҳудудида ўтказилмоқда. Ташкилот ҳақида гапирадиган бўлсак, у умумий тил, анъанавий ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлик асосида қурилган бўлса-да, бугунги кунда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг самарали бирлигига айланди. Ташкилотнинг ривожланиш босқичларини учга бўлиш мумкин. Ўзбекистон мустақилликка эришган вақтларда, яъни 1992 йил Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммити бўлиб ўтади. 2009 йилгача бу давлат раҳбарлари саммити сифатида фаолият юритади. 2009 йил ташкилот ривожланишининг иккинчи босқичи деб аталади ва бу даврда Нахичеван битими имзоланади. Унга асосан туркий тилли давлатлар кенгаши халқаро ташкилот сифатида ташкил қилинади ва унинг низоми тасдиқланади.

Ўзбекистон 2019 йилда ушбу кенгашга тўлақонли аъзо сифатида қўшилади. Ўтган йилги Истанбул саммитида бу ташкилот номини Туркий давлатлар ташкилоти дея ўзгартиради. Бунинг ўзига хос рамзий маънолари мавжуд. Истанбул саммитида нафақат ташкилот номи ўзгарди, балки мазмун жиҳатдан ҳам ўзгаришлар бўлди. Туркий дунё нигоҳи деб номланган 2040 йилга мўлжалланган стратегик ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳужжатда олдимизга қўйилган мақсадлар тўрт соҳага мўлжаллаб, аниқ-равшан қилиб қўйилди. Булар сиёсий, савдо-иқтисодий, халқлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ва халқаро ҳамжамият билан туркий давлатларнинг алоқаларидир. Бу ташкилотнинг асосий вазифаси туркий давлатлар ўртасида турли соҳада алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ишонч муҳитини шакллантириш ва халқаро муносабатларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашдан иборат.
– Камолиддин ака, сиёсий таҳлилчилар наздида қандай ташкилот Туркий давлатлар ташкилоти?
Камолиддин Роббимов:

– Авваламбор, макро даврга баҳо бериш керак. Яъни локализм даврини тугатиб, глобализм даврига кириб келдик. Бундан кейин инсониятнинг борган сари ўзликлар асосида тақсимланиши эмас, ўзликлар асосида борган сари яқинлашуви кузатилади. Лекин славян дунёсида бугун парчаланиш кетяпти. Масалан, Россия билан Украина ўртасидаги зиддият ва қарашлар геосиёсий жиҳатдан бир-бирини бутунлай инкор этади. Ёки баъзи бир давлат цивилизациялари мавжуд. Масалан, Ҳиндистон ҳам, Хитой ҳам алоҳида цивилизациявий давлат. Евросиё дунёдаги энг катта материк ва ўша материкдаги энг катта халқлардан бири бу дунё туркийларидир.
ХХ аср туркийлар учун фожиа асри бўлди. Чунки Туркиядан ташқари барча туркий давлатлар истило қилинди. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари ҳам дастлаб чор Россияси, кейинроқ совет иттифоқига ўзининг мустақиллиги ва эркини топшириб қўйди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг еттита туркий давлатлар ўзаро бирлашиб, мана ташкилотни тузишди. Ўзбекистонда фундаментал ўзгаришлар иккинчи маъмурият давридан бошланади. Чунки биринчи маъмурият даврида, яъни 90 йилларнинг бошида турк давлатлари билан муносабатларимиз илиқ эди. Маълум бир зиддиятлар сабабли Ўзбекистон бу муносабатларни чеклади.
Бугунги кундаги асосий мақсад, имкониятларни бирлаштириш ва бирлашган имкониятлар фонида ўзликни сақлаш ва парваришлар вазифаси қўйилади. Европа иттифоқининг оҳангига эътибор берадиган бўлсангиз, улар доим бир оҳангни тарғиб қилади. Яъни 1 млрд аҳолиси бор Хитой билан рақобатда бўлишимиз учун биз кучли Европа Иттифоқи бўлишимиз керак.
Туркий давлатлар ташкилотида ўта қудратли бўлган ва ҳаммага таъсир ўтказадиган давлатлар мавжуд эмас. Бу ерда биродарлик, тарихий ўзлик ва ҳамкорликка бўлган эҳтиёж ҳақиқатан ҳам кучли. Туркий давлатларнинг ҳамкорлиги тарихий вазият тақозо қиладиган бир ҳолат. Бу давлатларнинг ҳар бирида кучли ва бошқаларга эҳтиёжлари бўлган нуқталар мавжуд.
– Абдулла ака, бу ташкилотда йирик иқтисодий интеграциянинг келажаги қандай?
Абдулла Абдуқодиров:

– Биз туркий давлатлар ҳамжиҳатлиги тўғрисида гапирар эканмиз, гап 300 млн аҳоли ҳақида кетяпти? Бу 92 миллат ва элатларнинг потенциали деганини англатади. Бундан ташқари, Марказий Осиёда туркий давлатларнинг кучайишига ҳамма томондан қаршилик бўлса бўладики, ҳеч ким томонидан ёрдам кўрсатилмайди. Аммо ўзимиз қўшни давлатлар билан биргаликда Марказий Осиё тушунчасини юксалтиришга кўпроқ урғу беришимиз керак. Туркий давлатлар ташкилотининг низомида шундай дейилганки, гап ҳозир 90 йиллар ҳақида бормоқда. Бу даврда барча туркий давлатлар қатори Туркиянинг ўзида ҳам мўътадиллик бўлмаган. Шу даврда ташкилотнинг асосий вазифаси терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашга қаратилган. Иккинчиси савдо-иқтисодий ва учинчиси, маданий жиҳатга катта урғу беришган. Туркий давлатлар ўртасида асосий хавф бу ИШИДдан келиб чиқади. Сепаратизм масаласига туркий давлатлар дуч келишгани йўқ.
Иқтисодий жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, сир эмаски, Хитой ва Россиядан кейин Туркия биз учун асосий иқтисодий ҳамкорлардан бири. 2019 йилги Туркиянинг бир ҳисоботида виза карталар бўйича айланмалар борасида Ўзбекистон Россиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Яъни Туркияга бориб пул сарфлаган ўзбеклар Россиядан кейинги иккинчи ўринни банд этган. Бунинг ўзидан кўриниб турибдики, икки давлат ўртасидаги алмашинув потенциали жуда ҳам катта.
Бугунги кунда Нахичеван коридори туркий давлатларни тўғридан тўғри боғлаши билан жуда аҳамиятга эга. Иккинчидан томондан, логистик масаласида учрайдиган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш учун бу мамлакатларда имкониятлар бисёр. Бунга жуда оптимистик кайфиятда қарайман.
Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
16:37 / 17.04.2026
«Агрессив оҳанг юқориламоқда» — сиёсатшунос Путиннинг янги қонуни ҳақида
19:05 / 21.02.2026
Халқни қўрқитишга асосланган бошқарув – давлатни заифлаштиради
16:53 / 20.02.2026
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов “Эркин миллат пойдевори” номли китобини тақдим этди
11:28 / 31.12.2025